«Бир неча сонияга кеч қолганимизда биз ҳам ўлган бўлардик»: Исроил Ғазодаги хонадон ҳамда шифохонани бомбардимон қилди

Исроил ҳарбийлари Хон-Юнис шаҳридаги хонадонни бомбардимон қилиши оқибатида беш нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.
Маълумотларига кўра, мазкур ҳужум оқибатида беш нафар фаластинлик ҳалок бўлган ҳамда бир неча киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, Исроил аскарлари асосан ҳудуддаги турар-жой биноларини йўқ қилишга ҳаракат қилган.
Шунингдек, 13 апрель, якшанба куни Исроил ҳарбийлари Ғазонинг «Al-Ahli» касалхонасини ҳам ўққа тутган. Ушбу ҳужум оқибатида шифохонадаги фаластинликлар бемор яқинларини олиб, ҳудуддан қочишга уринишган.
Воқеа қатнашчиси фаластинлик Юсуф Абу Сакран «Al Jazeera» билан бўлган суҳбатда ҳолат ҳақида ўз кечинмаларини айтиб ўтди.
Юсуф яраланган фарзанди ва рафиқаси билан касалхона ҳудудидаги чодирда ухлаб ётган маҳал, баланд қичқириқ овозларидан уйғониб кетган. Маълумотларга кўра, Исроил ҳарбийлари шифохона ён атрофидаги маҳаллий аҳоли вакилларига телефон қилиб, зудлик билан тиббий муассасадаги барчани чиқариб юбориб, касалхонани бўшатишни талаб қилган.
29 ёшли ота вазиятни тушуниб, беш яшар ўғли Муҳаммадни кўтарганча рафиқаси билан шифохона дарвозаси томон югурган.
«Муҳаммаднинг танасида оғир жароҳатлар бор эди. Жумладан, орқа ва оёқларида учинчи даражали куйишлар мавжуд. У оғриқдан йиғларди. Фарзандимнинг белидан қон оқаётганини ҳам ҳис қилдим. Шундай бўлсада, мен оиламни қутқаришга мажбур эдим. Шифохона дарвозаси томон югуришда тўхтамадим», — дейди фаластинлик ота.
Кучли ваҳима ва саросима натижасида кўплаб беморлар жиддий жароҳатлари бўлишига қарамай шифохонани тарк этишга ҳаракат қилишган. Айрим беморларнинг яралари очилиб кетиб, янада оғир аҳволга тушиб қолган.
«Мен оилам билан касалхона ҳудудини тарк этишга улгурдик. Орадан бир неча сония ўтар-ўтмас иккита ракета келиб шифохонани вайрон қилди. Аёлимга қараб, агар бир неча сонияга кеч қолганимизда биз ҳозир ўлган бўлардик, дедим», — дейди Юсуф Абу Сакран.
Исроилнинг Ғазо ҳудудларидаги муҳим объектларга йўллаётган тўхтовсиз зарбалари оқибатида мамлакатдаги соғлиқни сақлаш тизими аллақачон издан чиққан.
Ғазога киритилиши керак бўлган инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон ҳамда тиббий буюмлар Исроил тақиқи туфайли ҳудудга киритилмаяпти. Натижада маҳаллий аҳолининг аҳволи янада оғирлашиб, энг зарур бўлган бирламчи эҳтиёжларни ҳам қондириш мушкул ишга айланган.
«Al-Ahli» шифохонаси директори Фадел Наимнинг таъкидлашича, Исроил ҳукумати касалхона ходимларига беморларни эвакуация қилиш учун етарлича вақт бермаган. Шифокорнинг қўшимча қилинишича, Исроил ҳарбийлари мамлакатдаги муҳим тиббий объектлар, жумладан, фавқулодда вазиятлар, радиология, лаборатория ва марказий дорихона бўлимларини ҳам йўқ қилган.
«Бизга касалхонани тиклаш учун ҳафталар ёки ойлар керак бўлади. Ушбу шифохона хизмат кўрсатиш маркази бўлиб, барча зарур жиҳозларни, шу жумладан мамлакатдаги ягона компьютер томографиясини ўз ичига олади. Беморлар ва ярадорларнинг тақдири ҳозирча номаълум. Биз уларни бошқа шифохоналарга тарқатишимиз керак, аммо ҳеч бир шифохона тўлиқ хизмат кўрсатиш учун жиҳозланмаган», — дейди шифокор Фадел Наим.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг