Бобур шаҳрида минг ўринли замонавий амфитеатр барпо этилмоқда

11:24 04 Март 2026 Жамият
252 0

Андижон тумани адирликларида бунёд этилаётган Бобур шаҳрида минг ўринли замонавий амфитеатр қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Лойиҳа доирасида ушбу маҳобатли иншоот энг илғор меъморий талаблар асосида барпо этилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда томошабинлар учун барча қулайликлар билан таъминланади.

Келгусида амфитеатр оммавий маданий тадбирлар, халқаро фестиваллар ва концерт дастурларини ўтказиш учун хизмат қилади. Қурилиш ишлари сифат талабларига мувофиқ ҳолда, доимий назорат остида амалга оширилмоқда.

— Шаҳримизда аҳоли учун кундан-кунга янги ва қулай шароитлар яратилаётгани биз, фуқароларни жуда қувонтиради, — дейди Бобур шаҳрида истиқомат қилувчи Ферузахон Худоқулова. — Шу вақтгача фойдаланишга топширилган «Ватанпарвар боғи» ва «Янги Ўзбекистон» боғлари нафақат маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган маскан, балки аҳолининг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётган энг севимли дам олиш жойларига айланди. Янги амфитеатр қурилиши эса шаҳримиз кўркига яна бир кўрк қўшади.

Келгусида 440 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилиши режалаштирилган Бобур шаҳридаги мазкур минг ўринли амфитеатрни жорий йил якунига қадар фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Шунингдек, шаҳарсозлик концепциясига мувофиқ, бу ерда нафақат замонавий турар-жой мажмуалари, балки «Smart City» — «Ақлли шаҳар» лойиҳаси доирасида университетлар, юқори технологик тиббиёт марказлари ва инновацион технопарклар барпо этилиши режалаштирилган. Бу эса Бобур шаҳрини нафақат Андижон вилоятининг, балки бутун Фарғона водийсининг йирик иқтисодий ва маданий марказларидан бирига айлантиради.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?