Бугун қуёнчилик ортидан бой бўлиш хаёлпарастлик эмас

19:13 29 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
1617 0

Архив сурат

Қуёнчилик ҳақида гап кетганда беихтиёр атоқли ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг «Бахт қуши» ҳикояси асосида суратга олинган «Ажойиб хаёлпараст» фильми кўз олдимизга келади, шундаймасми?! “Қуёнчи шифокор”нинг хаёли ва ҳаёти аччиқ кулги билан очиб берилган бу кинокомедия ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз бугун. Айтмоқчи бўлганимиз, қуёнчилик билан шуғулланиш, қуён кўпайтириш билан ҳам бой бўлиш – бу асло хаёлпарастлик эмаслигини энди яхши биламиз. Чунки тадбиркорликнинг айни шу йўналишида қаддини тиклаб олаётган ҳамюртларимиз оз эмас.   

Хусусан, Самарқанд вилоятида қуёнчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган хўжаликлар сони 18 та бўлиб, уларда жами 6 минг 205 бош қуён парваришланяпти.

Масалан, Пастдарғом туманидаги “Миржалол” хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 350 миллион сўмлик лойиҳа ишга туширилиб, 600 бош қуён келтирилди. Шунингдек, “Дарғом агро великан” масъулияти чекланган жамиятида парваришланаётган 1 минг 850 бош наслли қуёнларни кўпайтириш саъй-ҳаракатлари ҳам бесамар кетмаяпти. Булунғур туманида эса қуёнчилик билан шуғулланаётган иккита фермер хўжалигида 370 бош зотдор қуён бор.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, қуённинг нафақат гўшти, териси, балки унинг ёғи ҳам экологик тоза маҳсулот бўлиб, жаҳон косметологиясида кенг фойдаланилади. Айниқса, қуённинг териси ва мўйнасини саноат усулида қайта ишлаб, эскпорт қилиш тадбиркорларга мўмайгина даромад келтиради.

Яна бир гап. Самарқанд вилоятида қуёнчиликни ривожлантириш юзасидан белгиланган дастурга кўра, жорий йилда ишга тушириладиган бешта лойиҳага кўра яна 2 минг 970 бош наслли қуёнлар олиб келиш мўлжалланмоқда. Бу яна ўнлаб оилалар барқарор даромад топиш имконига эга бўлади деганидир.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?