Бир дастурхон – бир қалб, бир меҳр

12:28 17 Март 2026 Жамият
148 0

Рамазон шукуҳи кезиб юрган шу кунларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик анъаналари янада кенг қулоч ёзмоқда. Бу муқаддас ой инсонларни бир-бирига янада яқинлаштириб, меҳр-мурувват, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини мустаҳкамламоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятининг барча маҳаллаларида «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» деган эзгу ғоя асосида ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда, бир дастурхон атрофида одамлар бир қалб, бир меҳр билан йиғилмоқда.

— Ижтимоий ҳимояга муҳтож вилоятдошларимиз хонадонларида ташкил этилаётган бундай саховат тадбирлари нафақат бир оила, балки бутун маҳалла аҳли учун ҳам қувончли воқеага айланяпти, — дейди «Нуроний» жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдусамад Носиров. — Ифторликларда маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда қўни-қўшнилар иштирок этиб, самимий суҳбатлар қурилади, дуолар ўқилади ва эзгу тилаклар билдирилади. Бу эса одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Худди шундай саховат тадбири Тошкент вилоятининг анклав ҳудудида ҳам бўлиб ўтди. Бекобод шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласида кенг қамров касб этган хайрия тадбирлари «Нуронийлар маскани»да аҳоли учун ёзилган ифторлик дастурхони билан ниҳояланди.

Тадбир аввалида масъуллар ва меҳмонлар ҳудудда жойлашган Қардошлик қабристонига ташриф буюриб, марҳумлар хотирасини ёд этдилар. Шундан сўнг маҳалла идорасида маҳалла ходимлари билан учрашув ўтказилиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳоли мурожаатлари, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

— Ифторлик дастурхони давомида нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда ҳудуд аҳолиси билан самимий суҳбатлар ўтказилди, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бекобод шаҳри бўлинмаси бошлиғи Дилшод Ваҳобжонов. — Тадбир Рамазон ойининг эзгу қадриятларини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Рамазон ойининг файзи билан безатилаётган дастурхонлар атрофида жам бўлган ватандошларимиз ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик туйғуларини яна бир бор чуқур ҳис этаётган бўлсалар, ажаб эмас. Шунинг учун ҳам Рамазон меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойидир.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?