Бугун Ўзбекистон U-17 терма жамоаси иштирок этадиган Жаҳон чемпионати старт олади
Бугун, 3 ноябрь куни Доха шаҳрида 2025 йилги ФИФА U-17 Жаҳон чемпионати старт олади.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида 4-бора иштирок этмоқда. Жамоа 2011 йил (Мексика) ва 2023 йилги (Индонезия) мусобақаларда чорак финалгача етган. 2013 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўтган мундиалда эса 1/8 финал босқичида иштирокини якунлаган.
Исломбек Исмоилов бошқарувидаги жамоа 2025 йилги ФИФА U-17 Жаҳон чемпионатининг “J” гуруҳида Парагвай, Ирландия ва Панама ўсмирлар терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Парагвай
Йўлланма: U-17 Жанубий Америка чемпионати — 5-ўрин
Мундиалдаги иштироклар: 5
Энг яхши натижа: чорак финал (1999, 2019)
Мураббий: Мариано Углесич
Эътиборга лойиқ ўйинчи: Алан Ледесма
Ледесма U-17 Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда Парагвай жамоасининг муҳим ўйинчиси бўлган. Жамоа сардори сифатида у майдон марказида ўйинни бошқаради ва курашувданлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, у U-17 Жанубий Америка чемпионатида Парагвай икки марта пеналти сериясида ғалаба қозонган баҳсларда зарбасини аниқ амалга ошириб, жамоаси ғалабасига ҳисса қўшган.
Панама
Йўлланма: КОНКАКАФ U-17 саралаш босқичи — гуруҳ ғолиби
Мундиалдаги иштироклар: 3
Энг яхши натижа: 1/8 финал (2011)
Мураббий: Леонардо Пипино
Эътиборга лойиқ ўйинчи: Эстевис Лопес
Чап қанот ҳужумчиси — Лопес мураббий Леонардо Пипино тизимида муҳим ўрин тутади. У КОНКАКАФ U-17 саралаш босқичида Панаманинг учта голида қатнашган, ижодкорлиги ҳамда аниқ ва кучли зарбалари билан ўйин тақдирини ўз фойдасига ўзгартира олади. Ҳозирда у Панаманинг “Costa del Este” клубидан Аргентинадаги “Ривер Плейт” ёшлар жамоасига ижара асосида ўйнамоқда.
Ирландия
Йўлланма: УЕФА U-17 Европа чемпионати финал босқичи қатнашчиси
Мундиалдаги иштироклар: 0
Энг яхши натижа: йўқ
Мураббий: Колин О'Брайн
Эътиборга лойиқ ўйинчи: Жейден Умеҳ
Тезкор, ижодкор ва гол уришга мойил ҳужумчи Умеҳ Португалиянинг “Бенфика” клуби сафида тўп суради. У 2024 йилда Португалияга кўчиб ўтган ва Ирландия бош мураббийи Колин О'Брайннинг таъкидлашича, у “Бенфика” академиясига қўшилгандан кейин ўйини сезиларли даражада яхшиланган.
Умеҳнинг акаси Франко ҳам профессионал футболчи бўлиб, ҳозирда Ирландиянинг U-21 терма жамоасида ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ФИФА Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 3–27 ноябрь кунлари Қатар яшил майдонларида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси мусобақа доирасидаги илк учрашувни 5 ноябрь куни Парагвайга қарши ўтказади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг