Бухородаги музейда Садриддин Айнийга дахлдор қандай эсдаликлар сақланмоқда?

11:12 30 Октябр 2024 Жамият
278 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро давлат музей – қўриқхонасида халқимизнинг моддий, маданий, маънавий меросига оид 100 мингдан зиёд экспонат мавжуд. Музейга совға тариқасида берилган буюмлар ҳам оз эмас. Улар орасида атоқли адиб, зуллисонайн ёзувчи Садриддин Айнийга тегишли эсдаликлар эътиборни тортади.

– Музей – қўриқхона ҳужжатлар фондида Садриддин Айнийнинг 1974 йилда Душанбенинг «Ирфон» нашриётида чоп этилган китоби ва адиб овози ёзилган грампластинка сақланмоқда, – дейди музейшунос тадқиқотчи, Бухоро давлат педагогика институти ўқитувчиси Шерали Жўраев. – Қўлёзмалар коллекциясида музейнинг ўша пайтдаги директори Муҳсин Якубовга йўллаган мактуби бор. Улар 1975 йилда адибнинг фарзанди Камол Айний томонидан тақдим қилинган. Китоб ва грампластинка ғилофида «Тақдим ба музейи вилояти Бухоро» (Бухоро вилоят музейига совға) ёзуви мавжуд. Мактубда Бухоро билан боғлиқ маълумотлар келтирилган.

Бу далиллар хорижда бўлиб, у ердаги атоқли шоир ва ёзувчиларнинг музейларини томоша қилган бир зиёли юртдошимизнинг сўзларини ёдимизга туширди.

– Бирор бир таниқли ижодкорнинг музейига кириб, у ердаги қўнғироқ гўшагини кўтарсангиз, ўша шоирнинг ўзи ўқиган шеърларни тинглашингиз мумкин, – деганди у. – Муаллифнинг овозини эшитиб, ўзингизни у билан юзма-юз тургандек ҳис этасиз. Биздаги музейларда ҳам таниқли шоир ва ёзувчиларимизнинг овозлари туширилган аудиоёзувларни эшитиш учун шарт-шароит яратилса дуруст бўларди.

Кошкийди, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийларнинг овози ёзилган тасмалар бўлсаю улар музейларимиздан ўрин олган бўлса, деган ўй-хаёлга борасан, киши. Шу нуқтаи назардан Садриддин Айнийдек буюк юртдошимиз овози янграйдиган пластинканинг сақланиб қолинганлиги бу адабиётимиз, маънавиятимизга бефарқ бўлмаганлар учун тақдирнинг кичик бир туҳфасидек туюлади. Ундан нега хорижий музейлардагидек фойдаланиш мумкин эмас?! Балки бу овоздан нусха олиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керакдир.

Қизиқ, ҳозир Бухоро адабиёти тарихи музейида сақланаётган шу грампластинка орқали Садриддин Айнийнинг овозини эшитиб кўрганлар бормикан?Таажжубки, бу саволга жўяли жавоб ололмадик.

Бу музейга салкам 50 йил муқаддам совға қилинган буюмлар сабаб туғилган мулоҳаза. Хулоса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер