Бир келиб кетинг Учқўрғонимизга
Тянь-Шань тоғларининг осмонўпар чўққиларидаги қору музликлардан ҳосил бўлган жилғалардан қўшни Қирғизистон оралаб Сирдарёнинг энг катта ирмоғига айланмиш Норин дарёсининг сувлари минг дардга шифо. Учқўрғонни болалари қишда ялангоёқ чопадиган, қиз-йигитларининг ғайрати юрагига, кучи билагига сиғмайдиган маскан , деб таърифлашади. Нозик хилқат аёлларимиз ҳам қўлидан келган юмушни бажариб жамият ривожида фаол, йигитларининг тошни талқон, кўксини қалқон қиладиган шавқи, завқи бор. “Ўн ишнинг чироқчиси бўлгунча, бир ишнинг устаси” бўл деганларидек туман аҳли ҳар соҳада етакчи.
Форель балиғи ҳам тотли, ҳам парҳезбоп
Мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантириш бўйича бошланган кенг кўламли ишлар Учқўрғонда ҳам қанот ёзди. Бу ерда фаолият олиб бораётган “балиқчилик вилласи”га ташриф буюрсангиз, унинг соҳиби ростдан ҳам олтин балиқ тутиб олган, деб ўйлайсиз. Халқ ичида “Хонбалиқ”, “камалак”, “мармар” деб талқин қилинадиган форель балиғини етиштириш билан шуғулланаётган корхонадаги ишлардан ҳайратингиз ортади. «DB Group Eco» корхонаси Президентимиз Наманган вилоятига 2018 йилдаги ташрифи чоғида лойиҳа сифатида тақдим қилинганди. 2019 йилдан амалий ишга киришилди. Унинг лойиҳа қиймати 40 миллиард сўмга тенг бўлиб, шундан 28 миллиарди банк кредити, 12,5 миллиарди эса ташаббускорнинг маблағидир. МЧЖ тасарруфидаги 5 гектар жойда увулдириқ ва чавоқлар етиштириш учун ёпиқ сув ҳавзалари ҳамда 66 та очиқ ҳовузлар барпо этилган. Атрофдаги маҳаллалар аҳли учун 100 та иш ўрни яратилган.
— Дастлабки йили бизга ажратилган 20 гектар майдоннинг 5 гектарида иш бошлагандик, — дейди корхона таъсисчиси Азизбек Даминов. — Кейинги йилдан Даниядан балиқ увулдириқларини олиб келиб ҳовузларга ташладик. Орадан бир ярим йил ўтиб ўтмай илк маҳсулотни олдик. Лойиҳамизда йилига 2 минг тонна форель балиғини етиштириш режа қилинган. Ҳозир республиканинг йирик савдо тармоқларига балиқ етказиб бериш билан шуғулланяпмиз. Алоҳида ишлаб чиқариш цехимиз ҳам бор. Унда форель музлатилган, шунингдек, совуқ ва иссиқ дудланган, филе ва кам тузланган ҳолатда ички бозорга чиқарилмоқда. Омадимиз келгани Учқўрғон табиати, хусусан, мўътадил ҳавоси балиқ етиштириш учун жуда мос. Бу ҳам бизга ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ёрдам беряпти. Норин дарёсидан сув оламиз.
Корхона фаолияти билан танишарканмиз, бу ерда лосос балиғи ҳам етиштирилишига гувоҳ бўлдик. Форель ҳам, лосос ҳам анча ноёб балиқлар турига киради. Қолаверса, ҳар иккиси ҳам жуда нозик, фақат маълум шароитдагина ўсиб кўпаяди.
— Ҳудудимизнинг ўзига хос жиҳати “хонбалиқ” деб аталадиган форель табиий шароитда ҳам учрайди. Балиқчиларимиз овлаб туради, — дея сўзида давом этади Азизбек. — Уни оммавий равишда боқишни йўлга қўйганмиз. Бу маҳсулот ҳар бир хонадон дастурхонига етиб бормоқда.
Корхонада балиқларни Европа тажрибасига асосланган ҳолда интенсив усулда етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Увулдириқлар ҳамда озуқа бу ерга Дания ва Германиядан келтирилади.
Саноат синоатлари
Бугунги кунда Учқўрғондаги енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар сифати ва замонавийлиги жиҳатидан ҳар қандай хорижий давлатники билан беллаша олади. Буни масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Uztex-Uchkurgan» Ўзбекистон – Буюк Британия – Сингапур қўшма корхонасининг фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Унинг ип йигирув ва тўқув комплекси «Uztex-Uchkurgan» ва «Uchkurgan Tехtile» заводларини ўз ичига олган бўлиб, илғор технология асосида пахта ва аралаш толадан калава ип, қатланган ип, момиқ мато ва тайёр кийимлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Салкам 16 гектар майдонни эгаллаган муҳташам корхонанинг қурилишига, янги замонавий технология ва жиҳозларни сотиб олишга қарийб 120 миллион доллар маблағ йўналтирилган. Мажмуа йилига 12 минг тонна калава ип ҳамда 3 млн. дона трикотаж маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлиб, бу ерда 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Туманнинг “Фаровон” маҳалласидаги “Зарафшон текстил“ масъулияти чекланган жамияти ҳам икки йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу корхона 400 нафар фуқарони иш билан таъминлади. Уларнинг асосий қисми хотин-қизлардан иборат. Иш жойидаги шароитлардан мамнун, қўли-қўлига тегмайди. “Зарафшон текстил“ жамияти келгусида ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозоридан ўрин олиб, экспорт салоҳиятини оширишни мақсад қилган.
Қишин-ёзин сархил қулупнай
“Таомнинг тозасини еган инсон гапнинг ҳам тозасини гапиради”, деган ҳикмат бор. Туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини экологик тоза ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда аҳоли томорқалари, боғлар, очиқ ер майдонлари, иссиқхоналардан оқилона фойдаланилмоқда. Масалан, жойлардаги миришкорлар қулупнайни ерда эмас, балки гидропоника усулида етиштиришни йўлга қўйган. Илғор усулни қўлланиб, йил ўн икки ой мева олиш мумкин.
Тадбиркор Умиджон Иброҳимов 2 гектарлик иссиқхонасида 400 минг туп қулупнай кўчатлари гидропоника усулида парваришламоқда. Саккиз хил навнинг ҳар тупини 3 доллардан Кореядан олиб келган. Изланувчан меҳнат ўз натижасини кўп куттирмади. Август ойидан мева бера бошлади. Томчилатиб суғориш технологиясига ўтилгани сувни тежаш баробарида ҳосилга ҳосил қўшиб, даромадни оширишга хизмат қилмоқда. Уста деҳқон 9 та иссиқхона корпусида ташкил этган қулупнайчилик тармоғидан турли солиқ ва чиқимлардан ташқари 500 миллион сўм соф фойда олмоқда. Бу Президентимиз илгари сурган “Сайхунобод тажрибаси”нинг Учқўрғондаги амалдаги намунасидир.
— Биз иссиқхонамиздаги фаолиятни 2011 йилда бошлагандик, — дейди У.Иброҳимов. — Ўшанда август бошида эккан кўчатларимиз 70 кунда пишди. Ҳосилни 7 ой давомида териб, сотиш мумкин. Бу ердаги қулупнай кўчатлари Ҳиндистондан олиб келинган биогомусга экилиб, тежамкор технологиялар асосида турли кимёвий ўғитлар билан парваришланади. Эндиликда кўчатлар шу жойнинг ўзида тайёрланмоқда. Бу ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш, иқтисодий самарадорликка эришишга замин яратяпти. Корхонамизга 15 нафар доимий, 15 нафар мавсумий ишчилар жалб этилган.
Яна бир миришкор Умаржон Нурмаматов кўп тармоқли хўжалик соҳиби . У маиший хизмат кўрсатиш соҳасидан бошлаб, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик ва иссиқхоначалик каби йўналишларда фаолият юритиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Аслида бу ишларнинг асосчиси – отаси. Умаржон ҳам ота ёнига кириб, қўл-қанот бўлиб турибди. Меҳнати ва азм-шижоати уни қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишбилармонлардан бирига айлантирди. Ҳозирги кунда у иссиқхонада серҳосил қулупнай ва булғор қалампирларини етиштирмоқда. “Иш йўқ” деганга иш йўқ, ишини севганнинг эса бўш вақти йўқ.
— Кўчатларимиз ерга экилган кўчатга нисбатан оз касалланиши ва самарадорлиги юқорилиги билан аҳамиятли, — дейди тадбиркор. — Улар етилиши учун фасл танламайди, мевалари йирик-йирик ва узлуксиз равишда пишаверади. Корея технологиялари асосида томчилатиб суғориш орқали кўчатларга зарурий озуқа ва минераллар сув орқали етказилади. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам сувнинг, ҳам суспензиянинг тенг тақсимланишига ёрдам беради. Озуқани сувдан, меҳрни биздан олади.
Бундай усулда қулупнай етиштириш одатдагидан кўра мўл ҳосил беради. Маҳсулотлар маҳаллий бозорлар каби хорижий бозорларни ҳам эгаллаб бормоқда. Ҳозирда қулупнайнинг килоси 100-150 минг сўмдан сотиляпти. Наманган вилоятида бир йилда 1200 тоннадан ортиқ қулупнай етиштирилади. Унинг асосий қисми, яъни, 800 тоннадан ортиғи Учқўрғон тумани ҳиссасига тўғри келади.
Дўстлик мангу бўлса...
Эрта тонгда гўдакларимиз карнай-сурнай товушлари билан уйғонди. Узоқ йиллар орзу қилинган Қирғиз ва Ўзбек чегаралари очилди. Бунга қадар ака Қирғизистон, сингил Ўзбекистонда яшаб, тўй-маъракаларда бир-бирининг уйига бориш муаммога айланиб қолганди. Бир пайтлар маҳаллаларимизда қўшниларнинг деворларида ҳам ора эшиклар бўларди. Қулф урилмасди. Йўриқларда қозон қўши ҳовлида қайнарди. Бу ҳол қўшни давлатлар билан ҳам ўхшаш кўринишда бўлган. Норин дарёси устидаги Учқўрғон ва Қизил-Жарни боғлаб турган кўприк иккита қўшни миллатга хизмат қиларди. Шанба кунлари Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари, ҳатто қўшни давлатлардан оларманлар Жаҳон бозоримизга оқиб келарди. Бозор атрофидаги айрим хонадонлар жума оқшомларидан меҳмонлар билан тўларди. Ижара ҳаққи ҳам олинмасди. У кунлардаги оқибатларни одамлар соғинмаганми?
Шуни алоҳида мамнуният билан айтиш Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик ва биродарлик сиёсати туфайли “Учқўрғон – Кенгсай” автойўл ўтказиш пунктлари қайтадан замонавий тарзда қурилиб, фойдаланишга топширилгани тарихий воқелик касб этди. Бундан ҳар икки халқ беҳад хурсанд.
— Мен бу кунларни 15 йилга яқин кутдим. Ўзим Шамолдисойданман, — дейди “Ёғду” маҳалласида истиқомат қилувчи Дилафрўз Абдураззоқова. — 37-умумтаълим мактабида рус тили фанидан дарс бераман. Ўзбекистонга келин бўлиб тушганимга 25 йил бўляпти. Уч нафар фарзандим бор. Шунча йилдан буён ўзбеклар билан бир осмон остида яшаб келяпман. Юртимга тез-тез боргим, қариндошларимни кўргим келарди. Шундай вақтлар бўлдики, қишлоғимдан уйим кўриниб турса ҳам, чегарадан ўтиш доим муаммога айланган. Энди бу ташвишлар ариди. Мактабимиз чегара ҳудудида жойлашган. Билим масканимизда бир қатор миллат вакиллари, шу жумладан, қирғиз миллатига мансуб ўқувчилар ҳам таҳсил олади. Ҳар икки дўст элларнинг узоғини яқин, мушкулини осон, соғинч яралари битишига хизмат қиладиган бу янги чегара маскани Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаларига кириш-чиқишни 500 километрга қисқартирди.
Чегара постларининг очилиши икки давлат ва халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларининг тикланишига катта имконият яратди. Нафақат Наманган вилояти, балки Фарғона водийси учун икки томонлама ҳамкорлик эшиклари баралла очилди. Логистика, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланади. Одамлар учун қўшимча даромад манбаи, янги иш ўрин вужудга келмоқда.
Булар Наманганнинг олис Учқўрғон туманидан кичик лавҳалар. Ўзингиз гувоҳ бўлай десангиз, ислоҳотлар жўшқин тус олган гўшага келинг. Қишнинг қаҳратонида ҳам дастурхонга қулупнай қўйишади.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг