Брежнев Тошкентдаги лимонзорда нега ҳушидан кетганди?

12:49 24 Июль 2018 Жамият
2720 0
Иллюстратив фото

Ўзбек лимончилигининг асосчиси Зайниддин Фахриддинов томонидан яратилган лимонзор бир пайтлар мамлакатимиз боғдорчилигининг кўркига айланганди. Шу боис Ўзбекистонга ташриф буюрган меҳмонлар, албатта, Қибрай туманидаги ўша машҳур лимонзорга ташриф буюришган. Улар орасида олий мартабали меҳмонлар ҳам бўлиб, халқ селекционерининг меҳнатига тасаннолар айтишган.

— Меҳмонларни кутиб олишда синглим иккаламиз доим иштирок этардик, — дея эслайди фахрий академик Зайниддин Фахриддиновнинг қизи, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Раъно Ходжаева. — Биз учун бу жараён байрамона тус оларди. Эгнимизда атлас кўйлак, сочларимиз чиройли турмакланган... Синглим меҳмонларга нон-туз олиб чиқса, мен уларнинг қўлларига гулдасталар тутқазардим.

Лимонзорга фазогир Владимир Жонибековтез-тез ташриф буюрарди. У фазога олиб чиқилган ўзбек лимонини биринчи бўлиб татиб кўрганини тўлқинланиб гапириб бергани ҳалиям кўз ўнгимда.

— Айтишларича, Брежнев лимонзорда ҳушидан кетган экан. Шу росми?

—Ўша ташриф кечагидек эсимда. Брежнев лимонзорга Шароф Рашидов ҳамроҳлигида кириб келганди. Машинадан тушиб, шу ерда йиғилиб турганлар орасидан отам билан қўл бериб кўришди-да, ўзаросуҳбатлашганча, иссиқхонага кириб кетишди. Бир маҳал Брежнев бўшашган алфозда чиқиб келди. Унинг мазаси қочган эди, аммо ҳушидан кетмаганди. Ўша заҳоти кимдир югуриб бориб, битта стул олиб келди. Брежнев ўша стулда бир оз тин олгандан сўнг ўзига келди.

Менинг фикримча, айримлар ўйлаганидек, унга иссиқхонанинг иссиқ ва нам ҳавоси эмас, аксинча, лимон гуллари кўпроқ таъсир қилган. Чунки ўшанда лимонлар ғуж-ғуж гуллаган эди. Бу пайтда жуда кўп миқдорда эфир мойлари ажралиб чиқади. Унинг ўткир ва хуш бўйи ҳар қандай кишини гангитиб қўйиши мумкин. Лимон гули таркибида эфир мойлари ниҳоятда кўп бўлади. Шунинг учун у косметика саноатида ўта қадрланади.

Зайниддин Фахриддинов томонидан “Золотое яблоко”, “Тошкент”, “Мейрь” каби лимон навлари яратилган бўлиб, улар серҳосиллиги, мевасининг йириклиги, ўзгача мазаси билан алоҳида ажралиб туради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?