Боғдодни Боғи Эрамга айлантирган аёл

17:54 29 Август 2025 Жамият
99 0

Ҳар тонг отамдан қолган далаларга йўл оламан. Бир кун даламни кўрмасам соғинаман. Меҳнат ҳаётимнинг мазмунига айланган. Ерга меҳр бериб, асло кам бўлганим йўқ. Меҳнаткаш фермер аёл сифатида элу юртнинг ардоғидаман. Фермер хўжалиги раҳбариман.

Боғдоднинг эллик гектар лалми ерларида пахта ва ғалла етиштирамиз. Бу йил тажриба тариқасида 6 гектар майдонда Хитой пахта навини парваришладик. Ҳар гектар ердан камида 50 центнердан ҳосил олишни мақсад қилганмиз. Қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган олий таълим муассасаларини тугатган фарзандларим Жасурбек ва Жамшидбек ҳам қанотимга кирган. Уларнинг тавсияси билан яқин йилларда тўлиқ шу пахта навини экишни режалаштиряпмиз. Деҳқончиликда барака бор. Фақат пахта, ғалладан келадиган даромадга қараб қолганимиз йўқ. Асаларичилик, чорвачилик хўжалигимизнинг яна бир сердаромад тармоғи ҳисобланади. Дала қозони учун зарур бўладиган барча мева-сабзавотларни тўлиқ ўзимизнинг боғда етиштирилади.

Маҳалладошларим ҳам фермер аёл, ҳам намунали оила бекаси сифатида ҳурмат қилишади. Ўзим истиқомат қиладиган “Чекмирзаобод” МФЙда “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбариман. Баъзан арзимаган келишмовчиликлар туфайли ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга бош-қош бўламан. Жамиятимизда фермер аёллар бармоқ билан саноқли. Лекин аёл фермер бўлса, у яшаётган маҳалла ҳам гулдай яшнаб кетади. Кейинги йилларда чекка ҳудуд бўлишига қарамай, маҳалламизга эътибор кучайди. Қишда лой, ёзда тупроқ кўчаларимиз асфальт қилинди. Энди келинлар челаклаб кўтариб узоқ масофалардан сув кўтариб келишга ҳожат қолмади. Маҳалламизга ичимлик суви тармоғи тортилди. Ҳар бир хонадонда электр таъминоти яхшиланди. Фермер сифатида бундай ташаббусларга доимо “лаббай” дейман, шу эзгу ишларнинг бошидан турганларнинг қаватига кириб ўз ҳиссамни қўшаман. Кам таъминланган оилаларни оёққа туриб кетишига кўмаклашаман.

Инсоннинг қўли ва кўнгли очиқ бўлса, ишлари ҳам юришади. Мамлакатимиздаги ҳаётбахш ислоҳотлар туфайли кейинги йилларда хўжалигимизни янада гуллаб-яшнатадиган бир неча замонавий техникалар сотиб олдик. Ҳозир моддий-техник базамиз анча яхшиланди. Энди чорвачилик тармоғини жадал ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Фермер хўжалигимизда қанча хотин-қизлар ишлайди. Бугун жамиятимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эҳтиром ва эътибор барча аёллар каби мен ҳам янада ғайрат билан ишлашга, янги ғояларни татбиқ этишга ундамоқда.

Обидахон РАҲИМОВА,

Бағдод туманидаги “Боғи эрам Бағдод”

фермер хўжалиги раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?