Бугун футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё чемпионати саралашидаги иштирокини бошлайди

12:30 20 Сентябр 2025 Спорт
117 0

Бугун Осиё қитъаси бўйлаб келгуси йил Индонезияда бўлиб ўтадиган футзал бўйича Осиё чемпионати мусобақасининг саралаш ўйинлари старт олади.

Нодир Элибоев бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бугун саралашдаги иштирокини бошлайди. Дастлабки рақибимиз – Фаластин терма жамоаси.

Ушбу жамоа ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Футзал бўйича Фаластин терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 119-ўринда бормоқда. Жамоа Фаластин футбол ассоциацияси тасарруфида фаолият юритади.

Фаластин футзал терма жамоаси илк расмий учрашувини 1998 йилнинг 6 декабрь санасида Миср терма жамоасига қарши ўтказиб, 5:9 ҳисобига имкониятни бой берган. Фаластинликларнинг халқаро майдонлардаги энг йирик ҳисобли ғалабаси 2005 йилнинг 28 май санасида Гуамга қарши ўйинда қайд этилган – 14:0. Энг йирик ҳисобдаги мағлубияти эса – 1:19. Фаластинликлар 2012 йилнинг 29 апрель санасида Эрон терма жамоасига шундай ҳисобда имкониятни бой берган.

Фаластин терма жамоаси Жаҳон чемпионати баҳсларига чиқмаган. Осиё кубоги мусобақаси саралаш баҳсларида 1999 йилдан иштирок этиб келаётган бўлса, 3 марта финал босқичига йўлланма олган. 2001 йилги Осиё кубогида Фаластин терма жамоаси чорак финалгача етиб борган. 2003 ҳамда 2005 йилги Осиё кубокларида гуруҳ ўйинлари билан кифояланган. 2006 йилдан буён эса 10 та Осиё кубогининг саралаш баҳсларидан ўта олмаган.

Ўзбекистон ва Фаластин терма жамоаларининг йўли Осиё кубоги финал босқичида бир марта кесишган. 2005 йилги Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги ўйинда Ўзбекистон рақибни йирик – 9:1 ҳисоби билан мағлубиятга учратган.

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубокларида 17 марта иштирок этиб, 91 та ўйинда майдонга чиққан: 60 ғалаба, 8 дуранг, 23 мағлубият. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи – 379:226, +153. 188 очко жамғарилган.

Фаластин терма жамоаси Осиё кубокларида 3 марта иштирок этиб, 15 та ўйинда майдонга чиққан: 9 та ғалаба, 6 та мағлубият. Тўплар фарқи – 101:70, +31. Жамғарилган очколар – 27 та.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?