Бухоро тоғ қўйи ноқонуний ўлдирилди
Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор рейд тадбирлари давомида жорий йилнинг 14 февраль куни Узун тумани ҳудудидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги, “Арча булоқ” массивида фуқаро Т.И. томонидан бир бош эркак Бухоро тоғ қўйи ноқонуний овлангани маълум бўлди. У овни ўзига тегишли “REMINTON-700 RR 33340 M” русумли қурол билан амалга оширган.

Ҳолат оқибатида “Ов қилиш ва ов хўжаликлари тўғрисида” ҳамда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 649-сон қарорига мувофиқ, табиатга етказилган зарар 412 миллион сўм миқдорида баҳоланди. Етказилган зарарни қоплаш айбдор шахсни жавобгарликдан озод этмайди. Айни пайтда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бухоро тоғ қўйи йўқолиб кетиш хавфи остида турган, тарқалиш ҳудуди чекланган камёб тур ҳисобланади. У Ғарбий Помир–Олой тоғ тизмалари, жумладан, Кўҳитанг, Бойсунтоғ, Ҳисор ва Боботоғ ҳудудларида учрайди. Денгиз сатҳидан 800–2500 метр баландликдаги тоғ даштлари ва сийрак арчазорларда яшайди. Қиш ойларида озуқа излаб кўчиб юради.


Мазкур тур Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 1-тоифа (CR) билан киритилган. Шунингдек, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи — International Union for Conservation of Nature рўйхатида VU мақомига эга ҳамда CITES II-иловасида қайд этилган.
Мутахассислар таъкидлашича, 2000 йилларга келиб ушбу тур сони кескин камайган. Пода бўлиб яшайди, доимий яшаш ареали аниқ эмас. Жуфтлашиш даври ноябрь–декабрь ойларига тўғри келади, апрель–майда 1–2 бош болалайди.

Ноёб турларни асраш масаласи жамиятнинг умумий масъулияти ҳисобланади. Табиатга етказилган ҳар бир зарар келажак авлод имкониятларига таъсир кўрсатади.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг