Бунинг учун зарур маблағни топиш шунча қийинми? – Президент айрим журналлар обунаси камлиги ҳақида гапирди

19:41 19 Январь 2021 Сиёсат
1515 0

Пойтахтимизда Президентимиз раислигида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

ЎзАнинг ёзишича, миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида, «Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этилиши айтилган.

Жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади.

Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми республика миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.

Йиғилишда бугун «Тафаккур», «Маънавий ҳаёт», «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи» каби журналларимиз обуначилар камлиги туфайли жуда кам тиражда нашр этилаётгани таассуф билан қайд этилди.

Агар ҳар бир мактаб, коллеж, техникум, олий ўқув юрти кутубхонасига биттадан журнал бепул етиб борса ҳам, уларнинг тиражи камида 10 мингдан ортиқ бўлади.

– Бунинг учун зарур маблағни топиш шунча қийинми? Бу журналларни ўқимаган ёшларимизни қандай қилиб маънавий етук инсон сифатида тарбиялаймиз, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда тегишли вазирлик масъулларига юқорида қайд этилган нашрлар ҳар бир ўқув даргоҳига етиб боришини таъминлаш чораларини кўриш вазифалари топширилди.

Тарғиботнинг илмий асосланган замонавий технологиялари, янги шаклларини, таҳдидларга қарши самарали кураш усулларини ишлаб чиқиш вақти келгани алоҳида таъкидланди.

– Такрор айтаман – илмга асосланмаган соҳанинг келажаги бўлмайди. Бироқ шу пайтгача маънавият ва маърифат йўналиши илмий ихтисослик сифатида фанлар классификаторига киритилмаган. Соҳадаги камчиликларнинг асосий сабабларидан бири ҳам шунда, – деди Президент.

2021 йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш вазифаси белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?