“Биз дам олсак, ким ишлайди?..”

15:23 23 Декабрь 2024 Жамият
272 0

Ижтимоий тармоқларда, ободонлаштириш ходимлари инсоний бир илтимос билан чиққанини кўпчилик қўллаб-қувватлади. Лекин, афсуски, бу каби чақириқлардан ҳаммамиз ҳам ҳушёр тортмаяпмиз.

Бугун эрта саҳардан супуриб-сидирилган катта кўчаларнинг атрофидаги бетон ариқчалар кечга бормай чиқинди билан “безанса” бунга нима дейсиз?! Биз фақат ейиш учун туғилганмизми, азизлар?! Сал инсоф билан-да! Саратону қиш кунларида ҳам музқаймоқнинг қоғози-ю, писта пўчоғидан тортиб, елим идишларгача ҳар қадамда учратавериб, кўзларимиз ҳам кўникиб қолган. Кўпчилигимиз бунга бефарқ қарашга одатланганмиз. Жамоат жойларида чиқинди идишларининг камлигидан нолийдиганлар ҳам топилади. Чиқинди идиши етарли бўлса ҳам, одамнинг мияси чиқиндига тўла бўлса, белгиланган қутига эмас, дуч келган жойга ҳамма нарсани ташлаб кетаверса, бу руҳий касалликни қандай даволаса бўлади?! Гапларим сал ғалатироқ туюлса узр, руҳий соғлом, ички маданияти бор одам шундай номақбул иш қиладими, ахир?!

Ободонлаштириш ходимлари пойтахтимиз кўчаларини ҳар қанча озода, тоза сақлашга уринмасин, кўпчилигимиз бунинг аксини қиляпмиз, кўчаларимизни, хиёбонларни озода сақлаш ўрнига истаганимизни қиляпмиз. Энг аламлиси, бундан заррача виждони қийналмайдиганлар кун сайин кўпаймоқда.

Машинадан сув идиш ёки бошқа нарсаларни улоқтираётганлар улардан ҳам баттарроқ бефаросатлиги аниқ! Ўзганинг меҳнатини қадрламаган одамни ўз қадрини билганига ҳайронсан! Бетарбиялик, маданиятсизликнинг энг хунук кўриниши шу бўлса керак.

— Ёмғирми, қорми, ёзнинг иссиғими, иш вақтимизда ишлашга мажбурмиз, — дейди ободонлаштириш ходимаси Гуллола Қодирова. — Яқинда бир қизиқ воқеа бўлди. Телефонларимизга СМС келади. Куннинг иссиғи, совуғида ташқарига чиқманг, сояда, иссиқда бўлинг, деган. Ўйлаб кўрсак, бу маслаҳатларнинг бирортаси бизга керакмас экан. СМСни ўқиган шекилли бошлиғимиз ҳам “Биз уйда ўтирсак, ким ишлайди?! Бу гаплар бизга аталмаган, қани, ҳамма ўз ишига...” деб ҳаммамизга ишимизни тақсимлаб берди.

Очиғи, ёзда соя-салқин, қишда иссиққина хоналарда ишлаётганларга ҳавасимиз келади. Лекин ишхонасининг остонасигача тозаласак ҳам, гоҳида қўлимизни ювишга ҳожатхонага киришга рухсат бермайдиганлар бор. Оддийгина шу илтимосимизни ҳам рад қилишганида кўнглимиз оғрийди. Ҳар хил одам бор. Йўлларда ишлаётсак, машинасини тўхтатиб, отамизга раҳмат айтиб, ҳаммамизга сув улашиб, дуоларимизни оладиганлар ҳам бор. Аёлнинг гапларини эшитиб, шундай ҳалол касб эгасининг меҳнатини, пешона терини қадрламаслик нонкўрлик билан баробар, деган фикрга келасиз.

Яқинда бир воқеага гувоҳ бўлдим. Чақалоғини болалар аравачасида сайрга олиб чиққан келинчак катта йўл четидаги чиқиндихонага яқинроқ келиб, елимхалтадаги болалар таглигини узоқдан улоқтирди-да, йўлига кетди. Чиқиндихонанинг яқинига йўлагиси ҳам келмади. Отанинг ёки онанинг ўзи чиқиндини белгиланган жойларга ташлаш маданиятини тушунмаса, билмаса, билса ҳам амал қилмаса, боласи амал қилармиди?

Масъуллар томонидан катта йўл четларига қўйилган катта чиқинди идишларни бир кузатинг, тўлиб-тошиб кетади. Бир нарсага ҳайрон қоламан, ўзи улар нега катта йўл бўйига ўрнатилган?! Одамлар чиқинди ҳидидан мириқиб, тўйиб-тўйиб нафас олиши учунми?! Масалан, Чилонзор тумани Муқимий кўчаси бўйлаб юрсангиз, шундай хаёлга борасиз. Йўлдаги бунақа йўл-йўлакай чиқиндихоналар ободонлаштириш ходимлари пешонасининг шўри аслида. “Тоза ҳудуд”нинг тезкорлик билан чиқиндийиғар машиналари чиқинди тўла идишни бўшатади. Ён-атрофга итқитилган нарса-буюмлару ҳар турли чиқиндиларни ободонлаштириш ходималари йиғиб-тозалашади. Иши-да, қилади-да, дейишга шошилманг! Инсоф билан бир фикрланг-чи, улар нонкўрлик билан сиз чиқиндига ташлаган, ярим-чала ейилгану айниган егуликлар, меваларнинг пўчоғигача йиғишга мажбурми шунчалар?!

Энг ғалатиси, кўп қаватли уйларда яшовчи ҳамшаҳарларимиз бунга етарлича бефарқ. Чиқиндихонанинг уйи яқинида бўлмаслиги уларга ҳам қулай бўлса керак-да! Кўп қаватли уйларининг кириш йўлаклари атрофи озода-тоза, ҳатто гулу райҳонлар ҳам экилганига нима дейсиз?! Демак, бу одамлар фақат ўзларини яхши кўради, шаҳар ичида ўзлари учун озода-ю тоза, тартибли шаҳарча қуриб олишган гўё! Бурнидан нарисига қарашмайди ҳам!

Шу ўринда яна бир гап. Авваллари пойтахтимизда жамоат ҳожатхоналари кўп бўларди. Ҳозир ҳам бор, лекин талаб даражасида етарли эмас! Иш жойи кўча-кўй бўлган пойтахт ободонлаштириш бошқармаси ходимлари учун ана шу имконият яратиб берилиши зарур.

Ҳеч бўлмаганда, пойтахт вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ ёки яқин туманларидан, хусусан, Чиноз туманидан пойтахтга қатнаб ишлаётган, уйидан эрта саҳарлаб чиқиб, қош қорайганда кириб борадиган ходимлар учун иш жойидан автобус ажратилиши керак.

Ўзи ошиб борса бир ярим миллион сўм маош оладиган ободонлаштириш ходимлари ўзлари ёллаган буюртма автобуслар учун ойига 200-250 минг сўмгача йўл ҳақи тўлашмоқда. Ўша эски автобуслар ҳам бузилмасдан, муаммо чиқмасдан ишлаб турса, қанийди. Лекин доим ҳам бундай бўлмайди, ишчилар ярим йўлда қолиб кетган пайтлар ҳам бўлиб туради.

Уларнинг одамга ўхшаб тушлик қилиши учун ҳам шарт-шароитлар яратилиши керак! Қишнинг совуқ кунларида уйидан олиб келган тушлигини бирон панароқ жойда енгилгина тамадди қилиб, совуқ демай, иссиқ демай ҳалол меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз, ака-укаларимиз сўраганимизда минг истиҳола билан бу ҳақда гапиришди. Аслида улар айримларимиз каби ношукур эмас. Ҳаётининг ҳар бир кунидан рози.

Кўпчилигимиз масофавий тизимда ишлаган ёки уйда совуқдан эриниб ўтирган вақтимизда ободонлаштириш ходимлари ҳалол касбига садоқат билан дам олмай ишлашди.

Шу ўринда бир таклиф — чиқинди ташлаганларга жаримани катта қўйиб, шундан келадиган моддий фойдани ободонлаштириш ходимларининг ижтимоий аҳволини яхшилашга йўналтириш керак.

Тўғри, ободонлаштириш ходимлари учун Ҳукумат қарори билан овқатланиш учун компенсация ва ободонлаштириш соҳасидаги узлуксиз умумий иш стажи учун ҳар чораклик мукофот тўланади. Лекин Тошкент шаҳрининг ўзида бир туманда ишловчи ходим бошқа тумандаги ходимга қараганда кам ёки кўпроқ рағбатлантириш олади. Бунинг сабабини ходимларнинг ўзи турлича изоҳлашди. Айтишларича, ишлаётган ҳудудида катта бозорлар бўлган ҳудуддаги ободонлаштириш ходимлари учун кўпроқ имтиёз, байрамларда ҳам яхши рағбатлантириш бўлар экан.

Лекин биз айтган ойлик маоши овқат пули билан қўшиб ҳисоблаганда қўлга тегадиган сумма 1 миллион 200 минг, ошиб борса 1 миллион 500 минг сўмни ташкил қилади. Очиғи, кўча супурадиган супургисигача ўзи сотиб олаётган ёки қишлоқдаги томорқасининг бир бурчагида супургига яроқли ёввойи ўтларни ўстираётганларнинг ҳаёти, муаммолари бугун бировни қизиқтирмайди. Ходимни иш қуроли билан таъминлаш иш берувчининг вазифасига кирмайдими? Бу борада саволларимиз кўп, тайинли жавобни масъуллардан кутиб қоламиз.

Гулбаҳор Ортиқхўжаева,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?