Бойсундаги «М-25» конида вазият қандай? Вазирлик баёноти ҳақиқатга мос келадими?

15:08 21 Январь 2025 Жамият
357 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бугун интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар ва «Telegram» мессенжерида Бойсун туманидаги «М-25» кони жойлашган ҳудудда оловли майдонлар юзага келгани ҳақидаги видео тарқалди ва фойдаланувчилар томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Баёнотда мазкур кон ҳудудида кичик ҳажмда тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилаётгани айтилади:

«Айтиш жоизки, «М-25» кони ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар кузатилмаган.

Бугунги кунда 2024 йил сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти.

604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган.

Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат.

Ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради.

Режалаштирилган консервация ва профилактика ишлари мазкур технологик жараённинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар бошқача талқин қилиши мумкин бўлган бир қатор операциялардан иборат. Бунга ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳа яхши мисол бўла олади», дейилади Энергетика вазирлигининг муносабатида.

Аслида Бойсундаги вазият қандай? Вазирлик баёнотида келтирилган важлар ҳақиқатга тўғри келадими? Ушбу саволларга жавоб олиш учун маҳаллий аҳоли вакилларининг фикрлари билан қизиқдик:

— Ҳақиқатдан газ сизиб чиққанда, ҳали жиловланмаган пайтлари унинг ҳиди нафақат Кофирун қишлоғида, балки узоқ-яқин маҳаллаларга ҳам кенг тарқалди, — дейди «Хўжабулғон» маҳалласида яшовчи Норқул Воҳидов. — Унга чидаш қийин эди. Уйларнинг ичида олтингугурт ҳиди ўрнашиб қолди. Босқичма-босқич техноген вазият бартараф этилди. Ростдан, тўпланиб қолган газ ёқилганидан бери ҳавода газ ҳиди йўқ. Ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари анчадан буён олиб борилмоқда. Ушбу видеони тасвирга тушириб, тарқатган киши ҳудуддан биринчи маротаба ўтаётган бўлиши мумкин. Балки ҳаяжонлангандир, эҳтимол, бошқа мақсадда қилгандир...

— Видеони тасвирга олган кун «қаҳрамони» яхшиям шу кунларда оловнинг пастлаганини кўрибди, — дейди «Кофиурн» маҳалласида яшовчи Шаҳноза Холбоева. — Зарарсизлантириш учун дастлабки ёқилган пайтини кўрганида нима деб тарқатарди?! Ўша пайтлари олов жуда баланд эди. Ҳозир пастлаб кетди. Муҳими, ҳавода газ ҳиди йўқ. Аҳолининг бу борадаги хавотири ҳам ариди. Илоҳим шундай бўлсин. Мутахассислару масъуллар бу борадаги муаммолар буткул бартараф этилишини айтишяпти. Биз давлатимиз қудратига ҳам, олимларимизнинг салоҳиятига ҳам ишонамиз. Баъзилар вазиятни тушунмасдан, тахминларга асосланиб бу каби хабарларни тарқатаётгани фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?