«CAFA National Cup». Ўзбекистон кучлироқми ёки Эрон?

Фото: ЎФА
Бугун, 8 сентябрь куни Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилаётган «CAFA National Cup» мусобақасининг финал ўйини бўлиб ўтади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу ўйинда амалдаги чемпион Эрон термаси билан куч синашади. Қуйида бугун ўйин олдидан иккала жамоани ўзаро таққослаб кўрамиз.
Умумий кўрсаткичлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингда 1449,12 балл жамғарган ҳолда 55-ўринни эгаллаб турибди. Бу айни пайтда Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканлигини билдиради.
Эрон терма жамоаси эса айни пайтда FIFA рейтингида 1624,3 балл тўплаган ҳолда 20-ўринни эгаллаб турибди. Бу ўз навбатида эронликлар Осиё миқёсида 2-ўринда эканликларини билдиради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси «CAFA National Cup» турнирида шу вақтга қадар 7 та ўйин ўтказган. Уларнинг 5 таси терма жамоанинг ғалабаси билан якунланган, 1 та баҳсда эса мағлубият қайд этилган. Яна битта ўйин дуранг натижаси билан тугаган.
Эрон термаси эса мусобақа доирасида жами 6 та ўйин ўтказган ва ушбу ўйинларнинг барчасида ғалаба қозонган. Жамоа мусобақанинг амалдаги чемпиони ҳисобланади.
Мураббийлар
Ҳар икки жамоани айни вақтда маҳаллий мутахассислар бошқармоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоасида Тимур Кападзе, Эрон жамоасида эса Амир Галеноий фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзенинг ушбу жамоани қабул қилиб олганига кўп бўлмади. Амир Ғаленоий эса 2023 йилнинг март ойидан бери Эрон термасига устозлик қилиб келмоқда.
Амир Ғаленоий 1963 йилнинг 22 ноябрь санасида Эрон мамлакати пойтахти Теҳрон шаҳрида туғилган. У футболчи сифатида 1981–1997 йилларда «Раҳ Аҳан», «Шаҳин», «Истиқлол Теҳрон» ва Қатарнинг «Ал-Садд» жамоаларида фаолият олиб борган. Эрон миллий терма жамоасида 20 дан ортиқ ўйинда майдонга тушган.
Мутахассис 1999 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган. Қизиғи, у мураббийлик фаолиятини бошлаган йилдан 1 йил олдин, айни вақтда Ўзбекистон термасини бошқараётган Тимур Кападзе футболчилик фаолиятини бошлаган эди.
Ғаленоий мураббий сифатида «Кешаварз», «Барғ Теҳрон», «Истиқлол Теҳрон», «Мес Керман», «Сепахон», «Трактор», «Зоб Аҳан», «Гол Гоҳар» каби клубларда ишлаган.
Амир Ғаленоий Эрон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида 53 та ўйин ўтказган ва ушбу баҳсларнинг 37 таси форсларнинг ғалабаси билан якунланган. 13 та ўйин дуранг натижа қайд этилган ва атиги 3 та ўйинда жамоа мағлубиятга учраган.
Амир Ғаленоий мураббий сифатида 5 карра Эрон Олий лигасида, 2 карра «Ҳазфи кубоги» турнирида чемпион бўлган. 5 марта Эронда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
Сўнгги вақтларда маҳаллий журналистлар ва мухлислар Эрон футбол федерациясидан Амир Ғаленоийни истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳаракат 2024 йилги Осиё чемпионатидан сўнг янада кучайди.
Шунингдек, Эрон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашини биринчи ўрин билан якунлаган бўлса-да, жуда заиф ўйин кўрсатди. Ўзбекистон миллий терма жамоасини мағлуб эта олмади. Шимолий Корея ва Қирғиз Республикаси устидан катта қийинчиликлар билан ғалабага эришди.
Амир Ғаленоийнинг тактик қарашлари асосан реалистик ва прагматик футболга асосланган бўлиб, рақибга қарши ўйинни ўқиш ва натижа учун ўйнаш устувор ҳисобланади. Ғаленоий жамоалари кўпинча 4-2-3-1 ёки 4-1-4-1 тизимида ўйнайди.
Марказий ярим ҳимояда «double pivot» (икки таянч) қўллаб, рақиб прессингини синдириш ва қарши ҳужум учун жой қолдиришга эътибор беради.
Эрон терма жамоасининг тезкор қанотлари ва кучли марказий ҳужумчилари (масалан, Меҳди Таремий ёки Сардор Азмун) орқали кескин қарши ҳужумлар ташкил қилинади. Тўпни эгаллаш фоизи кам бўлиши мумкин, аммо самарадорлик юқори бўлади.
Футболчилар
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзагини ташкил этадиган футболчилар — легионерлар ҳисобланади. Терма жамоамиз етакчилари Англия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда тўп суришмоқда.
Эронда ҳам терма жамоа етакчиларининг асосий қисмини легионер футболчилар ташкил этишади. Жамоа таркибида Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Нидерландия, Россия, Греция каби мамлакатларда тўп сураётган футболчилар бор.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигаси 3-туридан ўрин олган «Брайтон» – «Манчестер Сити» ўйинида жароҳат олди ва ушбу мусобақада терма жамоага ёрдам бера олмайдиган бўлди. Шу боис энди Ўзбекистон терма жамоасининг айни вақтдаги энг қиммат футболчиси Аббосбек Файзуллаев ҳисобланади. «Transfermarkt» портали уни 8 миллион еврога баҳоламоқда.
Эрон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси эса «Transfermarkt» портали маълумотларига кўра, Сардор Азмун ҳисобланади. Унинг нархи 8 миллион еврога баҳоланган. Бироқ ушбу футболчи турнирга келгани йўқ. Шу тариқа Эроннинг ҳозирги таркибидаги энг қиммат футболчиси Меҳди Тареми. Грециянинг «Олимпиякос» клубида фаолият олиб бораётган ушбу футболчи «Transfermarkt» портали томонидан 3,5 миллион еврога баҳоланган.
Ўзаро ўйинлар статистикаси
Ўзаро ўйинлар статистикаси эса айни вақтда Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларини яхшигина хафа қиладиган ҳолатда. Ушбу жамоалар шу вақтга қадар, турли мусобақалар доирасида 16 бор тўқнаш келган ва ушбу ўйинларнинг 10 тасида Эрон миллий терма жамоаси ғалаба қозонган. 5 та ўйинда, хусусан жамоаларнинг сўнгги 4 та ўйинида дуранг натижа қайд этилган. 1 тагина ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабаси билан якунланган.
Жамоалар сўнгги бор 2025 йилнинг 25 март куни Теҳронда тўқнаш келди. Ушбу ўйин 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди ва Эрон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати масаласини ижобий ҳал қилди.
Жамоаларнинг финалдаги имкониятлари
Айни вақтда ҳар икки жамоа тенг ҳолатда дейиш мумкин. Ҳар икки жамоа таркибида йўқотишлар бор. Жумладан, Эрон термасига мусобақада Саид Иззатуллоҳи, Меҳди Ғайеди, Алиризо Бейранванд ва Сардор Азмун каби футболчилар ёрдам бера олишмаяпти.
Ўзбекистон терма жамоасида эса Жалолиддин Машарипов, Рустам Ашурматов, Абдуқодир Ҳусанов каби футболчилар жароҳати туфайли мусобақа қайдномасига киритилмади.
Шундай экан Эроннинг ҳужумида, Ўзбекистон ҳимоясида муаммолар бор. Ўйин Тошкентда ўтиши Ўзбекистон миллий терма жамоасига устунлик беради. Тимур Тоҳирович жамоаси ушбу устунликдан фойдалана оладими ёки йўқ? Бугун билиб оламиз.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг