Бугуннинг гапи: сиз қачон эмланасиз? 

07:24 25 Июль 2021 Жамият
940 0

Ҳайрат деган туйғу башариятга тобора бегоналашиб бормоқда. Илгари тоғни кўрсак ҳам, боғни кўрсак ҳам оғзимиз ланг очилиб қолаверган. Чунки оламни шундай таниганмиз. Борлиқни шундай идрок этганмиз. Глобаллашув деган ғалати жараён шундан ҳам мосуво қилаётганга ўхшайди бизни. Инновациялар асрида бир уюм темир-терсакдан гапирадиган робот ясаб беришса ҳам, ҳозир кўпчилик ажабланиб ўтиргани йўқ. Нега шундай? Чунки онгимизда маълумот кўп. Янгиликни, воқеликни идрок қилишимиз жадаллашган. Интернет том-том энциклопедияларда йўқ маълумотларни, росту ёлғон ахборотни бир зумда бизга муҳайё қилмоқда. Хўш, буларни айтишдан муддао не?

Гап шундаки, ҳозирги синовли кунларда худди шу — идрок этиш хусусиятимиз пасайгандек. СOVID-19 деган митти вирус тарқалди-ю, тутумларимизу инстинктларимизни ўзгартириб юборгандек... Тўғри, ҳозир бу хасталик — катта душманимиз. Аммо одамзодни маҳв этаётган бунданам хатарли ёв бор. Бу — ваҳима!

Ёлғонга бунча ўчмиз?

Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг айни шу паллаларида бутун дунё бир хушхабарни интиқ бўлиб кутаётганди. Ҳамманинг кўнглидан ўтган савол битта: вакцина қачон яратилади? Шундан бошқа илинжимиз ҳам, умидимиз ҳам қолмаганди аслида. Лекин одам боласининг табиати қизиқ: на иссиққа чидайди, на совуққа...

Ниҳоят ўша интиқ кутилган вакцина яратилди ҳам. Муқобил турлари билан. Лекин яна гап-сўзлар, шубҳаю гумонлар урчиди. Ижтимоий тармоқлар фисқу фасоднинг уясига айланди. Фалон давлатники синовдан яхши ўтади, фалон мамлакатда вакцина тажрибаси муваффақиятсизликка учрайди, дегувчи башоратгўйлар пайдо бўлди.

Мана, энди-чи? Вакцина бору талабгор кам. Яқин-яқингача вирусни юқтиришдан қанчалик чўчиган бўлсак, ҳозир вакцинанинг салбий таъсири эҳтимолидан шунчалик қўрқяпмиз. Тафаккур қилишга келганда онгимиз худди хотирасига вирус тушган компьютер сингари қотиб-қотиб ишлаётир...

Ҳаммамизга таниш бир ҳолатни айтай: яқинда “Telegram” каналлари, ижтимоий тармоқларда бир нотавон чиқиб “вакцина таркибида аллақандай чип бор экан, эмлансангиз, танангизга сингиб, онгингизни бошқаришларига имкон бериб қўясиз”, дея айюҳаннос солди. Энг алам қиладиган жиҳати, орамизда ана шу уйдирмага чиппа-чин ишонадиганлар топилди. Қаранг, онгимизни бошқаришларидан қўрқиб, гўёки огоҳлигимиз ошяпти-ю, охир-оқибат бир қаллобга идрокимиз жиловини ўзимиз қўшқўллаб тутқазиб қўймоқдамиз. Яна шундай уйдирмалардан бири: нима эмиш, вакцина билан эмланган одам икки йилда жон таслим қилармиш... Тавба! Бунча ёлғонга, ваҳимага ўч бўлмасак?!

Нотаниш бир кимсанинг гапи мутлақ ҳақиқат деб қабул қилинса-ю, бунга қарши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўзи расмий баёнот берса ҳам, шубҳа билан қарасак... Биз кимга ишонамиз ўзи, оғайнилар?

Биз нимани кутяпмиз?

Статистик маълумотларга таянилса, шу кунгача юртимизда коронавирусга қарши эмланганлар сони 1,1 миллион нафарга ҳам етмайди. Бу жами аҳолимизнинг атиги 1,7 фоизига тенг кўрсаткич. Захирада эса 2 ярим миллион дона вакцина турибди. Куни кеча давлатимиз раҳбари Америкадан яна 3 миллион дона вакцина келтирилаётганини айтди. Булар четдан қараганда осон ишдек туюлиши мумкин. Бироқ хазинамиз кўраётган зиён миллиардлаб долларга тенг. Мақсад эса битта — бу балони эсон-омон даф қилиш.

Лекин шундай шароитда, шукр қилиш, халқимизни бу офатдан халос этиш ўрнига, одамлар ўртасига нифоқ солаётганлар борлиги ачинарлидир. Мана, бир неча ҳафта олдин Кубада кунлик касалланиш кўрсаткичлари 7 минг кишига чиқиб, рекорд қайд этилгач, минглаб одамлар гурра-гурра кўчаларга чиқишди. 30 йил ичидаги энг йириги деб таърифланган ушбу норозилик намойишида аҳоли ҳукуматдан коронавирусга қарши вакциналар талаб қилди. Кўряпсизми, Куба халқи вакцинага зор, давлат эса бу имкониятни муҳайё қилишга тўлиқ қодир эмас.

ЖССТ бош директори маслаҳатчиси Брюс Эйлварднинг қайд этишича, ҳозирги кунда 30 —40 мамлакатда аҳолини иккинчи босқичда эмлаш учун вакцина етишмаяпти. Хусусан, бундай танқислик Жанубий Африка, Лотин Америкаси, Ўрта Шарқ давлатларида кўпроқ кузатилаётир. Баъзи давлатларда эса вакцина олиш учун аҳоли ўз ҳисобидан пул тўлашга мажбур бўлмоқда. Яна бир қизиқ маълумот: Арманистонда хорижий давлат фуқаролари учун СOVID-19 га қарши эмлаш бепул қилиб қўйилган. Фақат ягона шарт билан: бепул вакцина олишни истовчилар мамлакатда камида 10 кун қолишлари шарт. Шу орқали Арманистон ҳукумати мамлакатда янги йўналиш — вакцина туризмини ривожлантирмоқчи. Айни пайтда ана шу имкониятдан қўшни Эрон Ислом Республикасининг минглаб фуқаролари бажонидил фойдаланишаётир.

Бизда эса, афсуски, вазият борган сари таранглашмоқда. Антирекорд кўрсаткичлари кун сайин янгиланяпти. Масалан, 23 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони 773 нафарга, пневмония қайд этилганлар сони эса 507 нафарга етган. Шунда ҳам негадир вакцина олишга шошилмаяпмиз? Нимани кутяпмиз, азизлар?

Қайси вакцина яхши?

Бу савол шу кунларда “тренд”га чиққан. Телеканаллар, газеталарда тинимсиз бонг уриляпти, мутахассислар аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бироқ гўёки қулоғимизга пахта тиқилган. Илмий асосга эга гапларни, яъни асл ҳақиқатларни эшитишга тоқатимиз йўқ. Миш-мишлар, уйдирмаю ёлғон ахборотга эса жуда “ташна”миз.

Яқинда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова бу ҳақда жуда куйиниб гапирди. Унинг айтишича, ҳозирги кунда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ дунёдаги пандемик вазиятни барқарорлаштириш, унга қарши самарали курашишда вакцинадан кўра ишончлироқ восита йўқ. Тўғри, эмлангандан сўнг вирусни юқтирмасликка 100 фоиз ишонч билан жавоб бериш қийин. Бироқ айнан эмланган фуқаролар касаллик аломатларини енгил ўтказаётир. Таъкидланишича, “ZF-UZ-VAC2001” вакцинасини олганлар орасида вирусни юқтириш ҳолатлари тахминан 0,004 фоизга тенг.

— Асосан, вакцинанинг 1-дозаси билан 2-дозаси оралиғида эмланган фуқароларда вирусни юқтириш ҳолатлари кузатилди. Бироқ 3-дозани қабул қилган аҳоли ўртасида вирусга чалинганлар деярли қайд этилмади, — дейди Дилором Турсунова.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов эса эмланишдан қўрқиб, бу жараёндан бош тортаётганларга гапнинг индаллосини айтди:

“Бугун Ўзбекистонда 13 турдаги касалликка қарши оммавий эмланади. Бу вакциналарни олмаслик ўлимга олиб келиши мумкин. Бу воситалар қачон, қайси давлат томонидан яратилган, қанчалик эффект беради, деган саволлар берилмайди. Лекин коронавирусга қарши ягона чора бўлиб турган вакциналар ҳақида турли асоссиз миш-мишларга одамларнинг ишониб қолаётгани тушунарсиз ҳолат...”

Яна статистикага қайтамиз. Шу кунгача жаҳон бўйича қарийб 3,79 миллиард доза вакцина қабул қилинган. Шундан асосий қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади — 1 миллиард 510 миллион доза. Кейинги ўринларда Ҳиндистон (423 млн. 417 минг), АҚШ (339 млн. 760 минг), Бразилия (130 млн. 250 минг), Германия (қарийб 88 млн.), Буюк Британия (83 млн. 20 минг), Япония (салкам 74 млн.) турибди. Франция, Туркия, Италия ҳам пешқадамлар сафида. Ва худди шундай чоралар натижасида мазкур давлатларда шиддат билан ўсаётган коронавирусга чалиниш ҳолатлари борган сари камайишига эришилмоқда. Бу — факт!

Чеклов — ягона чора эмас

2020 йил — бутун дунё учун оғир келди. Пандемия “манаман” деган давлатлар иқтисодиётини ҳам тиз чўктириб қўйганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Ўзбекистонда ҳам бир йил аввал жуда қатъий чекловлар жорий этилганди. Кўплаб ташкилоту муассасалар эшигига қулф осилди. Бир корхона иши тўхтаса, қанча одам маошсиз қолади ахир? Бизда эса олди-берди, савдо-сотиқ учун чегаралар тақа-тақ ёпилди. Давлатимиз, ҳукуматимиз уйда ўтирган асосий аҳоли қатлами озиқ-овқатга, ош-нонга зориқиб қолмасин, деб муҳтожларни тўлиқ ҳимоясига олди. Яхши умид билан бизнес бошлаган тадбиркорлар “синиб қолмасин”, дея кредитлар муддатини узайтирди, банкротликка тушиб қолмаслиги чоралари кўрилди. Аммо тажриба шуни кўрсатдики, чеклов — ягона чора эмас. Аксинча, бундай йўл тутиш мамлакатда иқтисодий инқирозни кучайтириб юборади.

Шу боис мутахассислар коронавирусни енгиш учун “домино эффекти”ни мисол қилиб келтирди. Занжир ҳалқалари узилишига қиёс этишди карантинни. Қоидалар эса жуда оддий: масофа сақланг, тиббий ниқоб тақинг, тозаликка риоя этинг... Бор-йўғи шу! Аммо шунгаям амал қила олмаяпмиз.

Ҳозир пойтахт кўчаларида одамларимизни кузатинг. Кўпчилигида ниқоб йўқ. Борлари ҳам азбаройи жарима солишмасин, деб иягига тушириб олган. Лекин ижтимоий тармоқларга кирсангиз, ақл ўргатадиганлар кўп. Оммавий тадбирларни бутунлай чеклаш, одамларни аввалгидай уйга “қамаш” тарафдорлари бор. “Ҳукумат қаёққа қараяпти?”, “Нега чекловларни кучайтирмаяпмиз?” дея бонг ураётганлар кўпаймоқда.

Аммо бир ҳақли савол туғилади: саломатлигимизни, аввало, ўзимиз қадрламас эканмиз, мажбурий чекловлардан нима наф?! Ёки аксинча, карантин билан боғлиқ тақиқларни бутунлай олиб ташлаш керак, дегувчиларга ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг қуйидаги сўзларини эслатмоқчимиз.

— Пандемия бизнинг руҳиятимизга ва саломатлигимизга зарар етказди, — дейди у. — Шу боис одамлар қийин даврдан кейин дам олишни хоҳлаши табиий. Бироқ биз ўтган йилнинг ёзида шундай ҳолатни бошдан ўтказганимизни унутмаслигимиз керак. Чекловлар тезда олиб ташланганидан кейин минтақада янги ҳолатлар ва ўлимлар сони жуда тез ўсди. Натижада бу ҳолат яна чекловларга қайтишга мажбур қилган эди.

Яъни мутахассис тавсияси шундай: пандемия ҳали тугагани йўқ. Шунинг учун коронавирус туфайли жорий этилган чекловларни тезда бекор қилишга шошилмаслик зарур.

Нима демоқчимиз бу билан? Айтмоқчимизки, ўзимизни эҳтиёт қилишимиз шарт. Давлатимизга эса ҳозир биздан мадад керак. Мадад шуки, коронавирусга қарши курашишда ақл-идрокимиз, маънавиятимиз ва тарбиямизга мос иш тутайлик. Вакцина олишни пайсалга солмайлик!

Фаррух БЎТАЕВ,
журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?