Болалар ташаббускорлиги ва етакчилик салоҳиятининг ёрқин ифодаси

13:26 21 Июнь 2025 Жамият
330 0

Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда болаларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши, иқтидори ва етакчилик қобилиятини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари бошчилигида болаларнинг ҳуқуқлари, қизиқишлари ва имкониятлари устувор аҳамият касб этмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилда Ўзбекистон болалар ташкилотининг 24-анъанавий анжумани юқори савияда ташкил этилди.

2024 йил 15-16 февраль кунлари Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида илгари сурилган ташаббус — Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш ғояси катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ташаббус доирасида ташкил этилган болалар ташкилоти бугун юртимиз миқёсидаги ўзига хос фаол ва ташаббускор болалар майдонига айланмоқда. Ташкилот болаларнинг иқтидори, ҳар томонлама кучли ва зукко бўлиб вояга етишида муҳим платформа вазифасини ҳам ўтамоқда.

Жорий йилнинг июнь ойи бошида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Ёшлар оромгоҳи»да бўлиб ўтган 24-анъанавий анжуман болаларнинг фаол иштирокида ўтди. Республика миқёсидаги 384 мингдан ортиқ сардорлар орасидан сараланган энг фаол ва иқтидорли 330 нафар Ўзбекистон болалар ташкилотининг «Болалар ҳаракати» сардори, ташкилот фаоллари ҳамда йил давомида ташкил этилган лойиҳа ва тадбирларда ғолибликни қўлга киритган болалар мазкур анжуманда қатнашди.

Анжуманда нафақат болалар, балки уларнинг фаолиятларини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар, мураббийлар, педагог ва давлат идоралари вакиллари ҳам иштирок этиб, болаларнинг таклиф ва ташаббусларини тингланди, бир сўз билан айтганда, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуман доирасида болалар учун турли хил тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, болаларнинг етакчилик қобилияти, ташаббускорлиги ва ижтимоий фаоллиги баҳолаш, юртимиздаги кўп миллатлилик ва бағрикенглик анъаналари тарғиб қилиш, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, болаларнинг ижодий фикрлаш қобилияти, саҳна маҳоратлари намоён қилиши учун замин яратиш мақсадида «Энг намунали «Болалар ҳаракати» сардорлари» танлови, «Халқлар дўстлиги куни» фестивали, «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда «Қувноқлар ва зукколар» беллашувлари ўтказилди.

— Болалар анжумани доирасида маҳоратли тренерлар томонидан болаларда мулоқот, жамоада ишлаш, тайм-менежмент каби кўникмалар шакллантириш мақсадида 10 дан ортиқ ўқув-семинарлар ҳам ташкиллаштирилди, — дейди Ўзбекистон болалар ташкилоти бошқарув кенгаши раиси Ҳасанбой Набиев. — Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуд сардорлари «Қадриятлар, урф-одатлар, анъана ва болалар» фестиваль кўргазмалари ҳамда «Биз келдик» миллий флешмоблар танловида иштирок этишди ва бу орқали болаларда миллий ғояга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуси янада мустаҳкамланди.

Анжуман доирасида ўтказилган энг муҳим тадбирлардан бири — «Энг намунавий «Болалар ҳаракати» сардорлари» республика танлови бўлиб, унда ҳар бир ҳудуддан ташриф буюрган 14 нафардан иборат Болалар ташкилотининг «Болалар ҳаракати» сардорлар жамоаси иштирок этди. Иштирокчилар 4 та шарт асосида беллашди ҳамда муносиб топилган жамоалар анжуманнинг ёпилиш маросимида эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қайд этиш жоизки, бу каби танловлар сардорларда жамоа билан ишлаш, ижодкорлик, масъулият ва ташаббускорлик қобилиятларини юзага чиқаришга хизмат қилади. Уларда лидерлик салоҳиятини баҳолаш, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш имкониятларини яратади.

— Мен ушбу анъанавий болалар анжуманида иштирок этаётганимдан жуда ҳам хурсандман, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси вакиласи, «UzChess» йўналиши сардори Саҳибжамал Алмағамбетова. — Сабаби мен бу анжуманда илк бор қатнашмоқдаман. Анжуман давомида ҳудудлардан келган тенгдошларим билан янги ғоялар ва таклифлар юзасидан фикр алмашдик. Айниқса, «UzChess» йўналишида болалар учун янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдик.

Дарҳақиқат, Саҳибжамал каби фаоллар болалар ўртасида интеллектуал салоҳиятни ошириш, спорт ва ақлий ўйинларни оммалаштиришга қаратилган ташаббуслари билан ажралиб туришмоқда. Уларнинг ғояю ташаббуслари келгусида умумреспублика даражасида татбиқ этилиши мумкин.

Анжуманнинг яна бир муҳим қисми — «Бўйинбоғсиз кун: Раҳбар ва болалар» учрашуви бўлди. Учрашувда Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттахонова ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этиб, болаларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Таъкидлаш лозимки, болалар томонидан тақдим этилган 50 га яқин ижтимоий, экологик ва таълимга доир лойиҳалар муҳим ва амалий ечимларга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Болалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита ва очиқ жавоблар олди. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.

Анжуман якунида ўтказилган танлов ва баҳолаш натижаларига кўра, ҳудудлардан келган сардорлар жамоаси бир қатор номинациялар бўйича ғолиб деб топилди ҳамда уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ишонамизки, бундай эътирофлар болаларнинг янада фаоллашиши, келгуси ишларда янада интилиш билан иштирок этишига туртки беради. шу маънода, Ўзбекистон болалар ташкилотининг 24-анъанавий анжумани мамлакатимизда болаларга қаратилган эътибор, ишонч ва уларнинг имкониятларини юзага чиқаришга бўлган саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодаси бўлди, десак, муболаға эмас. Албатта, бу каби анжуманлар ёш авлоднинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, уларнинг орзу-интилишларига йўл очиш, ижтимоий фаоллигини оширишда беқиёс аҳамиятга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?