БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларда янги тенденциялар

13:19 23 Сентябр 2020 Сиёсат
2103 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти(БМТ) Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан тарихда илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтказиляпти. Президентимиз жорий йил 23 сентябрь куни мазкур юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этади. Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарларини тақдим этади ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.

Шу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Юртбошимиз 2017 йил сентябрь ойида Ню-Ёрк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқларида ҳам қатор муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазаларини баён этган эдилар. Жумладан, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақанинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича билдирган фикрлари, денгиз картасини қўлига олиб, донор давлатлар билан халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратганлари – бу халқимиз томонидан ҳеч қачон унутилмайдиган тарихий воқеалардан саналади.

Албатта, давлатимиз раҳбари ташаббуслари барча жабҳалар қатори глобал экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг ноябрь ойида БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди. Мазкур фондга шу куннинг ўзида Хитой, Норвегия, Қатар сингари бир қатор давлатлардан донорлик маблағлари келиб тушгани, буларнинг барчаси Орол муаммосининг чин маънодаги бутунжаҳон муаммоси сифатида тан олинганлигидан далолат беради.

Мазкур жамғарманинг мақсади – халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донор ҳамжамиятининг маблағларини Оролбўйи минтақасидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган мураккаб чора-тадбирларни амалга оширишга сафарбар этишдан иборат. Ташкил этилганидан буён донорлар томонидан Жамғармага 11,2 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилган.

Жорий йил июль ойида Траст жамғармаси Бошқарув қўмитасининг видеоконференция тарзидаги бўлиб ўтган 4-йиғилишида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик Траст жамғармасининг 2019 йил декабрь ойида ўтказилган биринчи қабули доирасида лойиҳавий молиялаштириш учун тақдим этилган талабномаларни баҳолаш натижалари кўриб чиқилди. Талабномаларнинг биринчи қабули доирасида умумий қиймати 3,1 миллион долларга тенг бўлган 2 лойиҳа тасдиқланди ва молиялаштирилди.

Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига Финляндия 1 миллион евро, шунингдек, Европа Иттифоқи 5 миллион евро миқдорида маблағ йўналтирди. Корея Республикаси ҳукумати билан Жамғармага 1 миллион евро миқдорида ҳисса қўшиш тўғрисида битим имзоланиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам Орол инқирозининг салбий оқибатларини юмшатиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари давомида берилган топшириқлари асосида ҳудудда экологик муҳитни яхшилаш ҳамда Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича маҳаллий ижро ҳокимлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, Мўйноқ, Қўнғирот, Тахтакўпир, Қораўзак ҳамда Кегейли туманлари ҳокимларининг экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.

Қорақалпоғистон Республикасини 2019-2021 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида соғлиқни сақлаш тизими, қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат, сайёҳлик ва кимё саноатини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик мингдан ортиқ лойиҳани ўз ичига олади. Шу баробарида, Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йиллардаги Инвестиция дастури доирасида Қорақалпоғистонда умумий қиймати 3,4 миллиард долларлик 28 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Минтақани янада ривожлантириш бўйича комплекс ишларнинг устувор йўналишлари саноатни ривожлантириш, турли соҳаларда катта ва кичик ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни кенг жорий этиш, аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналари учун қулай замонавий инфратузилма яратиш, шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг яшаш даражаси ва турмуш сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш ҳисобланади.

Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил қилинди. Марказнинг асосий вазифалари Орол денгизи қуриган тубида шўрланган ерларда экотизим ва барқарор турмуш даражасини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан инновация ва ерларнинг шўрланган ҳудудда экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш, тажриба учун экспериментал майдонларни яратиш, технологик трансфер ва шўрланиш шароитида тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, ушбу соҳада давлат-хусусий секторлар ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги халқаро инновацион ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этиш ҳисобланади.

Марказ ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Оролбўйи ҳудудида инновацияларни қўллаб-қувватлаш» жамғармаси ташкил этилди.

Марказ томонидан бугунги кунда маҳаллий ва хорижий илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва бир қатор халқаро ташкилотлар билан ўзаро англашув, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳамкорлик қилиш бўйича жами 23 та меморандум имзоланган. Ҳозирги кунда Марказ томонидан Япониянинг “OYO Corporation” корпорацияси, «Қурғоқчил ерлар (арид) илмий-тадқиқот Маркази» (Тоттори университети, Япония), Япониянинг Киото университети, Россия Федерациясининг И.М.Губкин номидаги давлат университети ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда турли соҳалар бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда. Канаданинг маҳаллий ташаббуслар фонди (CFLI) билан ҳамкорликда «Оролбўйи аҳолисининг атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича хабардорлигини оммавий ахборот воситалари ёрдамида ошириш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 12 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига кўра “My garden in the Aral Sea” («Оролдаги боғим») агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Қарорда асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг молиявий ва моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, унинг тажриба-синов майдонларини кенгайтириш ҳамда тузилмасини такомиллаштириш, Оролбўйи ҳудудида инновацион ва илмий ишланмаларни янада кенгроқ жорий этиш масалаларига катта диққат қаратилган.

Юртбошимиз ташаббуслари билан экология соҳасида амалга оширилаётган, жумладан, Орол денгизининг қуриган майдонларидан кўтарилаётган тузли қумлар учун «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида 2019-2020 йил фақат қиш-баҳор даврида 1,2 миллион гектар майдонга саксовул, қандим ҳамда чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди..

Ўрмонлаштириш тадбирлари денгиз чекингандан кейин, яъни ўтган асрнинг 80 йилларида бошланган бўлиб, қарийб 40 йил давомида атиги 400 минг гектар майдон ўрмонлаштирилган эди. 2018 йилгача, яъни янги ўрмонлаштириш даври бошлангунга қадар, Мўйноқда ўрмонлаштириш тадбирларига атиги иккита трактор (Т28 маркали) ва 10-15 ишчи жалб қилинган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич бир неча юз баробарга ошган.

2018-2019 йилларда Орол денгизининг қуриган майдонларида 1500 га яқин ишчи (жумладан маҳаллий аҳоли) кучи ёрдамида 1532 тонна чўл ўсимликлари уруғи (саксовул уруғидан 1459 тонна ва қорабарақ уруғидан 73 тонна) тайёрланган эди. Кенг қамровли ободонлаштириш ишларида 2 та самолёт (АН-2) ва 500 га яқин махсус техниклардан фойдаланилган. Шу техникалар ёрдамида 1 миллион 126 минг гектар майдонда қариқ (борозда) тортиш ишлари олиб борилди ва 461 минг гектар майдонда саксовул уруғлари экилди, кўчатлари ўтқазилди.

2019-2020 йилларда денгизнинг қуриган майдонига, яъни Возрождение ва Ақпеткей ҳудудларига 700 минг гектар майдонда «яшил қоплама» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилиш учун чўл ўсимликларини экиш белгиланган эди. Март ойи охирларида белгиланган режалар ортиғи билан бажарилди – Оролнинг суви қуриган 706 минг 401 гектар майдонида ўрмонлаштириш ишлари олиб борилди. 40 минг 284 гектар майдонда кўчатдан экилди, 663 минг 103 гектар майдонга техникаларда (самолёт, дельтаплан ва тракторларда) уруғ сепилди. Мавсум давомида қарийб 167 минг гектар ер майдони экишга тайёрланди.

Ўрмонлаштириш тадбирлари учун 2 минг 770 тоннага яқин чўл ўсимликлари уруғлари тайёрланди. Шундан 600 тоннага яқини Мўйноқ тумани аҳолиси томонидан тўпланди. Экишга асосан саксовул уруғлари, ундан ташқари қорабарақ, қандим, черкез ва бошқа чўл ўсимликлари тайёрланди ва экилди. Оролнинг қуриган тубида ўрмонлаштириш тадбирларига 850 та техника (жумладан 4 та самолёт) ва 2500 дан ортиқ ишчилар жалб қилинди.

Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга кўмаклашиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида экологик акциялар ўтказилди.

Ушбу акцияларда доирасида Мўйноқ туманида «Дўстлик экобоғи»ни барпо этиш бўйича экологик ҳашар ташкил этдилар. Экологик партия фаоллари томонидан олиб келинган 5 мингга яқин манзарали ва мевали кўчатлар ўтказилиб, экобоғнинг теварак атрофлари обод қилинди.

Ўзбекистон Экологик партияси ходимлари «Орол денгизи ҳудуди - экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этди.

2019 йилнинг 17-22 октябрь кунлари Ўзбекистонда илк бор Ўзбекистон Экологик партиясининг ташаббуси билан «Биз келажак учун жавобгармиз» шиори остида “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафони ўтказилди. Экологик марафон Ўзбекистоннинг 6 та шаҳрида, яъни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Мўйноқда 30 минг киши иштирокида бўлиб ўтди. Ушбу марафонда нуфузли халқаро ташкилотлар, БМТТД, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар. Марафоннинг асосий мақсади – Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинишига, Орол фожиаси ҳақиқатдан ҳам глобал миқёсдаги муаммо эканлигига жамоатчилик эътиборини жалб қилишдир.

Ўзбекистон Экологик партияси 2020 йил 16-21 февраль кунлари партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари томонидан «Оролга мадад» акцияси акцияси ташкил этилиб, саксовул уруғларини йиғиш ишлари амалга оширилди. Партиянинг барча ҳудудий ташкилотлари томонидан 3000 кг яқин саксовул уруғлари тўпланиб, Орол бўйига етказиб берилди.

Юртбошимиз мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Мўйноқ тумани ва марказига ҳам ташриф буюриб, шаҳарни ривожлантириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришга кўрсатма берган эди. Шундан сўнг дастлаб узоқ йиллар давомида аҳоли учун туман марказидаги энг катта муаммолардан бири бўлган ичимлик суви масаласи ечилди. 2017 йилда Қўнғирот тумани марказидан Мўйноқ шаҳригача бўлган 101 километрлик ҳудудга ичимлик суви тортиб келинди ва аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Президентимизнинг 2018 йил ноябрь ойида туманга ташрифларидан сўнг мўйноқликлар турмуши бутунлай ўзгарди. Кичик шаҳарда катта-катта бунёдкорликлар амалга оширила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил йил 16 январда «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. Мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳам ҳаётга татбиқ этилди. Дастурга кўра, 2019 – 2021 йилларда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Жумладан, Мўйноқ туманининг «Бозатау» овул фуқаролар йиғини ҳудудида бўш ётган 12,7 га ер майдонда «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи ишга тушди. Оромгоҳ Юртбошимизнинг 2018 йилнинг ноябрь ойидаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари давомида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган топшириқлари асосида бунёд этилди. «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳига мавсум давомида 4 сменада жами 600 болани соғломлаштириш режалаштирилган. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Жисмоний тарбия машғулотлари учун футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва болалар сузиш бассейни бор. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхоналари замонавий ускуналар билан таъминланган. Оромгоҳда 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. «Оқ кема» оромгоҳи атрофига боғ яратиш мақсадида 5 гектар ер майдонига уч мингга яқин мевали ва декоратив дарахтлар экилган.

Шунингдек, Мўйноқ аэропортини янгитдан қуриб битказилди. Мўйноқ марказига ҳаво кемаси орқали нафақат республикамиз пойтахти ва бошқа вилоятлардан йўловчилар, балки хорижлик туристларнинг ҳам келиб кетишига ҳам халқаро талабларга мос шароит яратилди. Мазкур аэропорт Орол денгизини кўриш учун келган сайёҳлар катта қулайлик бўлди.

Янги аэропорт Нукус – Мўйноқ – Орол денгизи маршрути бўйича ҳам самолёт ва вертолётлар қатновини йўлга қўйишга имкон беради. Келгусида ушбу аэропорт орқали нафақат шаҳарлараларо, балки халқаро йўналишларда ҳам йўловчи самолётларини қабул қилиш ва жўнатиш режалаштирилган.

Алоҳида эътироф этиш жоиз, Ўзбекистон жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва йирик халқаро ташкилотлари билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилиши асносида унинг фаолияти доирасидаги географик ҳудуди, кўлами янада кенгайиб бормоқда. Президентимиз 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришни давом эттиришимиз зарур. Орол муаммосини ҳал этишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Орол денгизи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича БМТ билан тузилган Траст фондига катта ишонч билан қараймиз. Биз Ўзбекистоннинг 2021-2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши масаласини изчил илгари суриш ниятидамиз», деб алоҳида кўрсатиб ўтганлиги Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларида янги тенденцияларни намоён қилди. Албатта, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилаётгани барчамизга фахр ва ғурур бағишлайди.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,|
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?