Биздан ғамхўрлигини аямаётган мурувватли инсонлардан бир умр миннатдорман — Аломатхон Отахонова
Фото: “Халқ сўзи”
Наманган вилоятида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури ижроси доирасидаги вазифалардан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан йил бошидан буён ушбу тоифадаги шахсларга 143 дона, шундан 121 таси электрон юритувдаги ногиронлик аравачалари, 12 та эшитиш мосламалари, 4 та қўлтиқтаёқ ва 2 та ҳасса беминнат топширилди.
— Ушбу ишларда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Давлат активлари агентлигининг катта ҳиссаси бўлганлигини таъкидлаб ўтиш ўринлидир, — дейди “Маҳалла” жамоат фонди Наманган вилоят бўлими бош мутахассиси Жобирхон Шокиров.— Масалан, юқорида кўрсатилган электрон юритувдаги аравачалар учун агентлик ҳомийлик маблағлари ажратиб берди. Улар ҳар бир шаҳар ва тумандаги 8-10 нафардан 15-30 ёшлиларга топширилди. Бу билан айни ёшдаги ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилаётган инсонларни қўллаб-қувватлаш, берилган электрон аравачалар ҳисобидан ўз бизнесларини йўлга қўйиш, ўқишга ўз вақтида етиб боришларига кўмаклашиш, тенгдошлари иштирокидаги тадбирларда фаол бўлишларига ёрдамлашиш кўзда тутилган.
Фақат бугина эмас. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг оилаларига имкон қадар кўпроқ ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Ногирон шахсларни зарур дори-дармонлар, тиббий анжомлар ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлашга кўмаклашиш” мавзусидаги грант танловларида иштирок этиб, олинган маблағлар ҳисобидан ҳам кўплаб фуқароларга моддий ва маънавий кўмак берилди.
— Тўғрисини айтсам, ногиронлиги бор шахсларнинг кўнгли ярим бўлиб қоларкан, — дейди Поп тумани “Ултарма” маҳалласида яшовчи Аломатхон Отахонова. — Кейинги вақтда саломатлигим ёмонлашиб юришда қийинчиликларга дуч келдим, на қўшнилар, на қариндошлар билан дийдорлашиш имконияти йўқлигидан ёлғизланиб қолгандай бўлгандим. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан ногиронлик аравачаси олиб келишган куни кўнглим бирдан ёришиб кетди. Биздан ғамхўрлигини аямаётган мурувватли инсонлардан бир умр миннатдорман.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг