Бухоро давлат техника университети ташкил этилди

10:19 27 Январь 2025 Жамият
613 0

2025 йил 24 январда «Бухоро давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, Бухоро муҳандислик-технология институти ва Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти негизида янги университет ташкил этилди.

Университет ҳудуддаги юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида муҳандислик, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат технологияси, нефть ва газ, яшил энергетика, архитектура, ахборот технологиялари каби соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган.

Шунингдек, Бухоро давлат техника университетида нефть ва газ муҳандислиги соҳаси бўйича Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади. Бу мактаб нефть ва газ соҳасида илғор инновацияларни жорий қилиш ва юқори даражадаги кадрларни тайёрлашга қаратилган. Шунингдек, университетда агротехнологиялар, логистика ва дастурлаш соҳалари бўйича ҳам таълим йўналишлари йўлга қўйилади.

2025/2026 ўқув йилидан университетда халқаро тажрибалар асосида фанларни ўзлаштириш ва профессор-ўқитувчиларнинг самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар етакчи хорижий университетлар ва илмий ташкилотларда стажировка ва малака ошириш имкониятига эга бўлади.

Йирик ишлаб чиқариш корхоналари университетга саноат ҳамкори сифатида бириктирилиб, талабаларни амалий билим билан таъминлаш мақсадида ҳамкорлик йўлга қўйилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан Бухоро давлат техника университетига академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик бериляпти. Бу университетнинг таълим сифатини янада ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга кенг имконият яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?