Бир-биримизни мақташ учун келмадик – Озодбек Назарбеков

11:44 25 Январь 2025 Маданият
586 0

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Қорақалпоғистон Республикасида ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 22-23 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида вазирликнинг 2024 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида иштирок этди ва ҳудуддаги маданият, санъат йўналишида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашди. Жумладан, «Вазир ва ёшлар учрашуви» доирасида 200 нафардан ортиқ қорақалпоқлик ёшлар билан жонли мулоқот қилди ҳамда мавжуд муаммоларнинг деярли барчасига ўша ернинг ўзида ечим топилди.

Мисол учун ҳали талаба бўла туриб, ҳашар йўли билан сериал олаётган Муроджон Жумабоевга 100 миллион сўм, роль ижро этиш учун Тошкентдан актёрлар жалб этилиши айтилди. Қолаверса Ёдгор Саъдиев «Шайтанат» сериали олинган камерани шу жамоа ихтиёрига топширишга ваъда берди. Шунингдек, талаба ёшларнинг савол ва таклифларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, олийгоҳлардаги камчиликлар етарлича. Маданият вазири Педагогика университетларида ижрочилик бўйича йўналишлар очилаётгани ва ёш кадрларни «майиб» ҳолатга келтириб қўйилаётганини танқид қиларкан, бунинг барчасини нафс билан баҳолади. Шундай турдаги университетларда ўқийдиган талабаларнинг сўзларига кўра, на ўқитувчилар на техникалар талабга жавоб беради. Ўқувчиларнинг бошқа университетларга кўчирилиши ва амалиёт ўташи кўриб чиқиладиган бўлди.

Шу қаторда Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг Нукус филиали 2025 йилнинг иккинчи ярим йиллигида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда бинода қурилиш ишлари давом этяпти. 300 ўринга мўлжалланган ўқув биноси учун 2024 йилда 27 миллиард маблағ ажратилган. Маданият вазири ҳам ҳудуддаги қурилиш ишлари билан танишди.

Шунингдек, Озодбек Назарбеков 1963 йили қурилган, 2 миллиард 700 миллион сўм маблағ ҳисобидан қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилган Кегейли туманидаги «Халқабад» Маданият марказида бўлди. Унда нутқ сўзлаган вазир ҳозирги глобал даврда маданиятнинг нақадар муҳим эканлигига урғу қаратди.

«Ҳозир маданиятларга қарши таҳдид бошланди. Энг хавотирлиси бу эркинлик шамоли остида кириб келмоқда. Онг остида бузғунчи ғояларни тиқиштириш ва унинг орқасидан катта-катта ресурслар ажратиш билан катта институтлар шуғулланади, олимлар бош қотиришадики, қанақа қилиб битта давлатнинг, миллатнинг ичида фитна қўзғасак ёки қарама-қаршиликларни юзага келтирсак, деб турган манфаатдор давлатлар бор. Биз алғов-далғов пайтда омон қолишимиз учун айнан маданият бизни бирлаштиради. Ўзбек ва Қорақалпоқ халқининг орасидан шу вақтга қадар бир сўз ўтдими? Ўтгани йўқ. Нимага энди кимдир ўртамизга тушиб пароканда қилиш керак. Бўлиниб ким обод бўлди? Тўполон билан қайси давлат рўшнолик кўрди?», — дейди вазир. Шунингдек, О. Назарбеков бир пайтлар тинч ва фаровон яшаган, ғаламислар найрангига учиб, бугун ҳалигача ўзига кела олмаётган Ливияни мисол қилиб келтирди.

«Шундай марказлар ташқи таҳдидларга қарши иммунитет яратадиган масканлар бўлсин», — дейди вазир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?