Олмалиқдаги мактабда «тарбиявий суҳбат»дан сўнг ўқувчи қиз вафот этди

11:11 10 Февраль 2026 Жамият
987 0

Иллюстратив фото

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги мактабда ички ишлар ходимлари иштирокида ўтказилган «тарбиявий суҳбат»дан сўнг юқори синф ўқувчиси вафот этган. Бу ҳақда «Сукут сақлама» лойиҳаси хабар тарқатди.

Билдирилишича, лойиҳа таҳририятига ушбу мактаб ўқувчиларининг ота-онасидан мурожаат келиб тушган. Унда қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда ота-оналар қўмитаси вакили томонидан танқидий руҳда ўтказилган йиғилиш мактаб ҳудудида турли миш-мишлар тарқагани ва кейинчалик шу каби ҳолатларни олдини олиш мавзусида бўлган.

Бир гуруҳ қизларга қўпол оҳангда, баланд овозда «маъруза» ўқилганидан сўнг миш-миш тарқатишда «гумон қилинган» қизлар алоҳида суҳбат учун бошқа хонага чақирилган. Таъкидланишича, хонада асосан эркаклар бўлган. Суҳбатдан чиққан 10-синф қиз йўлакда ҳушини йўқотган. Тахминларга кўра, кучли стресс оқибатида қизнинг тромби узилиб кетган, уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган.

Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унда келтирилишича, воқеа жорий йилнинг 28 январь куни Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида юз берган.

Мактабнинг 10-синф ўқувчиси (2009 йилда туғилган) К.Й. мактаб йўлагида ҳушини йўқотган. Дастлабки тиббий ёрдамларга қармай ўқувчи вафот этган. Айни пайтда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Якуний хулосалар расмий текширувлар ниҳоясига етгач эълон қилинади», дейилади бошқарма хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?