Бир келиб кетинг қишлоғимизга...

16:03 25 Апрель 2025 Жамият
51 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Шаҳрисабз туманининг Улоч маҳалласи ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдида ҳудуднинг гўзал манзараси жонланади. Бир томони Ҳисор тоғ тизмаларига туташиб кетган, бир ёни ҳамиша серсув ва сершовқин «Оқдарё» дарёси соҳиллари бўйлаб чўзилган, қалин дарахтзорлар билан қопланган бу маҳалланинг мафтункор табиати, ёзда ҳам салқин ва тоза ҳавоси ҳар қандай одамни ўзига мафтун этади. Бир қарашда ана шундай гўзал табиат қўйнида яшаётган инсонларга ҳаваси келади кишининг. Бироқ бу ернинг ҳам ўзига яраша муаммолари, қийинчиликлари йўқ эмас. Масалан, бандлик соҳасида.

Айни пайтда маҳалладаги 774 та хонадонда 3600 дан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг бир қисми ҳудуддаги ижтимоий соҳа муассасаларида ишлашади. Тадбиркорлик субъектларидан битта ғишт заводи ва битта меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, кичик савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган, фермер ва деҳқон хўжаликларини юритаётган, томорқачиликдан яхши даромад топаётган хонадонлар бор. Жумладан, шу маҳаллалик Нўмон Худойқулов ўзининг 12 сотих томорқасида малина етиштиришни йўлга қўйган.

Деҳқоннинг айтишича, ҳудуднинг иқлим-шароити малиначилик учун жуда қулай. Шу боис ҳам нафақат Улоч, балки қўшни Мираки, Полмон, Чоршанбе маҳалларида ҳам малиначилик янги тармоқ сифатида ривожланиб бормоқда.

— Малина шифобахш мева, — дейди у. — Даромади яхши, бозорда доимо талаб бор. Қолаверса, ерларимизнинг унумдорлиги, ҳавонинг софлиги ҳам малиначиликка мос. Бундан яхши даромад топяпмиз.

Улочлик яна бир миришкор Ботир Юсупов томорқасидаги икки сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, қулупнай етиштирмоқда. Дилноза Ҳамраева тикувчилик, Фароғот Зиёдуллаева новвойлик билан шуғулланиб, яхши даромад топяпти.

Табиийки, фақат шуларнинг ўзи билан ҳудуддаги бандликка оид муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Бунинг учун маҳаллада янги-янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг ўзини ўзи банд қилиш қамровини ошириш зарур.

Президентимиз ташаббуси билан Мираки туристик зонасининг барпо этилиб, ҳудудга сайёҳлар оқимининг ошиши «Шаҳрисабз — Мираки» йўналишида жойлашган Улочда ҳам агро ва экотуризмни ҳудуднинг драйверига айлантириш имконини бермоқда.

Айни пайтда маҳалланинг тепа қисмидаги адирлик бағридан 500 гектар лалми ер майдони ўзлаштирилиб, у ерда узумзор ва боғ ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳага Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида Германия ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ)нинг 700 минг евро гранти ҳамда вилоят маҳаллий бюджетидан 4,8 миллиард сўм ҳамда Республика товар хом-ашё биржаси томонидан 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

— Ҳозирги кунда бу ерга 13 километр масофадан қувур орқали сув тортиб келиниб, намунавий асосда экспортбоп узум ҳамда мевали боғ ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Лазиз Раҳматов. — Ушбу боғда йилига 7500 тонна маҳсулот етиштирилиб, унинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.

Яна бир жиҳати, боғда агротуризмни йўлга қўйиш учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилади. Бунинг учун мажмуа ҳудудида замонавий меҳмонхона, овқатланиш, дам олиш мажмуалари, чорва комплекслари барпо этилмоқда. Мажмуа тўлиқ ишга туширилгач, бу ерда минг нафар доимий ҳамда уч минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Бу ҳудуддаги кўплаб фуқаролар энди маҳалланинг шу ернинг ўзида иш билан таъминланади, деганидир.

— Аҳолининг ўзида ҳам туризм хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишга қизиқиш ошиб бормоқда, — дейди Лазиз Раҳматов. — Айни пайтда уч нафар маҳалладошимиз уй меҳмонхоналари ташкил этиш ҳаракатида. Яна бу ишга қизиқиш билдираётганлар кўп. Чунки бу йилдан «Мираки» туристик зонасининг ишга тушиб, ҳудудга сайёҳлар оқимининг ошиши маҳалламизда ҳам бу йўналиш яхши даромад келтирадиган соҳага айланишини одамларимиз тушуниб турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?