БМТнинг Ғазо секторидаги гуманитар операцияси тўхтатилмоқда

16:46 15 Ноябрь 2023 Дунё
652 0

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA)нинг Ғазо секторидаги гуманитар операцияси энергия ресурслари етишмаслиги сабабли тўхтатилади. Бу ҳақда UNRWA раҳбари Филипп Лазарини маълум қилди.

“Икки миллиондан ортиқ одамнинг ҳаёти боғлиқ бўлган Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами босқичма-босқич тугатилмоқда, чунки 7 октябрдан бери Ғазо секторига ёқилғи етказиб берилмаяпти”, деди Лазарини.

Қайд этилишича, агентлик уч ҳафта олдин ёқилғи заҳираларининг тез тугаши ва унинг танқислиги ҳақида огоҳлантирган.

Лаззарини, шунингдек, энергия ресурсларидан уруш қуроли сифатида фойдаланишни кескин қоралади.

Аввалроқ, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир ал-Габаш БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти анклавдан олиб чиқилишини маълум қилганди. Унга кўра, БМТ агентликлари Исроилга бўйсунган ва анклавни тарк этган.

Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олди.

Шундан сўнг Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди. Мамлакат мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади.

Олдинроқ, ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Усама Ҳамдан 7 октябрь, можаро авж олганидан бери Исроил Ғазо секторига 35 минг тонна портловчи моддани ташлаганини маълум қилган эди.

Шунингдек, у АҚШ ва шахсан президент Жо Байденни Ғазо секторидаги оммавий қотилликларда айблади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?