Бир тонна чигитни қайта ишлаш харажатлари ўртача миқдори 5,2 миллион сўмни ташкил этади — «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси

17:01 07 Октябр 2021 Иқтисодиёт
477 0

Архив сурат

Ўзбекистон аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган йиллик эҳтиёжи 483 минг тоннани ташкил этади. Мазкур миқдорнинг 251 минг тоннасини маҳаллий хом ашё, 45 минг тоннасини импорт хом ашёси ҳисобига ишлаб чиқарилган ўсимлик мойи ҳисобига қопланади, шунингдек йилига ўртача 187 минг тонна импорт қилинган тайёр ўсимлик мойи аҳоли истеъмоли учун йўналтирилади.

Бу ҳақда «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси томонидан «Аҳолини ўсимлик мойи билан таъминлаш, нарх барқарорлигига эришиш – долзарб масала» мавзусида матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, республикамизда истеъмол қилинаётган ўсимлик мойининг 230 минг тоннасини кунгабоқар мойи, 203 минг тоннасини пахта мойи, 48 минг тоннасини зиғир, пальма, махсар, зайтун ва бошқа мойлар ташкил этади.

Мамлакатимизда 500дан ортиқ йирик ва кичик ёғ-мой корхоналари мавжуд бўлиб, шундан 300 таси саноат корхоналари, 200дан ортиғи кичик корхоналар ҳисобланади. Корхоналарнинг мойли хом ашёларни қайта ишлаш йиллик қуввати 4,3 миллион тоннани ташкил этади, жумладан, 3,3 миллион тонна пахта чигитини ҳамда 1,0 миллион тонна соя, кунгабоқар ва бошқа турдаги хом ашёларни қайта ишлаш қуввати мавжуд.

Ўтган асрнинг 90 йилларида асосан пахта чигити қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунга келиб соя, кунгабоқар ва бошқа турдаги хом ашёларни қайта ишлаш ҳажми бир неча ўн баробарга кўпайди. Агарда маҳаллий шароитда 2019 йилда 44,3 минг тонна хом ашё етиштирилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 46,1 минг тоннани ташкил қилди. 2021 йилда 305 минг гектар майдонда соя, кунгабоқар, махсар етиштириш ҳисобига 363 минг тонна ҳосил жамғарилиши кўзда тутилмоқда.

Пахта чигитининг ҳозирги нархидан келиб чиқилса, 1 тонна чигит ва уни қайта ишлаш харажатлари ўртача миқдори 5,2 миллион сўм, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархи 5,5 миллион сўмни ташкил этади. Шунда 1 тонна пахта чигитини қайта ишлашда 1 килограмм пахта ёғини 16 минг сўмдан, 1 килограмм шротни 3,6 минг сўмдан, 1 килограмм шелухани 3,3 минг сўмдан сотганда корхона 300 минг сўм миқдорида фойда кўради холос.

Анжуманда ички бозорда ёғ-мой маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 29 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Натижада 2021 йил 1 майдан 31 декабргача Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя донини олиб кириш ҳамда ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг 27 октябридаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги фармони иловасининг 7-бандига асосан бундан буён пахта техник чигитини тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари)да қайта ишланган маҳсулотлар тегишли гигиеник хулосаси ва мувофиқлик сертификатларига эга маҳаллий корхоналарга биржа савдолари орқали реализация қилинади. Бу эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмининг ошишига ва унинг сифати янада яхшиланишига хизмат қилади.

Ушбу фармон кучга киргунга қадар пахта чигитини харид қилаётган бир қатор корхоналар хом ашёни тўлиқ циклда технологик жиҳатдан чуқур қайта ишлаш имконига эга бўлмаган. Шу боис йилига кунжара таркибида 20-25 минг тонна пахта мойи йўқотилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?