Бухоронинг 91 ёшли гид-таржимони
Бахшулла Рустамов Бухоро шаҳрининг Абдурауф Фитрат номи билан аталувчи маҳалласида истиқомат қилади. 91 ёшда. Педагог. Умрининг 50 йилини шаҳардаги 6-умумтаълим мактабида ўғил-қизларга тарих фанидан сабоқ бериш билан ўтказган.
Табиатан тиниб-тинчимас, изланувчан бу юртдошимиз билими, чуқур фикр-мушоҳада юрита олиши, қолаверса, пиру бадавлат инсон эканлиги туфайли давраларнинг тўрида. Баъзан унга туристик фирмалардан қўл телефони орқали боғланишади. “Шаҳримизга уч-тўрт кишидан иборат кичик бир сайёҳлар гуруҳи келди. Уларга гид-таржимонлик қилсангиз”, дея илтимос қилишади.
— Бундай пайтда “йўқ” демоқни ўзимга лозим кўрмайман, — дейди Бахшулла ота. — Сайёҳларни шаҳримиз бўйлаб сайр қилдираман. Уларга ҳар бир ёдгорлик, унинг меъморий ечими, маҳаллий урф-одатлар, анъаналар ҳақида батафсил тушунтириб бераман.

Бахшулла ака ўзбек тилидан ташқари рус ва тожик тилларида равон гапиради. Тарихчи бўлгани боис, юртимиз, хусусан, Бухоро ўтмишини яхши билади. Ҳар бир осори атиқа ҳақида шундай берилиб сўзлайдики, уни тинглаган меҳмонда юртимиз тўғрисида унутилмас хотиралар қолади.
— Шукр, устоз кунора меҳмонлари билан устахонамизга ташриф буюради, — дейди таниқли зардўз, Ўзбекистон халқ устаси Бахшулла Жумаев. — 70 ёшга кирган бўлсам-да бу мураббий олдида ўзимни ёш шогирддек ҳис этаман. У киши жуда ибратли ва серқирра ҳаёт йўлини босиб ўтган. Шундай улуғ устозлардан сабоқ олганимиз билан ҳамиша фахрланиб юрамиз.
Дарҳақиқат, Бахшулла Рустамовнинг ҳаёти ёшларга ибрат. У турмуш ўртоғи, 87 ёшли Назира Рустамова билан 5 фарзанд, 15 неварани оқ ювиб, оқ тараган. Бу табаррук жуфтликнинг 32 нафар чевараси бор. Улар ҳам бобо-бувилари ортидан бориб, эл-юрт корига ярайдиган кишилар бўлиб етишади, албатта.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг