Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Глобал инвестиция форуми бошланди

13:48 17 Октябр 2023 Welcome to uzbekistan
5203 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, «Халқ сўзи»

Самарқандадаги “Silk road Samarqand” халқаро туризм маркази комплексининг “Экспомарказ”ида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Глобал инвестиция форуми ва кўргазма иш бошлади.

Инвестиция форумида вазирлар, ҳалқаро молия институтлари раҳбарлари даражасида муҳокамалар, 5 та панель сессияси, 22 та тақдимот ўтказиш режалаштирилган.

“Экспомарказ”даги 4200 кв.м майдонда Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудининг туристик-инвестицион салоҳиятини акс эттирувчи стендлар, 3 та туристик-рекреацион зона - Зомин, Чорвоқ, Чимён ҳудудларининг, Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг, шунингдек, Япония, Чехия, Франция ва Бразилиянинг 4 та стартап лойиҳасининг ҳамда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекистон аэропортлари” АЖ ва “Узбекистан вертолётлари” МЧЖларининг стендлари ташкил этилган.

Бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ давлатдан 634 вакил, шу жумладан, 122 та йирик хорижий инвестор ҳамда 540 га яқин йирик маҳаллий компаниялар Бош Ассамблеянинг расмий веб-сайтидаги махсус ҳавола орқали рўйхатдан ўтиб иштирок этишини маълум қилган.

Форум доирасида умумий қиймати 2 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар манзилли рўйхати шакллантирилиб,  инвесторларга  тақдим этилди.

“Экспомарказ”даги Глобал инвестиция форуми ва кўргазма 18 октябргача давом этади.

Инвестиция форуми ва кўргазма доирасида унинг бошланишиданоқ бизни вилоятдан келган биргина тур компаниянинг ўзи Европанинг иккита давлати ва Хитой ҳамда Россия билан 32 миллион долларлик шартнома имзолади, - дейди Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Ахмедов. -  Бу давлатимиз раҳбарининг туризм ривожига бераётган эътибори боис мана шундай нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтаётгани ҳамда унда бутун дунёдан  соҳа мутахасисларининг шу ерда жам бўлгани натижаси деб ўйлайман. Албатта биз энди маррани яна ҳам катта олиб, бундан унумли фойдаланишни олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Фарғона вилоятида 2024-йилда хорижлик сайёҳлар сонини 500 минг нафарга етказиш, маҳаллий сайёҳлар сонини 3 миллионга етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Бунинг учун бугунги яратилган мана шундай имкониятдан юқори даражада фойдаланиб, хорижий тур компаниялар ва инвесторлар билан кўплаб келишувларга эришамиз деб ўйлайман. Шу боис бу ерда Фарғонанинг туристик салоҳиятини кенг намойиш этишга ҳаракат қиляпмиз.

Бош Ассамблеянинг 25-сессияси доирасидаги Инвестиция форуми Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги инвестициявий салоҳияти юқори бўлган объектлар, ҳудудлар, лойиҳалар йирик хорижий инвесторларга тақдим этилиши, юртимизга фаол мақсадли ва манзилли инвестициялар жалб этилиши бўйича кўплаб муҳим бизнес келишувларига эришилиши кўзда тутилмоқда. Форум туризм секторидаги имкониятларни ўрганиш учун глобал манфаатдор томонларни, саноат раҳбарларини ва инвесторларни бирлаштиради ҳамда мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини намойиш этиш, шунингдек иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Инвестфорумдаги асосий сессиялар давомида мамлакатимизнинг сармоявий муҳити ҳақида жаҳон жамоатчилигида ижобий фикрни шакллантириш, йирик хорижий инвесторларда Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқишни ошириш мақсади кўзланган. Тадбир якунига кўра, мамлакатимизга киритиладиган инвестициялар кўламини ошириш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш, юртимизнинг сармоявий салоҳиятини янада ошириш ва глобал миқёсда секторлар бўйлаб ҳамкорликни кучайтиришга эришиш кутилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?