Бугун отлар, филлар қурбон бўладиган кун. Будапештдаги энг муҳим кунда Ўзбекистон Ҳиндистонга қарши саф тортади

10:02 20 Сентябр 2024 Спорт
1024 0

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси давом этмоқда. Бугун, 20 сентябрда, 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасидаги энг муҳим учрашувда Ўзбекистонлик шахматчилар ҳиндистонлик шахматчиларга қарши дона суришади.

Қайд этиш керакки, ушбу учрашувдаги ғалаба бизни чемпионликка яқинлаштиради. Олимпиаданинг 9-туридан ўрин олган баҳс принципиал қарама-қаршилик бўлиши аниқ.

Бунга ўзига яраша сабаблар бор. Биринчидан, Ҳиндистон жамоаси 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида терма жамоамизга мағлуб бўлиб, чемпионликдан маҳрум бўлганди. Энг муҳим партияда Нодирбек Абдусатторов Гукешнинг отини ютиб олган ва ўйин тубдан ўзгариб кетган эди.

Иккинчидан, гарчи ўзбек шахматчилари кучли ўйинлар кўрсатаётган бўлса-да, ҳиндларни жиддий рақиб сифатида қабул қилиш керак. Улар бекорда-бекорга 8 турда 8 ғалаба қозонишмади. 4 та тахтасида ҳам супер-гроссмейстер ўйнаши ҳам жамоанинг кучидан далолат беради.

Ўтган турда нималар бўлгани ҳам аҳамиятли. 19 сентябр куни мусобақанинг 8-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда эркаклар терма жамоаси Сербия билан, қизлар жамоаси эса АҚШ терма жамоаси билан баҳс олиб борди.

Эркаклар терма жамоаси қийин баҳсда Сербияни 2,5 : 1,5 ҳисобида мағлуб этди. Жамоанинг уч аъзоси дуранг қайд этди ва ҳал қилувчи баҳсда Нодирбек Абдусатторов тенг вазиятни ютуққа олиб бора олди.

Ўзбекистон — Сербия 2,5:1,5

Нодирбек Абдусатторов — Александр Предке 1:0;

Нодирбек Якуббоев — Алексей Сарана 0,5 : 0,5;

Жавоҳир Синдоров — Александар Инжич 0,5:0,5;

Шамсиддин Воҳидов — Велимир Ивич 0,5 : 0,5.

Афсуски, қизлар жамоаси 0,5 : 3,5 ҳисобида АҚШга ютқазди. АҚШ таркибида бўлган Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистонга қарши баҳсда иштирок этмади.

Қизлар:

Ўзбекистон — АҚШ 0,5 : 3,5

Афрўза Ҳамдамова — Вип Карриса 0:1;

Нилуфар Якуббоева — Ирина Круш 0:1;

Умида Омонова — Алисе Лее 0:1;

Нодира Нодиржонова — Анна Затонски 0,5:0,5.

Ушбу ғалабадан сўнг Ўзбекистон эркаклар жамоаси 2-ўринга кўтарилиб олди. 8-турдаги мағлубият сабаб Ўзбекистон қизлар жамоаси 25-поғонага тушиб кетди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, агарда Ўзбекистон шахмат терма жамоаси турнирда ғалаба қозонишни истаса, албатта, Ҳиндистонни таслим этишлари шарт. Акс ҳолда уларни биздан бошқа ҳеч ким тўхтата олмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?