Бухоро вилояти ҳокимининг «хусусий боғчани бузиб ташлаш» ҳақидаги буйруғи юзасидан изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими томонидан «хусусий боғчани бузиб ташлаш» кераклиги тўғрисида топшириқ бергани акс этган видео кенг тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди.
Унда айтилишича, жорий йилнинг 22 май куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирган. 140 ўринга мўлжалланган мазкур муассаса 1961 йилда қурилган ва ҳозирда таъмирталаб ҳолга келиб қолган ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилиб, боғчада капитал таъмирлаш ишлари бошланган.
Ўрганиш ишлари чоғида вилоят ҳокими давлат боғчаси ҳудуди ободонлаштирилмагани, боғчага туташ бўлган ҳудуддан ўзбошимчалик билан эгалланган умумий овқатланиш объекти эгаси томонидан боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очилгани, бундан ташқари, боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмагани юзасидан эътирозларини билдирган.
«Амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят ҳокимлари зиммасига муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, кузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш, шунингдек, муассаса ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш вазифалари юклатилган», — дейилади ҳокимлик муносабатида.
Шунингдек, видеолавҳада тилга олинган «бузиб ташла» жумласида айнан ўша боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутилгани айтилган.
«Вилоят ҳокими томонидан 140 нафар боғча тарбияланувчиларини хавфсизлиги, ҳамда юз бериши мумкин бўлган турли нохуш, ноқонуний ҳолатларни олдини олиш — асосий мақсад бўлган. Ижтимоий тармоқ фаоллари ва фойдаланувчилари айнан шу жумлани «ҳоким хусусий боғчаларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ беряпти» тарзида муҳокама қилишмоқда. Бу эса мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда.
Билдирилишича, вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бу каби ҳолатларни ўрганиш ва зудлик билан бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарига «ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилган, ноқонуний йўлак бартараф этилган ҳамда ўрганиш олиб борилган 2-сон давлат мактабгача таълим муассасасидаги жараён тасвирга олиниб, мутасаддиларга юборилган ва шу тариқа кенг тарқалган.
Вилоят ҳокимлиги вилоятда қонун устуворлиги таъминланиши, ноқонуний бузилиш қилинмаслиги, вилоят ҳокими томонидан топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришга тўғри келганини қўшимча қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг