Халқ ишончи – энг катта масъулият
Одамлар ўз овозини бериб сайлаган вакилидан катта умид қилади. Чунки депутат — халқ билан ҳокимият ўртасидаги кўприк. Шу боис ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмаслиги керак. Агар депутат муаммога ечим изламаса, унда буни ким қилади?
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашига 52-Бўтақора сайлов округидан сайланганман. Ушбу округ Андижон туманидаги 19 та маҳаллани қамраб олади. Бу ҳудудда қарийб 40 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир оила, ҳар бир хонадон — биз учун алоҳида масъулият. 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида округ бўйича 120 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Айрим фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ва амалий кўмаклар кўрсатилди. Мурожаатларнинг катта қисми тиббиёт соҳасига оид бўлгани сабабли, туман тиббиёт бўлими билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзал”, дейди доно халқимиз. Ана шу ҳақиқатга таянилган ҳолда маҳаллаларда бепул тиббий кўриклар ташкил этилди. Натижада ўнлаб фуқаролар ўз вақтида тиббий текширувдан ўтиб, зарур амалий ёрдам олди. Бу ишлар кўплаб касалликларнинг олдини олишга, энг муҳими, инсон саломатлигига бефарқ эмаслигимизни амалда кўрсатишга хизмат қилди.
Шулар қаторида “Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилфузахон Туйчиеванинг мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Унга 54 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилиб, мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Бугун эса Дилфузахон тўлиқ соғлигини тиклаб, ўз оиласи бағрига қайтгани барчамизни қувонтирмоқда.
Ҳудуддаги инфратузилма масалалари, айниқса, ичимлик суви таъминоти аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётганди. Фуқаролар мурожаатларини инобатга олган ҳолда “Тараққиёт” кўчасида 1 километр масофага янги сув қувури тортилиб, 69 та хонадоннинг кўп йиллик муаммосига барҳам берилди. Шунингдек, “Гулобод” маҳалласида ҳам қисқа муддат ичида 2,78 километр масофага янги сув қувурлари ўрнатилиб, маҳалладаги 71 та хонадон, 1 та кўп қаватли уй ҳамда мактабгача таълим ташкилоти доимий ичимлик суви билан таъминланди. Бу — шунчаки рақамлар эмас, балки одамлар ҳаётидаги ҳақиқий енгиллик ва қулайлик демакдир.
Аҳолининг даромад манбалари чеклангани сабабли округимизда ишсизлик муаммоси ҳам сезиларли. Шу боис мавжуд ички имкониятларни ишга солиб, аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. 2025 йилда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда “Орол” маҳалла фуқаролар йиғинида 15 нафар фуқарога жами 506 миллион сўмлик кредит ажратилиб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Натижада яна 45 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. Ҳар бир мурожаатни жойига бориб ўрганиш, хонадонма-хонадон юриб, муаммоларга амалий ечим топиш — депутатлик фаолиятининг энг муҳим вазифаси, деб биламан. Қисқа муддатда юзлаб мурожаатлар билан ишладик. Шу жараёнда бирор марта қайсидир идорага депутатлик сўрови киритишга ҳам эҳтиёж бўлмади. Сабаби, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишда тегишли ташкилот ва идоралар ҳам елкадош бўлиб, ҳамжиҳатликда иш олиб борилди. Ана шу ҳамжиҳатлик ва маҳаллий ҳамкорлик орқали, аввало, халқимиз манфаатдор бўлди. Муаммолар қоғозда қолмади, одамлар билан юзма-юз ишлаб шу натижага эришдик.
Матлубахон ҒАНИЕВА,
Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг