«Болалар овқат топиш илинжида ахлат титишмоқда»: Исроил блокадаси туфайли Ғазода 57 киши очликдан ҳалок бўлди

09:58 04 Май 2025 Дунё
285 0

Исроил ҳукуматининг икки ой мобайнида Ғазога қўллаётган блокадаси туфайли ҳудуд чегарасида инсонпарварлик ёрдамларини олиб келаётган минглаб юк машиналари тўпланиб қолган. Оқибатда 57 нафар фаластинлик очликдан ҳалок бўлган. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, юк машиналарида фаластинликлар учун жуда зарур бўлган озиқ-овқат, дори-дармон ҳамда тиббий буюмлар мавжуд бўлган. Маҳсулотлар ўз вақтида етиб келмагани оқибатида очликдан азият чекаётган болалар озиқ-овқат топиш илинжида ахлатларни кўздан кечиришга мажбур бўлишмоқда.

Ғазо ҳукумати матбуот бўлимининг таъкидлашича, 3 май, шанба куни ҳалок бўлганларнинг аксариятини болалар, беморлар ҳамда кексалар ташкил қилган. Кўплаб халқаро ташкилотлар Исроил ҳукуматининг озиқ-овқат маҳсулотларидан уруш қуроли сифатида фойдаланаётганини қоралаб, халқаро ҳамжамиятни Исроилга чегараларни очиш учун босим ўтказишга чақирган.

Маълумотларга кўра, шанба куни Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги чегарада ҳаётий зарур бўлган юкларни олиб кетаётган кўп сонли юк машиналари тўпланиб қолган. Тирбандлик Рафаҳ чегара пунктидан тахминан 45 километр узоқликда жойлашган Ариш шаҳрига қадар чўзилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён 9 мингдан ортиқ ёш болалар тўйиб овқатланмаслик оқибатида турли хилдаги касалликларга чалиниб, тиббий муассасаларга ётқизилган.

«Al Jazeera» нашрининг Ғазодаги мухбири Ҳани Маҳмуднинг айтишича, ҳудуддаги болалар жон сақлаш илинжида фойдаланиб бўлинган консерва идишлари ичидан овқат қидиришмоқда.

Ғазо шаҳридан эвакуация қилинган Аҳмад ал-Нажжарнинг таъкидлашича, айни пайтда овқат топиш ҳамда тўйиб овқатланиш имконсиз вазифага айланган.

«Ғазодаги одамлар бирин-кетин хайрия ташкилотлари захиралари тугаб қолганликларини, ўз фаолиятини тўхтатаётганликларини, чунки улар аҳолига керакли ёрдамни тақдим эта олмаётганликларини кўриб туришибди. Бу жуда қайғули ҳолат», — дейди фаластинлик Аҳмад ал-Нажжар.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога қилган уруши давомида, шу бугунга қадар камида 52 минг 495 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 118 минг 366 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?