Бухорода анъанавий қовун сайли ўтказилди

12:35 01 Август 2022 Жамият
748 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро шаҳрида анъанавий қовун сайли бўлиб ўтди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бу галги тадбир дастуридан эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ҳам ўрин олди. Фавворалар майдонида олтмиш нафар болажонга сарполар улашилди. Концерт дастури намойиш этилди.

Қовун сайлига келсак, унда Бухоро вилоятининг барча туманларидан келган 130дан зиёд фермер хўжалиги фаол иштирок этди. Серқуёш заминимизда етиштирилган 1 минг 215 тонна қовун ва тарвуз, шунингдек, мева-сабзавотлар, асаларичилик маҳсулотлари савдо-кўргазмаси ташкил қилинди.

— Қовун сайлига оилавий келдик, — дейди ўзини Қурбон Рўзиев деб таништирган юртдошимиз. — Бу ердаги байрамона руҳ кайфиятимизга кайфият қўшди. Шундай мазали, ширин қовун, тарвузларни етиштирган деҳқонларимиз барака топишсин. Бизга маҳсулотлар нархининг нисбатан арзонлиги ҳам маъқул тушди.

Айтиш жоизки, 1996 йилдан буён ўтказиб келинаётган тадбирнинг бу галгисида кўкча, амири, бўрикалла, гулоби сингари ўттизга яқин қовун навлари кўргазма-савдога қўйилди. Икки кун давом этган тадбир якунида фаол қатнашчилар рағбатлантирилди. Ромитан, Когон, Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон, Бухоро, Қоракўл ва Қоровулбозор туманларига замонавий музлатгич ва телевизорлар топширилди. Фермер хўжаликлари ўртасида эса биринчи ўринга Пешку туманидаги «Султон Али Раҳмат интенсив боғ қурилиш» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исмоил Бўронов муносиб деб топилди ва унга «Лочин» юк ташиш мототцикли туҳфа қилинди.

Тадбирда Бухоро вилоят ҳокими Б. Зарипов иштирок этди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?