Биоиқтисодиёт — барқарор ривожланиш муҳим бўғини
Фото: “Халқ сўзи”
“Ўзбекистонда биоиқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда инновация, илғор тажриба ва имкониятлардан самарали фойдаланиш” мавзусидаги халқаро симпозиумда Финляндиянинг JAMK университети BioEcUZ лойиҳаси координатори Кирси Кнууттила ёғоч чиқиндисидан тайёрланган, қурилиш ва тиббиёт соҳаларида қўлланилиши мумкин бўлган экологик тоза маҳсулотни намойиш этди.

Бухоро давлат университетида Европа Иттифоқи ERASMUS + дастурининг молиявий кўмагида ташкил этилган тадбир иштирокчиларида нафақат бу, балки, биоиқтисодиёт соҳасида Латвия, Литва, Финляндия каби давлатларда тўпланган тажриба ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш дастурида ушбу масалага жуда катта эътибор қаратилган.Тадбирда сўз олган Бухоро давлат университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов, BioEcUZ лойиҳаси кординатори, Латвия Ҳаёт фанлари ва технологиялар университети фалсафа фанлари доктори Ирина Кулитане ва бошқа хорижий спикерлар ана шуни таъкидлаган ҳолда бу йўналишдаги амалий ишлар хусусида тўхталдилар.

Таъкидлаш ўринлики, Бухоро давлат университетида ҳаёт кун тартибига қўйган соҳалардан бири — биоиқтисодиёт йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу бежиз эмас. Биоиқтисодиётсиз барқарор ривожланишни тасаввур этиш мушкул.
— Маълумки, 2015 йил сентябрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларини ( БРМ ) тасдиқлади ва уни изчил амалга ошириш бўйича қарор қилди, — дейди BioEcUZ лойиҳаси контент координатори, Бухоро давлат университети “Яшил иқтисодиёт ва агробизнес” кафедраси доценти, иқтисодиёт фанлари номзоди М. Орипов. — Мазкур ҳужжатни БМТга аъзо барча мамлакатлар маъқуллаган.У ўзаро уйғун 17 комплекс мақсадларни қамраб олган бўлиб, асосий ният ҳозирги глобал муаммоларни 2030 йилгача бартараф этишдан иборат. БРМ доирасидаги чора-тадбирлар доирасида “яшил энергетика” ва биоиқтисодиёт соҳаларини ривожлантиришга оид чора-тадбирларига алоҳида урғу берилган.
Мамлакатимизда ҳам бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилаяпти.Ўзбекистон учун ноанъанавий бўлган биоиқтисодиёт соҳаларига эътибор кучаймоқда.»Яшил” энергетика, қайта тикланадиган энергия манбалари нафақат илм-фан, балки оддий сўзлашув тилига ҳам аллақачон кириб келди. Хорижий мутахассисларнинг эътироф этишларича, юртимиз бу борада жуда катта имкониятларга эга. Бу имкониятларни юзага чиқариш эса малакали кадрлар тайёрлашга, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва қўллашга боғлиқ. Масалан, Литвада зиғир ишлаб чиқаришга рақобатчи сифатида қаралаётган рапсга устувор аҳамият берилмоқда. Бунда Европа Иттифоқининг биологик ёнилғи ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсати муҳим роль ўйнамоқда. Мазкур давлатнинг Статистика департаменти маълумотларига қараганда, 2005 йилда мамлакатда 201 минг тонна рапс дони ишлаб чиқарилган. Бу кўрсатгич 2020 йилда 900 минг тоннани ташкил этиб, 15 йилда 4,48 марта ўсишга эришилган. Мамлакатда рапсчилик йўналишида чиқиндисиз ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилган. Ҳозир Литвада сотилаётган барча дизель ёнилғиси таркибининг 7 фоизи биоёнилғи аралашмасидан иборат.
Бинобарин, хорижий тажрибани ўрганиш, уни маҳаллий шарт- шароитлардан келиб чиққан ҳолда бойитиш биоиқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш имкониятини кенгайтиради. Халқаро симпозиум шу нуқтаи назардан соҳа ходимлари, ёш мутахассислар учун фойдали бўлди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг