Бухорода олий тоифали ўқитувчилар улуши сўнгги уч йилда қандай қилиб икки баробар ошгани сабаби айтилди

10:42 20 Январь 2021 Жамият
1401 0

Яқинда Таълим инспекцияси ишчи гуруҳи таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва педагогларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлди.

Ўрганиш якунлари бўйча 19 январь куни Бухоро давлат университетида ўтказилган йиғилишда вилоятдаги педагогларнинг аттестация жараёнлари қайд этаётган натижалари бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда вилоят мактабларидаги олий тоифали педагоглар сони 2 баробарга ошган. Бугунги кунда вилоят мактабларида ишлаётган жами 26 145 нафар олий маълумотли ўқитувчиларнинг 1 716 нафари (6 %)ни олий тоифали ўқитувчилар ташкил этади. 2018 йилда ушбу кўрсаткичлар 2,6 фоизни ташкил этарди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг 5 044 нафари (17,7 %)ни биринчи тоифали, 8 461 нафари (29,6 %) ни иккинчи тоифали ўқитувчилар ташкил этади. Бу республика миқёсида бошқа ҳудудларга қараганда яхшироқ кўрсаткич саналади.

Тадбирда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев қандай қилиб вилоятда олий тоифали ўқитувчилар улуши қисқа муддатда ошганига изоҳ бериб ўтди.

— Ўрганиш давомида вилоятдаги малакали ўқитувчилар томонидан нодавлат малака ошириш курслари ташкил этилиб, у ерда ўқитувчиларга тоифа синовларига тайёргарлик бўйича курслар ташкил этилганига гувоҳ бўлдик, — деди Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев. — Ўқитувчилар ҳудудий малака ошириш марказида ололмаган билимларини айнан шу курсларда олишган ва бу курсларнинг натижадорлиги ўқитувчилар томонидан кенг эътироф этилмоқда. Бу яна бир бор педагоглар малакасини оширишга хусусий секторни кенг жалб этиш ташаббусимиз тўғрилигининг яна бир исботидир.

Йиғилишда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази фаолиятида мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, марказда ўқитувчининг малака оширишдан кейинги фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилишнинг мукаммал электрон портфолио тизими ишлаб чиқилмаганлиги, кимё, биология ва физика фанларидан ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланмаганлиги, амалий фанлар (технология, тасвирий санъат ва чизмачилик, мусиқа)дан тингловчилар учун амалий машғулотларни ўтказиш учун жиҳозларнинг мавжуд эмаслиги, аксарият тингловчиларнинг минимум талаб даражасида АКТдан (40-50 %) фойдаланишни ва чет тилини (80-90 %) билмаслиги малака оширишни самарали ташкил этиш имконини бермаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида Таълим инспекцияси бошлиғи ушбу марказга янги раҳбар тайинлангани ва юқоридаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракатлар бошланганини таъкидлаб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер