Бухоро биенналеси доирасида “Жадидлар мероси” музейи лойиҳаси тақдимоти ўтказилди

Бухоро вилоятида айни дамда 18 та музей фаолият кўрсатмоқда. Яқин истиқболда улар сони яна биттага кўпаяди. Биз бўлғуси “Жадидлар мероси” музейини назарда тутяпмиз. У Бухоронинг тарихий қисмида жойлашган Говкушон гузари Хўжа Гулрез кўчасидаги 13-уйда фаолият юритади. Бу гўшада кўҳна шаҳар илк бор мезбонлик қилаётган санъат биенналеси доирасида музей лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Табиийки, маскан учун нега айнан шу қадимий ҳовли танлангани кўпчиликни қизиқтиради. 1860-1870 йилларда қурилган ушбу уйда жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакилларидан бири Усмон Хўжа Пўлатхўжаев туғилиб ўсган. Оз эмас, кўп эмас, 46 йил давомида Ватандан айри яшаган бу инсон Исмоил Гаспирали, Аҳмад Дониш каби маърифатпарварлар ғояларидан руҳланиб, Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат сингари юрт фидойилари сафида бўлган. Унинг ҳаёти ва фаолияти жадидчилик ҳаракатига ўзгача руҳ бағишлаган, десак, адашмаймиз. Шу ўринда бир мисол. Туркияда таҳсил олиб, у ердан дарслик, ўқув қўлланма, глобус, хариталар олиб қайтган Усмон Хўжа Бухорода янги усулдаги мактаб очади. 1912-1913 йилларда бу ерда 150-200 нафар атрофида бола ўқийди.
Шўро тузуми даврида соҳибларининг ҳаёти янглиғ бу кўҳна ҳовлининг тақдири ҳам силлиқ кечмади. Давлатимиз раҳбарининг “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ниҳоят, бу гўша музей тариқасида барчага ўз эшикларини очмоқда.
— Аждодларимизнинг иморатсозликдаги юксак ақл-заковати маҳсули бўлган бу кўҳна уй қаровсизлик, эътиборсизлик оқибатида, қолаверса, вақт таъсирида таъмирталаб аҳволга тушганди, — дейди Бухоро минтақавий реставрация дирекцияси реставратори Ғуломризо Ғуломов. — Уни уч ой давомида тўлиқ реконструкция қилдик. Айвонлар, ертўлалар, бино ташқи қисмлари қайта тикланди. Объектда жами 4 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш, ободончилик ишлари бажарилди. Натижада кўриб турганингиздек, қадимий уй асл ҳолига қайтди.
Бевосита музей лойиҳасига тўхталадиган бўлсак, у ливанлик машҳур архитектор Лина Готме томонидан тайёрланган. Давр руҳи уфуриб турган масканда кўргазма заллари, китоблар, тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар ва бошқа нодир ашёлар ўрин олади. Бўлғуси музейни илмий ва маданий ишланмалар марказига айлантириш назарда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Доллар курси тушишда давом этмоқда
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг