Бозорда арзончилик: харидорга маза, деҳқонга-чи?!

11:53 09 Октябр 2024 Иқтисодиёт
209 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ота-боболаримизда деҳқончилик бўлса чилик-чилик, бўлмаса қимматчилик, деган ибора бор. Ҳақиқатан ҳам деҳқончилик бир ўхшаб қолса, қирқ йиллик қарзни узади. Акс ҳолда деҳқоннинг унга сарфлаган харажати пули чиқмаслиги ҳам ҳеч гап эмас.

Аммо кейинги йилларда деҳқончиликка ҳам илм-фан, инновация кириб келди. Эндиликда ерга экин экадиган ҳамюртимиз шунчаки табиат тасодифлари олдида мағлуб бўлишни истамайди. Ақл билан, бозор талаби ва эҳтиёжи асосида иш олиб бориб, мўмай даромад олишни кўзлайди. Меҳнати, интилиши ҳам шунга яраша.

Бу йил пишиқчилик мавсумида бозорларимиз тўкин-сочин. Мева-сабзавотнинг арзонлиги харидорга маза, лекин ушбу неъматларни етиштирувчи касод бўлмаслиги ҳақида ҳам ўйлаш керак. Фарғона вилоятида бу борада амалий саъй-ҳаракатларга киришилган.

Айнан, жорий йилнинг ўзида вилоятда 450 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Биргина мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида 34 та лойиҳа бўйича 132,6 минг тонна тонна маҳсулот қайта ишланиши кўзда тутилган.

Аммо бу ҳали бободеҳқон хотиржам маҳсулот етиштириши учун етарли бўлмаяпти. Мисол учун, ўтган йили Қува туманида 1 кг анор ўртача 15 минг сўмдан сотилган бўлса, бу йил 8-10 минг сўмдан сотилмоқда. Нарх ва харажатлар мутаносиб келмаётгани учун баъзи деҳқонлар ўз маҳсулотини яна қўшимча харажат қилиб, қиш-баҳор мавсуми учун музлатгичли омборхонага қўйишга мажбур. Шунда ҳам қиш ёки баҳорда нарх ошишига ҳеч ким кафолат бермайди.

Қувасойлик Неъматилло Баратов 1 гектар 20 сотих ерда замонавий иссиқхона ташкил этиб, помидор етиштиради. 12 та доимий яна қўшимча мавсумий иш ўринлари яратган. Бу йилнинг ўзида МДҲ давлатларига 80 тонна маҳсулот сотиш ҳаракатида. Аммо электр энергияси учун тўлов ҳамда кимёвий воситаларнинг қимматлиги маҳсулот таннархига салбий таъсир қилаётганини афсус билан таъкидлайди. Бугунги кучли рақобат шароитида эса бозор бундай юқори нархни кўтармайди.

Олтиариқда ҳам мавсумнинг энг қизғин палласида узумнинг нархи арзон бўлди. Бугун нарх бироз барқарор. Лекин аксарият томорқа эгалари етиштирган маҳсулотини аллақачон сотиб юборишга улгурди.

Боиси ҳозирча мева-сабзавотни қайта ишлаш тармоқлари етарли эмас. Айтайлик, бу йил вилоятда 34 та ана шундай янги корхона ишга туширилиши мақсад қилинган, лекин 9 ойда 15 та лойиҳа амалга оширилди. Қолган 19 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун икки ярим ой вақт етармикан?

Яна бир гап. Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати бўйича режалаштирилган 450 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг бор-йўғи 16 тасига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилмоқда, холос. Жорий йилнинг 9 ойида Фурқат, Риштон, Тошлоқ ва Бағдод тумани, Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳрида бу борада умуман хорижий инвестиция жалб этилмади.

— 2024 йилнинг 9 ойида агрологистика ва экспортни ривожлантириш учун 52 та, мева-сабзавотни ташиш хизматида 51 та янги лойиҳалар амалга оширилишига эришилди, — дейди Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси шўъба бошлиғи Алишер Ҳотамов.—Шунингдек, 1 та агрологистика хизмати ташкил этилди. 22 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари яратилди.

Аммо талаб ва таклиф ҳам кундан-кунга ўсиб бораётганини унутмаслик лозим. Вилоятда экспорт штаби фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда экспортчи корхоналарга маҳсулотнинг хориждаги нархи, йирик улгуржи марказлари, савдо агентлари, бренд компаниялар, логистика компаниялари, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш йўналишида юқори малакали хорижий технологлар тўғрисида таҳлилий маълумотлар бериб борилади.

Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати маълумотига қараганда, жорий йилнинг январь – август ойларида 215,5 минг тонна мева-сабзавот назоратдан ўтказилиб, 17 мингдан зиёд халқаро фитосанитария сертификатлари расмийлаштириб берилди.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа эгаларига қулайлик яратиш мақсадида фитосанитария лабораториялари, мобил сайёр лабораториялар ташкил этилган. Бу йил вилоятда Ўсимликлар клиникаси фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Фарғона вилоятида жорий йилда мева-сабзавот ҳамда озиқ-овқат саноати маҳсулотлари экспортини 661,1 миллион долларга етказиш прогноз қилинган. Бунинг учун имконият ва салоҳият етарли. Ҳамма гап куч ва салоҳиятни муштарак мақсад йўлида ўзаро умумлаштиришда қолмоқда.

Пировардида маҳсулот етиштирувчи зарар кўрмаслиги, унда танлаш имконияти бўлиши зарур.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер