Бола ҳуқуқлари — республикамиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири

22:15 19 Ноябрь 2020 Сиёсат
6505 0

1989 йилнинг 20 ноябрь санаси БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси қабул қилинган кун ҳисобланади. Ушбу Конвенция инсон ҳуқуқлари тарихидаги энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Зеро, мазкур санадан эътиборан, бола ҳуқуқлари дунёнинг қайси минтақасида бузилмасин, уни ҳимоя қилиш борасида халқаро имконият вужудга келди. Конвенция бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари мустаҳкамланган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Амалдаги Конвенция бир қанча жиҳатлари билан муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, Конвенцияда илк бор бола тушунчаси ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинган. Бу ҳуқуқ субъектига болалардан ташқари, вояга етмаганлар ҳам киради.

Иккинчидан, Конвенция вояга етмаганларнинг халқаро ҳуқуқий мақомини шакллантирди. Шунга кўра, боланинг ҳуқуқ ва эркинлик доираси кенгайтирилди.

Учинчидан, ушбу ҳужжатда шафқатсиз қийноқ ва қуролли тўқнашувлар қурбони бўлган, шунингдек, қонунни бузган ва муомалага лаёқатсиз болаларнинг юридик ҳимояси назарда тутилган.

Тўртинчидан, унда болаларни баъзи бир салбий ҳодисалар (гиёҳванд¬лик ва руҳий таъсир этувчи моддаларни ноқонуний истеъмол қилиш, болаларни сотиш ва ғайриқонуний мақсадларга жалб этиб, улардан фойдаланиш) каби таъсирлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам алоҳида қайд этилган.

Бешинчидан, бола ёки ўсмир ҳуқуқларини ҳимоя қилишда камситмаслик тамойили эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга 1992 йилда қўшилган ва унда кўрсатилганидек болаларнинг барча ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, таъминлаш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Янги Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар 2016 йилда айнан «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун имзоланиши билан бошланди.

Мамлакатимизда болалар ва ёшлар фаолиятига доир жами 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида болалар ва ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашишнинг ҳуқуқий механизми яратилган.

Соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий қилинди ҳамда унинг ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегияси ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Шунингдек, аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашиш каби кўпгина муҳим вазифаларни амалга оширади

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.

Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда 4 та асосий йўналиш белгиланган бўлиб, булар яшаш, ривожланиш, ҳимояланиш ҳамда болаларнинг ўзларига бевосита тегишли қарор қабул қилинишида қатнашиш ҳуқуқларини таъминлашни ўз ичига олади.

Мазкур йўналишларда қайд этилган талабларнинг барчасига амал қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддалари билан мустаҳкамланган. Хусусан, бош қомусимизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаши, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ҳамда оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, шунингдек, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, белгилаб қўйилган.

Конвенция талаблари ҳамда Конституциямиз асосида мамлакатимизда қатор қонунлар қабул қилиниб, бу борадаги ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланди. Хусусан, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида», «Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (ОМБУДСМАН) тўғрисида», «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида», «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида», «Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунларда бола ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланиши билан боғлиқ муносабатлар иштирокчилари ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари аниқ акс этган.

Умуман, бугунги кунда Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос миллий-ҳуқуқий тизим шаклланган бўлиб, айни пайтда мамлакатимиз бу йўлда дадил қадам ташлаётган давлатлардан биридир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг зарур ҳуқуқий базаси яратилди. Унга кўра бола ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш механизми ишлаб чиқилиб, давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг изчил олиб борилаётган фаолиятида намоён бўлмоқда. Шу боис, бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар ва кафолатлар яратиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.

БАХТИЁР САЙФУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер