Будапештда Ўзбекистон-Венгрия Иккинчи ректорлар форуми бўлиб ўтди
19 май куни Венгриянинг пойтахти Будапешт шаҳрида Ўзбекистон-Венгрия олий таълим муассасалари ректорлари II форуми ўтказилди. Халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов бошчилигидаги ОТМ ректорлари, проректорлари ҳамда масъул раҳбарлардан иборат делегация иштирок этди.
Халқаро анжуманни Венгрия Маданият ва инновациялар вазирлиги инновациялар ва олий таълим бўйича давлат котиби, профессор Balázs HANKÓ кириш сўзи билан очиб, ташриф буюрган меҳмонларни самимий қутлади ва ушбу форум икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини билдирди.
– Аввало, бизнинг икки вазирлигимиз мақсадлари муштараклигидан мамнун эканимизни изҳор этмоқчиман. Шу ўринда университетларимиз хусусий сектор билан янада яқинроқ ишлаши кераклиги муҳим. Ҳамкорликда иқтидорли талабаларни кўпайтириш орқали икки давлат иқтисодиётининг ривожланишига эришамиз. Қўшма илмий лойиҳаларни кўпайтириш, профессионал таълимни ривожлантириш ҳам ҳамкорлигимизнинг муҳим қисми бўлиб қолади, – деди Balázs HANKÓ.
Ўзбекистон томонидан сўзга чиққан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов Ўзбекистонда бўлиб ўтган ректорларнинг биринчи форуми натижасида университетлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сезиларли даражада кенгайганини таъкидлаб, бу галги форум ишида ҳам муҳим келишувларга эришилишини қайд этди.
– Бугун Ўзбекистон-Венгрия ўртасида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашиб бормоқда. Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, сўнгги йилларда Венгрия томони Венгрия ҳукуматининг йиллик стипендиялари сонини 30 тадан 170 тагача оширди. Албатта, биз буни Венгрия томонининг иқтисодиётимиз учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга қўшаётган улкан ҳиссаси деб биламиз, – деди К. Каримов.
Шунингдек, анжуманда сўз олганлар икки давлат таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари, унинг ютуқлари ва истиқболлари ҳақида тўхталди. Форум ишига муваффақият тиланиб, ушбу нуфузли анжуман натижаси мамлакатлар ўртасида соҳадаги алоқаларнинг жадаллашувига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Наманган муҳандислик-технология институти, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, Тошкент Давлат Шарқшунослик, Техника университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти каби 13 та олий таълим муассасалари ректорлари чиқишлар қилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатларимиз ўртасидаги Биринчи ректорлар форуми 2021 йилда Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, ушбу тадбир Ўзбекистон Венгрия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишига хизмат қилган эди. Биринчи форум натижаларида имзоланган шартномалар ва меморандумлар асосида Ўзбекистонлик талабалар ва докторантлар Венгрияда таҳсил олиш ва малака ошириш имкониятига эга бўлдилар.
Ўзбекистон–Венгрия қўшма илмий лойиҳалар танлови ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бўлиб, ҳозирда мазкур лойиҳалар учун икки мамлакат томонидан тенг миқдорда 1 млн евродан маблағ ажратилган.
Келгусида эса Ўзбекистонда Венгриянинг энг қадимги университетларидан бири бўлган Дебрецен университетининг филиали очилиши кутилмоқда.
2018 йилдан бери Венгрия ҳукумати ҳар йили Ўзбекистон фуқароларига стипендиялар тақдим этиб келмоқда. “Stipendium Hungaricum” дастури қисқа муддатларда ўзбекистонлик ёшларнинг эътиборини тортди. Сўнгги йилларда Венгрия ҳукумати стипендиялар сонини 6 бараварга оширгани (30 тадан 170 тагача) ёшларимизнинг сифатли таълим олишларига имкон яратмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон Венгрия билан ҳамкорликда фармакология, фармацевтика ва бошқа тиббиёт соҳасидаги йўналишларда, шунингдек, таълим соҳасига инновацияларни жорий этишда, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларидан фойдаланиш, замонавий биотехнологиялар ёрдамида сувни санат миқёсида тозалаш, томчилатиб суғориш соҳаларида энг сўнгги технологиялар бўйича билимларга эга мутахассислар тайёрлашдан манфаатдор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг