БМТ ташкилоти Ўзбекистондаги яна бир лойиҳасини якунлади

10:44 19 Декабрь 2025 Жамият
181 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин ҳамкорликда «Мактабларда овқатланиш тизимини синовдан ўтказиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш ва соғлом овқатланишни яхшилашга кўмаклашиш» лойиҳасини амалга оширди.

Бугун пойтахтимизда мазкур лойиҳанинг якуний семинари бўлиб ўтди. Тадбир лойиҳа доирасида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, амалий тажрибалар ва олинган сабоқларни муҳокама этиш, шунингдек Ўзбекистонда мактабларда овқатланиш тизимини барқарор ривожлантириш ва кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқишга бағишланди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, экспертлар, синов-тажриба мактаблари, ота-оналар ва ўқувчилар вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар лойиҳа доирасида эришилган натижаларни кўриб чиқиб, олинган тажрибалар билан ўртоқлашдилар ҳамда мактабларда овқатланиш тизимини миллий миқёсда барқарор ривожлантириш ва кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Лойиҳа ишга туширилганидан буён ФАО кўмагида Ўзбекистон мактабларида овқатланиш муҳити мустаҳкамланди. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш бўйича амалиётлар такомиллаштирилди, ўқувчилар, ўқитувчилар ва мактаб ошхоналари ходимлари учун ўқув ва методик материаллар ишлаб чиқилди, ахборот-тарғибот тадбирлари синовдан ўтказилди ҳамда мактабларда соғлом овқатланиш масалалари бўйича миллий мулоқот қўллаб-қувватланди. Лойиҳа миллий идоралар ва синов-тажриба мактаблари билан яқин ҳамкорликда амалий ечимларни синовдан ўтказиш ҳамда институционал салоҳиятни оширишга қаратилди.

Семинар очилишида ФАО ва ҳамкор вазирликлар вакиллари хавфсиз, тўйимли ва барқарор мактаб овқатланиш тизимини таъминлашда тармоқлараро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, лойиҳа таълим, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат тизимлари соҳаларидаги миллий ислоҳотларга қўшган ҳиссаси қайд этилди ҳамда болалар ривожи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мактабларда овқатланиш тизимининг муҳим ўрни яна бир бор тасдиқланди.

«Мазкур лойиҳа доирасида мактабларда овқатланиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий ёндашувлар синовдан ўтказилди. Олинган тажриба мактабларда соғлом ва хавфсиз овқатланишни ривожлантиришга қаратилган кейинги қадамлар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади,» — деди ФАО нинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Тадбир дастурида лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган ўқув материаллари, шунингдек тайёрланган видео ва бошқа коммуникация маҳсулотларининг дастлабки намойиши ўрин олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?