Биринчи халқаро авиация форумига ҳамкорлик учун қудратли платформа сифатид​а қаралмоқда

17:55 19 Февраль 2020 Иқтисодиёт
15860 0

Бугун пойтахтимиздаги “Ўзекспомарказ” мажмуасида “Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum” (UAALF-2020) биринчи халқаро авиация форуми бошланди. Долзарб мавзуга бағишланган мазкур йирик анжуман давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов таъкидланганидек, сайёҳлик соҳаси равнақида транспорт тизимини такомиллаштириш энг муҳим шартлардан бири бўлгани учун ҳам юртимизда авиация соҳасига катта эътибор қаратиляпти.

Бу борада, хусусан, давлат бошқаруви тизимини яхшилаш мақсадида Транспорт вазирлиги ташкил этилди, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибий жиҳатдан бир-биридан мустақил бўлган иккита — “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” компанияларига ажратилди. Айни чоғда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб “Қарши”, “Нукус”, “Термиз” ҳамда “Бухоро” халқаро аэропортларида “Очиқ осмон” режими жорий қилинди. Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалга оширишни ташкил этиш юзасидан қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда.
 

Хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш доирасида сўнгги уч йилда республикамизга қатновларни амалга оширувчи чет эл авиакомпаниялари сони 15 тадан 23 тага етди.

Ўтган давр мобайнида “ИрАэро”, “FlyDubai”, “Zagros Airlines” сингари авиакомпанияларнинг мамлакатга янги йўналишларда доимий қатновлари йўлга қўйилган бўлса, “Zhejang Loong Airlines Co. Ltd.” ва “Atlasglobal” авиакомпанияларининг чартер рейслари очилди.
 

Аэропортларнинг ҳолатини яхшилаш учун ҳам бир қатор йирик инфратузилма лойиҳаларини бажариш режалаштирилган. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлагини қуриш натижасида аэропортнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 500 нафар йўловчидан 1500 нафар йўловчига кўтарилади. Германиялик мутахассислар иштирокида Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш натижасида йўловчиларга хизмат кўрсатиш қобилияти йилига 4 миллиондан 7 миллионга ортади. “Термиз” халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагини қуриш, “Андижон” аэропортини реконструкциялаш натижасида барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имкони яратилади, амалга оширилаётган қатновлар сонининг 2-3 баробарга ортишига олиб келади.
 

Биринчи халқаро авиафорумнинг ўтказилиши мамлакатга етакчи хорижий авикомпанияларни жалб этишга кўмаклашади, республика авиация транспорти соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятини батафсил хабардор қилишда катта аҳамиятга эга. Айни чоғда мамлакатимиз ҳаво йўллари ва аэропортларининг инвестициявий ҳамда иқтисодий имкониятларини янада кенг очиб беради, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини самарали ривожлантиришга хизмат қилади.

Унда хорижий давлатлар транспорт вазирликлари раҳбарлари, фуқаро авиацияси ва аэропортлари бошқаруви, етакчи халқаро ва чет эл авиакомпаниялари мутасаддилари, соҳа мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашмоқда.
 

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия, Кувайт, Миср, Россия, Хитой, Жанубий Корея каби кўплаб давлатлардан 60дан зиёд экспонент, 300 делегат ва 1200 нафар мутахассис жалб этилгани бунинг тасдиғидир.Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмини ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан БААдан жалб этилган “Fair Exhibition Organizes”(FEO) компанияси билан ҳамкорликда ўтказиляпти.
 

Икки кунлик тадбирга “Boeing” ва “Jetcraft” (АҚШ), “Air Charter Service” (Буюк Британия), “Bombardier Business jets” (Канада), “TLD” (Ҳиндистон), “Luftansa Consulting” (Германия), “EGIS” (Франция), “ATR” (Испания), “Kuwait Airways” (Кувайт), “Air Arabia” ва “BGT Events” (БАА), “Gulf Air” (Баҳрайн), “Korean Air” ва “Asiana Airlines” (Жанубий Корея), “Azerbaijan Airlines” (Озарбайжон), “Aeroflot” ва “IrAero” (Россия), “Al Masriya” (Миср), “Zagros Airlines” (Эрон), “Pegasus Airlines” ва “Turkish Airlines” (Туркия), “Mitsubishi Corporation” (Япония),“Air Astana” (Қозоғистон) каби дунёнинг 180 га яқин компания ташриф буюрган. Уларнинг вакиллари форуми доирасидаги ялпи сессияларда иштирок этишяпти.
 

Сессияларда эса кўплаб халқаро экспертлар чиқиш қилиб, соҳага оид энг сўнгги тенденциялар, тажрибалар билан ўртоқлашмоқдалар.
 

Умуман олганда, ушбу тадбир ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун қудратли платформа сифатида майдонга чиқиши шубҳасиз. Зеро, Халқаро авиафорум кун тартибидан кўплаб юқори даражали учрашувлар, конференциялар, кўргазма ҳамда қизиқарли тақдимотлар жой олган. Бинобарин, у мамлакатимизда фуқаро авиацияси, туризм, сервис хизматлари кўрсатиш инфратузилмаларини замон талаблари даражасида такомиллаштириш, модернизация қилиш, илғор кадрлар етиштириш, пировардида юртимизнинг жаҳон аренасидаги имижини янада юксалтиришда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
 

C.ҚОСИМЖОНОВ,
Ҳ.ПАЙДОЕВ(суратлар)
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?