Бухоронинг тарихий қиёфаси сақлаб қолинадими?

19:12 12 Февраль 2021 Жамият
3604 0

Юртимизнинг ноёб маданий мерос объектларини, қадамжоларни кўриш, зиёрат қилиш учун дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан сайёҳлар келишади.

Майдони 216 гектар, муҳофаза ҳудуди 339 гектарни ташкил этган “Бухоро тарихий маркази” хорижий меҳмонлар энг кўп ташриф буюрадиган ана шундай қадимий гўшалардан биридир. Мазкур ҳудуд ЮНЕСКОнинг 1993 йилда бўлиб ўтган 17-сессиясида Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Фуқаролик мажбуриятини ҳис этяпмизми?

— Юқоридаги каби ҳудуд ва ҳар бир маданий мерос объектини асраб-авайлаш, келажак авлодга уларнинг бемисл гўзаллигини сақлаган ҳолда етказиш, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида юртимизда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, — дейди вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод ­Маҳмудов. — Бунга мисол қилиб, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасини келтириш ­мумкин.

Мазкур моддада “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”, дея фуқароларимиз зиммасига мажбурият ­юклатилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар, уларнинг буфер зоналарида бино ва иншоотларни қуриш ёки бузиш бўйича лойиҳаларга Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос депар­таментининг Илмий-эксперт кенгаши ва ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси маркази томонидан ижобий хулосалар олинганидан сўнг қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳудудларда ноқонуний қурилиш ишлари аниқланган тақдирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-моддасига асосан фуқаролар БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахслар юз бараваридан юз эллик бараваригача жарима тўлашга ёки Жиноят кодексининг 132-моддасига асосан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

— Афсуски, маданий мерос объектлари ва “Бухоро тарихий маркази”ни асл ҳолида сақлаш ҳамда уни муҳофаза этишга доир кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлишига қарамай, айрим фуқаролар томонидан тегишли рухсатнома олмасдан туриб, ўзбошимчалик билан, миллий меъморчилигимизга мос келмайдиган дизайн асосида ноқонуний қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, — дейди мазкур бошқарма бош мутахассиси Шоҳаббос Шарофиддинов. — Шу ўринда бир неча мисол. Баҳоуддин ­Нақшбанд кўчасида яшовчи фуқаролардан бири Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ­билан олдиндан келишмасдан ўзига ­тегишли уйни бузиб янгисини қуришга киришган. Шу сабабли фуқарога нис­батан қонунда кўрсатилган тартибда жазо чоралари кўрилди.

Ёки 1636-1637 йилларда барпо этилган Мағоки Кўрпа масжидининг орқа томонида яшовчи фуқаро ўзига тегишли уйни бузиб, ўрнига Европа услубида уч қаватли бино қурганлиги аниқланди. Ҳозирги кунда унга нисбатан қонуний чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Ҳақиқат кўчасида жойлашган “Сўзангарон” меҳмонхонаси эгалари эса рухсат этилган баландликдан бир неча баробар оширган ҳолда иморат қуришгани аниқланди.

Маданий меросимизга, тарихимизга бефарқ, фуқаролик мажбуриятини унутган бундай кимсалар борлиги ачинарли, албатта.

Танганинг иккинчи томони ҳам бор

Баҳоуддин Нақшбанд кўчасидаги 134-уйда яшовчи Махфират Тўхсанова вилоят Маданий мерос бошқармасига мурожаат этди. Унинг маълум қилишича, “Бухоро маданий маркази” ҳудудида жойлашган ҳовлисининг девори қулаб тушган.

— Жуда ноқулай вазиятдамиз, — дейди у. — Иссиқ сувдан фойдалана олмаяпмиз. Чунки ҳожатхонаю ҳаммомга ҳам зиён етди. Деворни тезроқ қайта тикламасам қийналиб қоламиз. Бунинг учун рухсатнома керак. Шу масалада ёрдам сўраб келдим.

Бошқарма раҳбару мутахассислари мурожаатчига имкон қадар кўмаклашиш чора-тадбирини кўришди. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор, деганларидек, мабодо, Махфират Тўхсанова қулаган девору ҳожатхона ўрнида тамоман янги бино қуриш ниятида бўлса-чи? Унда масала анча чигаллашади. Негаки, бунинг учун Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг рухсати керак. Бундай рухсатни эса амалда ҳафталаб, ойлаб кутишга тўғри келмоқда. Бинобарин, оддий фуқаронинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, қурилиш ва таъмирлаш бўйича лойиҳаларни келишиш жараёни соддалаштирилса, уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тўловлар миқдори ҳам камайтирилса, айни муддао бўларди.

— “Бухоро тарихий маркази”даги объектларнинг 15, нари борса 20 фоизини тарихий ёдгорликлар ташкил этади, — дейди “АRC” меъморчилик фирмаси лойиҳа бош архитектори Зоиршоҳ Қиличев. — Қолгани эса аҳоли тураржойларидир. Бу уйларда яшовчилар замонавий шарт-шароитларда истиқомат қилишни хоҳлашади, албатта. Негаки, бу уйлар ёғочдан қурилган. Ваҳоланки, чўпкори уйлар 70 — 80, нари борса, 100 йилгача яроқли бўлади.

Ҳозирги кунга қадар тарихий обидалар реставрациясига, уларни таъмирлашга маблағ ажратиб келинмоқда. Аммо тарихий марказдаги эски уйларда яшовчилар негадир эътибордан четда қолишяпти. Ҳолбуки, мадраса-масжидлар, маҳобатли минораю карвонсаройлар қуриш ғояси айнан шу уйларда умргузаронлик қилган аждодларимиздан чиққан. Меъморчилик санъати илдизи шу қадимий уйларга бориб тақалади.

Бухоро меъморчилигида ўзидан ёрқин из қолдирган таниқли архитектор ­Маҳмуд Аҳмедовнинг шогирди саналган Зоиршоҳ ака тарихий шаҳарларимизнинг асл қиёфасини сақлаб қолиш юзасидан жуда кўп жўяли фикрларни ўртага ташлади.

— Бухорои шариф урбанизация жараёнини бошдан кечирган, ривожланган қадимий шаҳар ҳисобланади, — дейди у. — Бинобарин, бу каби қадимий кентларимизда иш бошлаётган масъуллар “Эски шаҳар нима дегани ўзи, нега уни ЮНЕСКО рўйхатга олган?” деган саволларни ўз олдига қўйиши, маълум бир билим ва малакага эга бўлиши зарур. “Бухоро тарихий маркази”даги қадимий уйларга қайтадиган бўлсак, уларни илмий изланишлар негизида ЮНЕСКО ­талабига мос равишда босқичма-бос­қич реконструкция, реставрация, ренавация қилиш, аҳолига имтиёзли кредит аж­ратиш чора-тадбирларини кўриш ­керак. ­Негаки, одамларнинг илмий реставрация қилиш учун қурби етмайди.

Шу ўринда бир савол туғилади: одамлар дейлик, нега Сочига боришади? Чунки у ерда сиҳатгоҳлар, пляжлар бор. Қора денгиз бўлмаганида у ерга ким борарди? Ҳеч ким. Инчунин, осориатиқаларимизни асл ҳолида сақлаш тўғрисида жиддий ўйлашимиз керак. Чунки хорижий сайёҳ “Бухородаги қадимий деворда сақланиб қолган бир парча нақшни кўраман”, деган мақсадда минглаб чақирим йўл босиб шаҳримизга келади. Агар шариф шаҳримизнинг асл қиёфасини сақлаб қолмасак, бу ерга сайёҳларнинг ташрифини кутиш мумкинми?!

Бухорога Бухорони кўргани келганди. Аммо...

— Яқинда Европадан келган сайёҳга ҳамроҳлик қилдим, — дейди таниш гидлардан бири. — Қадимий Арк, Лаби Ҳовуз, Пойи Калон, Ситораи Моҳи Хоссани мириқиб томоша қилган меҳмонимиз кутилмаганда янги шаҳарни ҳам кўрмоқ истагини билдирди.

Уни шаҳримизнинг яқинда қад ростлаган 7-мавзеси, унга ёндош 5-мавзесига олиб бордик. Ортга қайтаётганимизда сайёҳдан таассуротларини сўрадик. Сўрадигу тилимизни тишлаб қолдик. “Янги шаҳрингизни томоша қилгани беҳуда вақт сарфладим, — деди у. — Бу ерда миллий архитектура анъаналаридан асар ҳам йўқ экан”.

Ҳа, бу очиқ ва аччиқ гап эди!

Таассуфки, сайёҳнинг гапида жон бор. Чиндан ҳам, кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қад ростлаган ва ростлаётган гўшаларда миллий меъморчилигимизга хос унсурлар сезилмайди. Шарқона услуб кўзга ташланмайди. Улар кишига бир қолипдан тушган ғишт­ни эслатади. Ахир сайёҳ Бухорога совуқ ўлкаларнинг қайсидир бир шаҳри қиёфадошини эмас, Бухорони кўргани келади.

— Бу энг катта муаммоларимиздан бири, — дейди Зоиршоҳ Қиличев. — Агар ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, уларда янги қуриладиган ҳар бир уй тажрибали мутахассислар муҳокамасидан, баҳсу мунозарасидан ўтади. Кейин қурилади. Шу боис ўлароқ, дейлик, Сидней, Канберра, Дубай каби шаҳарлар сайёҳларни худди оҳанрабодек ўзига тортмоқда.

Биласиз, табиий иқлим ҳар қаерда ҳар хил. Агар уйлар маҳаллий иқлим шароитига мос, ҳавонинг иссиқ-совуқлиги, чангланиш даражаси ва бошқа шу каби омиллар инобатга олиниб қурилса, бизда ҳам ажойиб архитектура ҳосил бўлади. Афсуски, айрим “мутахассислар” алмисоқдан қолган уйлардан нусха олиб, кўп қаватли уйлар қуришда давом этмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, “АRC” меъморчилик фирмасида маҳаллий шарт-шароитга мос, ўзига хос дизайнга эга кўплаб лойиҳалар тайёрланган ва амалиётга татбиқ этилган. Фирма мутахассислари бизни уларнинг айримлари билан таништирди.

Дарҳақиқат, бу уйларда шарқона услуб бор. Уларнинг ҳатто томидан ҳам фойдаланиш мумкин. Яна бир эътиборли жиҳати, шу лойиҳа асосида бино қурилаётганида ён-атрофдаги бирорта дарахтга зиён етмаган.

«Ҳар бир уйнинг концепциясини ишлаб чиқяпмиз»

— Эски шаҳарни асл ҳолида сақлаб қолиш ҳам дардимиз, ҳам муаммомиз, — дейди Шерзод Маҳмудов. — Ҳозир вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар бир уйнинг концепциясини ишлаб чиқяпмиз. Ҳар бир оиланинг имконияти ўрганилмоқда. Кимдир яроқсиз аҳволга келган уйини бир қаватли, яна кимдир икки қаватли қилиб қайта тиклаши мумкин. Шунга аниқлик киритамиз. Лекин уйларнинг том қисми ташқи кўриниши бирхиллашади.

Фикримизча, ҳудуднинг Ўрта асрларга хос қиёфасини сақлаб қолиш учун маданий-маиший объектларга ҳам эътибор қаратиш зарур. Бу ҳақда бежиз тўхталмаяпмиз.

— Агар Арк қўрғони тепасидан назар ташласангиз, ён-атрофдаги айрим эски иншоотлар том қисми тунука билан қопланганини кўрасиз, — дейди меъмор ­Зоиршоҳ Қиличев. — Бу манзара кишига ажнабий шаҳарларни эслатади. Ваҳоланки, ўтган асрнинг 20-йилларида бу бинолар томи текис кўринишда эди. Бинобарин, иншоотлар том қисмини қадимий обидаларникига монанд ҳолга ­келтиришимиз зарур. Шунда уйғунлик, яхлит манзара ҳосил бўлади.

Яна бир мулоҳаза. Бухоронинг мураккаб иқлим шароитида дов-дарахтларнинг аҳамияти катта. Афсуски, яқин ўтмишда уларнинг кўпи қурилиш-ободончилик важи билан кесилди. Арча ўтқазишга ружу қўйилди. Ваҳоланки, маҳаллий иқлим шароитига мос тут, чинор ва қайрағочни кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Бунга қадимий шаҳарнинг жозибадор қиёфасини сақлаб қолиш билан боғлиқ масала сифатида қараш керак.

Зеро, Бухорои шарифнинг асл кўринишини асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга зиён-заҳматсиз етказиш тарих олдидаги инсоний бурчимиздир!

Истам ИБРОҲИМОВ («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?