Божхона қўмитаси 172 минг қутидан зиёд тамаки маҳсулотларини йўқ қилди

16:54 16 Май 2024 Жамият
167 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Божхона қўмитаси томонидан ўтган давр мобайнида ноқонуний муомаладан олинган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида ошкора йўқ қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Мазкур амалиёт кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланиб, бу каби тадбирларни мунтазам давом эттириш мақсадга мувофиқлигини кўрсатмоқда.

Шу боисдан Божхона қўмитаси томонидан пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида тамаки маҳсулотларини йўқ қилишга қаратилган навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда божхона органлари томонидан фош қилинган бир нечта ҳолатларда қонунбузарлардан олиб қўйилган ва суд ҳукмларига биноан йўқ қилиши белгиланган 172 392 қути тамаки маҳсулотлари махсус печларда ёқиб юборилди.

Йўқ қилинган тамаки маҳсулотларидан 154 320 қутиси 2023 йилнинг август ойида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан аниқланган ҳолатда ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган эди.

2023 йил 24 август куни ўтказилган мазкур тезкор тадбирда аниқланишича, 2 нафар фуқаро муқаддам Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтилган умумий қиймати 2 млрд сўмлик 32 номдаги 154 320 қути хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида яшаш хонадонида сақлаб келаётган бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг 2024 йил   23 февралдаги ҳукми билан ушбу шахслар Жиноят кодексининг 1861-моддаси 3-қисми “а” бандида (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Тадбир доирасида журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Унда Божхона қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидиемологик осойишталик, соғлиқни сақлаш идораларидан вакиллар иштирок этишди.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берар экан Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Отабек Чориев йўқ қилинаётган тамаки маҳсулотлари қуйидагиларга кўра контрафакт ва сифатсиз ҳисобланишини таъкидлади.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилиниши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилган бўлиб, тамаки маҳсулотининг қутисида тиббий огоҳлантириш яъни тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборотлар мавжуд эмас.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида” 2020 йил 20 ноябрдаги 737-сон қарорига мувофиқ, республика ҳудудида барча тамаки маҳсулотлари махсус код билан маркировкаланиши шарт этиб белгиланган бўлса-да, ушбу тамаки маҳсулотлари маркировкаланмаган.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тамаки маҳсулотларига ва спиртли ичимликларга акциз маркаларини жорий этиш тартиби тўғрисида” 1996 йил 14 августдаги     285-сон қарорига мувофиқ, акциз солиғи йиғимининг тўлиқлиги устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек нолегал ишлаб чиқаришнинг ва республика ҳудудига келтиришнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган тамаки маҳсулотлари мажбурий равишда акциз маркалари билан маркаланиши лозим. Бироқ, ушбу ҳолатда тамаки маҳсулотларида акциз маркалар мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2023 йилда аниқланган 291 та ҳолатда қиймати 92,2 млрд сўмлик 5,7 млн қути, жорий йилда эса 196 та ҳолатда қиймати 17,7 млрд сўмлик салкам 798 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер