«CAFA National Cup» мусобақаси бошланишига 4 кун қолди

16:49 25 Август 2025 Спорт
217 0

Шу йилнинг 29 августидан 8 сентябрига қадар Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатларида Марказий Осиё футбол ассоциацияси (яъни CAFA) томонидан «CAFA National Cup» мусобақаси ташкил этилади.

Бугун ушбу мусобақа формати, тарихи ва бошқа жиҳатларига тўхталамиз.

Мусобақа тарихи

2015 йилнинг июнь ойида Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси, Афғонистон, шунингдек, Эрон Ислом Республикаси мамлакатлари футбол федерациялари томонидан ушбу минтақадаги футболни янада ривожлантириш мақсадида CAFA ташкилоти тузилди. Ташкилот ўз олдига Марказий Осиё мамлакатлари футболи ривожи, халқаро мусобақалар ташкил қилиш, ёшлар ва аёллар футболини қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни белгилади.

2022 йилга қадар CAFA томонидан U-17, U-20, U-23 ёш тоифалари бўйича ҳам йигитлар, ҳам қизлар ўртасидаги чемпионатлар ўтказилди. Шунингдек, ташкилот футзал бўйича ҳам минтақада кўплаб турнирлар ташкил қилди.

Аммо ушбу 6 мамлакат футбол мухлисларининг бошқа азалий орзуси бор эди. У ҳам бўлса, айнан ташкилотга аъзо мамлакатлар миллий терма жамоалари ўртасида мусобақа ўтказиш.

Ушбу орзуга кўплаб саъй-ҳаракатлардан сўнг 2023 йилда эришилди. Ўшанда Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси мамлакатларида ташкилотга аъзо 6 та мамлакат, шунингдек, Уммон Султонлиги терма жамоаси иштирокида «CAFA National Cup 2023» мусобақаси ўтказилди. Финал «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтди ва унда Эрон терма жамоаси Сардор Азмун киритган ягона гол эвазига Ўзбекистондан устун келди. Шундан сўнг, ташкилот ушбу турнирни ҳар 2 йилда бир бор ўтказишни ўз низомига киритди.

2025 йилги мусобақа

2025 йилнинг апрель ойида Марказий Осиё футбол ассоциацияси CAFAʼнинг 10 йиллигига бағишлаб ушбу турнирни август-сентябр ойларида 8 та жамоа билан ўтказишини эълон қилди. Унга кўра, мусобақада ташкилотга аъзо 6 та мамлакатдан ташқари яна 2 та меҳмон жамоа иштирок этиши белгиланди.

Малайзия

Дастлаб, мусобақада қатнашиш учун Малайзия таклиф этилди. Терма жамоа бу таклифни қабул қилди. Ҳаттоки, Малайзиянинг «Astro Arena» телеканали мусобақаларни трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олди.

Аммо якунда Малайзия футбол ассоциацияси қуйидаги баёнот билан чиқди:

«Бизнинг терма жамоа футболчилари Испания, Аргентина, Колумбия ва Япония каби мамлакатлар лигаларида тўп тепишади. Уларни FIFA кунидан олдинроқ Тожикистонга етказиб бориш жуда қийин. Мусобақанинг FIFA кунидан олдин ўтказилиши логистика, тикланиш ва бюджетга таъсир қилади. Мусобақага тўлиқ бўлмаган таркиб билан боришга қаршиман.

Биз сентябр ойида яхши тайёргарлик кўриб, октябр ва ноябр ойларидаги муҳим ўйинларга яхши ҳолатда бормоқчимиз. CAFA мусобақасининг ўрнига биз сентябр ойида Куала-Лумпурда йиғин ўтказамиз ва бу йиғин Осиё кубоги саралаш баҳсларидан олдин жуда муҳим аҳамият касб этади».

Бу баёнотга эса Марказий Осиё футбол ассоциацияси қуйидагича раддия берди:

«Малайзия ушбу турнирда қатнашишини олдиндан тасдиқлаган эди. Турнир санаси – 2025 йил 29 августдан 8 сентябргача – аввалроқ белгиланган бўлиб, саналар ўзгариши кўзда тутилмаган. CAFA турнирни юқори савияда ва рақобатбардош тарзда ўтказиш мажбуриятига содиқ қолади ҳамда иштирок этаётган барча миллий жамоаларга самимий миннатдорчилик билдиради».

Қуръа ташлаш

2025 йилнинг 3 июль куни мусобақанинг гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Қуръа олдидан мезбон бўлгани учун «А» гуруҳига Ўзбекистон, «B» гуруҳига Тожикистон жойланди.

Қуръа натижалари қуйидагича бўлди:

«А» гуруҳи

Ўзбекистон

Қирғиз Республикаси

Туркманистон

Уммон Султонлиги

«B» гуруҳи

Тожикистон

Эрон

Афғонистон

Ҳиндистон

Малайзия жамоаси мусобақада иштирок этишдан бош тортганидан сўнг, унинг ўрнига Ҳиндистон термаси жалб этилди.

Мусобақа ўтадиган майдонлар

Тожикистонда ўтадиган гуруҳ босқичи ўйинлари 20 минг ўриндиққа эга Ҳисордаги «Ҳисор марказий стадиони»да бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мезбонлиги остидаги ўйинлар эса дастлаб «Пахтакор» ва «Бунёдкор» стадионларида бўлиши режалаштирилганди. Аммо, «Пахтакор» стадиони мусобақагача тайёр бўлмади. «Бунёдкор» стадиони эса мусобақа арафасида машҳур хонанда Женнифер Лопеснинг концерт дастурига мезбонлик қилди. Шундан сўнг, майдон майсаси қайта тикланмади.

ЎФА матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон миллий жамоаси иштирокидаги ўйинлар Олимпия шаҳарчасида жойлашган стадионда ўтказилади ва соат 19:30 да бошланади. Гуруҳдаги бошқа баҳслар «ЖАР» стадионида бўлиб ўтади.

8 сентябр кунги финал учрашувига ҳам «Олимпия» стадиони мезбонлик қилади.

Мусобақа санаси

«CAFA National Cup» мусобақасининг «B» гуруҳи ўйинлари 29 августдан 4 сентябргача бўлиб ўтади. «A» гуруҳи баҳслари эса 30 августдан 5 сентябргача ташкил этилиши режалаштирилган.

8 сентябрь куни Ҳисорда 3-ўрин учун ташкил этиладиган баҳс бўлиб ўтади. Худди ўша куни Тошкент шаҳрида мусобақа финалига старт берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?