Британиялик мингдан ортиқ шифокорлар эвтаназия ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши чиқишди

16:49 09 Июнь 2025 Дунё
229 0

Иллюстратив фото

Буюк Британияда мингдан ортиқ тиббиёт мутахассислари парламент аъзоларига мурожаат қилиб, ҳозирда парламентда кўриб чиқилаётган эвтаназия (даволаб бўлмайдиган касалликка чалинган одам ёки бошқа тирик мавжудотнинг чидаб бўлмас азоб-уқубатлардан халос этиш учун ҳаётини тугатиш амалиёти. Унинг фаол ва пассив, ихтиёрий ва ихтиёрсиз каби турлари мавжуд — таҳр.)ни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши овоз беришни сўради.

Бу ҳақда «Sky News» телеканали хабар тарқатди. Қонун лойиҳасида олти ойдан кам умри қолган, яшашга лаёқати бўлмаган беморларга ҳаётни тугатишда ёрдам бериш таклиф этилади. Таъкидланишича, фақат 18 ёшдан ошган ақли расо одамлар эвтаназияга мурожаат қилишлари мумкин.

«Мингдан ортиқ шифокорлар депутатларга эвтаназия тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши овоз беришга чақириб, буни беморлар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам ҳақиқий таҳдид деб атади», — дейилади телеканал хабарида.

Қонун лойиҳаси матни жума куни учинчи ўқиш учун парламент қуйи палатасига қайтарилади ва депутатлар 20 июнь куни унга овоз беришади. Маъқулланса, лойиҳа кўриб чиқиш учун Лордлар палатасига (парламентнинг юқори палатасига) юборилади.

Бироқ кўплаб шифокорлар, жумладан Британия империяси орденининг ҳурматли соҳиблари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши чиқишмоқда. Уларнинг фикрича, расмийлар тиббиёт мутахассислари, ногиронлар ва маргинал гуруҳлар вакилларидан етарлича далилларни эшитмаган. Шу билан бирга, ҳатто эвтаназия ғоясини қўллаб-қувватловчи ёки унга бетараф бўлган баъзи шифокорлар ҳам кўриб чиқилаётган матндан хавотирда.

Хусусан, шифокорлар одамларнинг қачон ўз ҳаётини тугатишга мажбур бўлаётганини тўғри аниқлай олмаслигидан қўрқишади. Эвтаназия ҳуқуқининг қонун билан мустаҳкамланиши ижтимоий тенгсизликни кучайтириши ҳам мумкин. Бундан ташқари, тиббий прогнозлар ҳар доим ҳам тўғри эмас, шунинг учун беморлар эвтаназияни танлашлари мумкин, гарчи улар яна кўп ойлар ёки йиллар яшаши мумкин бўлса-да.

Эвтаназия тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга 2024 йилнинг октябрь ойида киритилган эди. Ўша йилнинг ноябрь ойи охирида британиялик депутатларнинг аксарияти уни иккинчи ўқишда маъқуллаганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?