«Болажоним, қотил қўллар сеники эмас»
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». ...Ўшанда 2024 йилнинг 24 июни эди. «Турғун (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз онасини ўлдириб қўйибди», деган шум хабардан Ғиждувон тумани «Пахтаобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қаллиқ қишлоғида истиқомат қилувчи ёшу қари бир қалқиб тушди. Қишлоқдошлар, қариндош-уруғлар «Балки бу гап ёлғондир» деган илинж билан Қаллиқнинг бир чеккасида мунғайибгина турган ҳовли томон шошдилар...
Шоҳсанам ая икки ўғил, икки қизни оқ ювиб, оқ таради. Кенжаси Турғун ҳали вояга етмай туриб турмуш ўртоғи вафот этди. Бу камлик қилганидек бир қизидан ҳам жудо бўлди. Тақдирнинг оғир зарбалари аёл қаддини букди. Боқувчисини йўқотган қай бир оилага осон бўлган, дейсиз?!
Камбағальни туянинг устида ҳам ит қопади, дейишганича бор. Етти йилча муқаддам ая оғир дардга чалинди. Кўзлари кўрмай қолди. Бу орада тўнғич ўғил уйланиб, уй-жой қилди, алоҳида яшай бошлади. Аянинг бор умиди энди Турғундан эди. Аммо йигитда институтга кириб ўқишга рағбат, иштиёқ сезилмади. Бирор бир ҳунар этагидан тутмагани дард устига чипқон бўлди.
Шунга қарамай, Шоҳсанам ая саломатлиги жойида маҳал амал-тақал қилиб, фарзандини уйлантирди. Невара кўрди. Тақдирнинг бу инояти аслида оиланинг эртанги иқболидан нишона эди. Бироқ оилавий низолар, келишмовчиликлар юзага қалқиб чиқди. Ўртадан меҳр-оқибат кўтарилди. Оила пойдеворига дарз кетди. Келин онасиникига кетиб қолди. Орадан бир мунча вақт ўтиб, Турғуннинг қаршисида алимент масаласи пайдо бўлди. Ишининг тайини йўқ, боз устига бор аламини ичкиликдан ола бошлаган кишида пул қайда?! Охир-оқибат боласига алимент тўламагани учун судланди. Кейин биринчи турмуш ўртоғидан расман ажрашмай туриб уйланди. Кўп ўтмай яна оилавий низолар бошланди.
— Ая жуда камтар, босиқ аёл эди, — дея эслайди маҳалла ҳудудидаги 48-мактаб ўқитувчиси Насиба Рустамова. — Адашмасам, 2010-2011 йиллар эди. Биласиз, ўшанда биз, муаллимларни ҳам пахта теримига жалб этишарди. Аянинг ҳовлисига ёндош далада турганимизда, чойнакда чой дамлаб олдимизга қўйган, сўнг хўрсинганича «Бир бўлак гўшту картошка бўлганида сизларга ширингина овқат қилиб берардим», деганди. Ўшанда алланечук бўлиб кетганмиз. Наҳотки, шундай тўкинчилик замонида шўрлик ая оддий бир картошкага зориқиб қолган бўлса, дея ўкинганимиз ҳам рост. Турғунга келсак, иккинчи синфда ўқиб юрганида унга дарс берганман. Одобли, тартибли, аммо тортинчоқ бола эди. Отасиз вояга етаётгани сезиларди. Тенгдошлари танаффус чоғида мактаб ошхонасидан ул–бул егулик олиб келиб тановул қилишганида бир чеккада маъюсгина турарди. Шунда мен болаларга синфда овқатланманглар, дея танбеҳ берардим. Мен уни вояга етгач, қийинчиликларга дош бера олмади, ҳаётга мослашолмади, деб ўйлайман. «Қайнона-келин» можароси назаримда, оловга мой сепгандек бўлди.
Қай бир файласуф айтгандек бола юраги оппоқ қоғозга ўхшайди. Унда нима ёзилиши бу кўп жиҳатдан оиладаги, ён-атрофдаги муҳитга боғлиқ. Ахир, бола жиноятчи бўлиб туғилмайди. Мактабни тугатиб, мустақил ҳаёт остонасида турган ўсмирни кимдир қаватига олиб, у ёки бу ҳунарга рағбат уйғотганида, устозлик қилганида Турғун ҳаётда оқу қорани фарқига борадиган, турмуш синовлари олдида бўй эгмайдиган йигитга айланармиди, деган мулоҳазага борасан, киши. Қолаверса, «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она», деган нақл бор.
— Айрим ёшларимиз китоб, газета-журнал мутолаасидан узоқлашиб кетишди, — дейди Насиба Рустамова ҳамроҳимиз, «Пахтаобод» маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Шаҳбоз Қаюмовнинг саволига жавобан. – Кўча-куйда баъзи ўғил-қизларнинг «уяли телефон»га ёпишиб олишганини кўраман. Ваҳоланки, ижтимоий тармоқлар шарқона маданиятимиз, одоб-ахлоқимизга зид алланимабалолар билан тўлиб-тошган. Афсуски, балоғат остонасида турган, ҳали оқу қоранинг фарқига бормайдиган айрим ёшлар уларнинг таъсирига тушиб қолмоқда. Бундайларга Отабеку Кумушбибиларнинг соф муҳаббати бегона. Мен бугун оила қуриб, эртага аразлашган, «сену мен»га борган ёшларга рўбарў келганимда бир устоз сифатида «Нима, сенларнинг муҳаббатинг остонагача эдими?» дея танбеҳ бераман. Шарқона тарбия масаласида оиланинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Муаллиманинг куйинганича бор. Турғунга ўхшаган баъзи ёшлар болаликдан китобга меҳр қўйишганида, уни энг яқин дўст деб билишганида, илму ҳунар ўрганишганида ҳаётда қоқилиб қолмас, оиланинг, ёр-биродарларининг қадрига етадиган, эл-юрт, жамият олдидаги бурчларини англайдиган киши бўлиб вояга етишлари мумкин эди.
Яна 2024 йилнинг 24 июнига қайтамиз. Ўша куни ўзи ишлаб турган фермер хўжалигидан 100 минг сўм миқдорида пул олган Турғун туман марказига йўл олди. У ердаги савдо дўконларининг биридан ароқ, пиво ва газакка деб қурут харид қилди. Таксида уйига қайтди. Уйда онасидан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Турмуш ўртоғини қайнотасиникига жўнатган йигит хонасига кириб ароқхўрлик қилди. Ўғлининг яна ичкиликбозликка берилганини сезган ая ўзини тута олмади. «Рўзғорга қарамайсан, ҳолимдан на сен, на келин хабар олади. Сени шу умидда катта қилганмидим», дея дашном берди.
Кўзи ожиз онани тушуниш мумкин. Сирасини айтганда, у ёзда дим, қишда зах, полсиз уйда ётиб туради. Бир пиёла чойини ҳам пайпаслаб топиб ичади. Ярим коса ёвғон шўрвага муҳтож бўлган дамларинику айтмай қўя қолайлик. Ногирон онасини шундай кўйга туширган фарзандга ҳар қанча лаънат айтса камлик қилади!
Хуллас, «шайтон суви»ни ичиб, одамийлик қиёфасини буткул йўқотган Турғун омборхонага борди. Сопи темирдан бўлган болтани олиб Шоҳсанам ая турган хонага кирди. Бу пайтда кўзи ожиз шўрлик она болам инсофга келди, деб ўйлаган чоғи болишдан бошини кўтариб «Турғун, сенмисан, кел», демоққа чоғланди. Аммо... аммо бир сўз айтишга ҳам улгура олмади...
Биз шу қишлоқда яшовчи меҳнат фахрийси Бахтиёр Болтаев ҳамроҳлигида Шоҳсанам ая яшаган уйга келдик. Бахтиёр аканинг айтишича, бу иморат ўрни бир пайтлар чангалзордан иборат бўлган.
— Раҳматли Жаббор ака ўтган асрнинг 80 йилларида шу қаровсиз ерни эпақага келтириб, уй-жой тиклаганди, — дея эслайди ҳамроҳимиз. — Афсуски, не-не умидлар билан қурилган бу уйдан файзу барака кетди.
Атрофи ўраб олинмаган, эгасиз, қаровсиз уйнинг чеккасидаги омборхона шипида бешик осиғлиқ турибди. Бир пайтлар Шоҳсанам ая мурғак боласини шу бешикка белаб, тунларни бедор ўтказган. Тинчгина ором олсин, дея аллалар айтган. Боласининг иссиғи чиқиб қолганида юрагининг бир парчаси узилгандек бўлган. Гўдагининг жажжи бармоқларини силаб, ширин-ширин орзулар қилган. Афсуски, бу бармоқлар йиллар ўтиб онаизорнинг бошларини силашга эмас, қотиллик қуролига айланган болтани ушлашга яради...
Айтмоқчи, Қаллиқ қишлоғида рўй берган мудҳиш воқеадан сўнг салкам 5 минг аҳоли яшаётган ҳудуддаги маҳалла «еттилиги» ишдан олинди. Маҳалланинг янги иш бошлаган масъуллари тегишли ташкилотлар кўмагида жиноятчилик олдини олиш, оилавий низоларга оқилона ечим топиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида муайян ишларни амалга оширишмоқда.
Кўзи ожиз онасининг қотилига айланган Турғун Жабборов жазосини олди. Жорий йилнинг 16 январида жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди мазкур жиноий ишни атрофлича ўрганиб, айбланувчини 18 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг