Бюджетни қонун кўринишида қабул қилишнинг муҳимлиги нимада?

10:53 25 Ноябрь 2020 Сиёсат
838 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Парламент аъзоларига қонун лойиҳаси билан бирга 2022–2023 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози ҳам тақдим этилди.

«Бюджетни қонун кўринишида қабул қилиш ва ижросини таъминлашнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу жараёнда маҳаллий Кенгашларнинг роли ва мустақиллиги борган сари ошиб боряпти. Улар томонидан солиқ ва бюджет сиёсатига доир таклиф ва тавсияларнинг аксарияти муҳокама қилинаётган лойиҳада ўз аксини топаётгани диққатга сазовор», — деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов

Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига коронавирус пандемияси даврида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ваколати берилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга юқори турувчи бюджетлардан ажратилиши режалаштирилган бюджетлараро трансфертлар миқдорларини инобатга олиб, тегишли маҳаллий бюджетлар лойиҳалари баланслилигини таъминлаган ҳолда навбатдаги йил учун тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадлар ва харажатлар прогнозларига тенг миқдорда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.

«Бундан 4-5 йил олдинги давр билан солиштирсак, бюджет лойиҳаси тайёрланаётганда маҳаллий ҳокимиятлар бюджет даромадлари ва харажатлари бўйича таклиф ҳам беролмасди, берса ҳам ҳеч ким уни инобатга олмасди. Ҳозир вазият тубдан ўзгарганлигини 2021 йил учун Давлат бюджети қонун лойиҳасининг 3 бобида яққол кўришимиз мумкин. Ушбу бобда бюджетлараро муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари тўлиқ очиб берилган», — деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов

Халқ вакилларининг Давлат бюджети лойиҳаси юзасидан берган саволларига Ҳукумат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари атрофлича жавоб қайтардилар, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?