Бир неча мамлакат туҳфасига тенг хазина
Бухоро хони Абдулазиз Муҳаммадхон (1645 — 1681) кўнглида Ҳофиз Шерозий девонини чиройли ҳуснихатда кўчиртириш истаги туғилади. Бу мураккаб юмушни бажариш ўша даврнинг моҳир хаттоти Ҳожи Ёдгор зиммасига юкланади.
Хаттот ишга киришади. Сабр-тоқат, қунт, юксак маҳорат ва дидни талаб қилувчи бу юмушни у етти йил ичида адо этади.
Аждодларимиз ўша замонларда ҳам худди ҳозиргидек қўни-қўшничилик, биродарлик алоқаларини ўрнига қўйишган. Абдулазиз Муҳаммадхон қўшни Эрон давлатига элчиларини жўнатар бўлади-ю ушбу давлат ҳукмдори Шоҳ Сулаймон Сафийга аталган қимматбаҳо совғалар қаторига Ҳожи Ёдгор томонидан кўчирилган Ҳофиз Шерозий девонини ҳам қўшади.
Манбаларда айтилишича, Шоҳ Сулаймон Сафийнинг кўзига совғалар орасидаги китоб чўғдек кўринади. Ҳукмдор хаттотлик санъатининг нозик намунаси саналган бу девонни қўлига олар экан, унга «Бир неча мамлакат туҳфасига тенг хазина», дея баҳо беради.
Ҳа, китоб — бебаҳо хазина. У ҳеч қачон ўз қадру қимматини йўқотмайди. Биз давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида ўтказилган «Китоб — билим манбаи» деб номланган тадбирда талабалар онгу шуурига юқоридагига ўхшаш ҳаётий мисолларни сингдиришга ҳаракат қилдик. Бўлғуси рус тили ва адабиёти фани мутахассисларини миллий маданиятимиз тарихига оид ибратомуз мисоллар билан «қуроллантириш»га интилдик. Токи, уларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқлари янада кучайсин, билимларига билим қўшилсин. Эртага педагог сифатида иш бошлаганларида ёшларни ҳам баҳоси йўқ хазина — китобни қадрлашга ундашсин.
Замира САЛИХОВА,
Бухоро давлат университети рус тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг