Билмай босдим қадамни...

12:42 04 Ноябрь 2025 Жамият
141 0

Рустам Сайдалиев (исм-шариф ўзгартирилди)ни Қўрғонтепа туманида яхши танишарди. Сабаби, бошқарувидаги трактори билан кўпчиликнинг корига яраган. Топиши ҳам шунга яраша эди. Умуман олганда, тирикчиликдан, рўзғордан муаммоси йўқ эди-ю, бироқ нафсига эрк бериб, йўлдан адашди. Ана шу хато унинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди.

Ҳаммаси Қирғизистон Республикасида яшаётган қариндошлариникига меҳмонга борганидан сўнг бошланди. У ерда тасодифан Ҳоким исмли шахс билан танишиб қолди. Унинг гапи Рустамнинг онгига илк бор «осон пул» ғоясини солди. Ҳоким унга гиёҳванд моддани чегарадан олиб ўтишга ёрдам берса, 300 доллар ҳақ тўланишини айтди. Бу таклиф дастлаб Рустамни иккилантирди. Аммо нафсга берилиш, «атиги бир марта» деган ўйлар унинг қалбидаги ҳалоллик туйғусини енгиб кетди. Шу тариқа ўз тақдирини мутлақо бошқа томонга буришга сабаб бўлган хато сари қадам қўйди. Келишувга кўра, у тунги соатларда Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги чегара ҳудудига етиб борди. Олдиндан белгиланган жойда қўриқчилар узоқлашишини кутди. Шу пайт чегаранинг нариги томонидан пакет улоқтирилди. У пакетни олди, бу ердан жимгина нари кетди.

Рустам пакетни Қўрғонтепа туманидаги “Уч тегирмон” маҳалласидаги олдиндан белгиланган жойга етказиши керак эди. Аммо тақдир унинг режасини бошқача ёзганди. Шу тунда у ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинди.

— Ҳоким менга “мол”ни белгиланган жойга қолдириб кетишимни айтганди, – дейди у суд залида. – Ким олиб кетишини кераклигини билмайман. Лекин била туриб хато қилдим. Бу ишнинг қанчалик хатарлигини англаганман, аммо нафсимга эрк бердим...

Суд унинг қилмишини атрофлича ўрганиб чиқди. Хатти-ҳаракатларининг салбий оқибатларини ҳисобга олди. Натижада 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Гиёҳванд моддалар инсон ҳаётини заҳарлайди. У истеъмол қилганнигина эмас, балки уни тарқатишга қўл урганларни ҳам ҳалокатга етаклайди. Чунки бу йўлда фақат модда эмас, инсонлик, ор-номус, оила тинчлиги ҳам сотилади. Гиёҳвандлик қанчалик хатарли йўлга бошласа, унинг “олди-сотди”си билан шуғулланиш ҳам шунчалик ҳалокатлидир. Бу йўлнинг охирида нафақат қамоқ деворлари, балки виждон азоби, ҳаётнинг ёпилган дарвозаси туради. Рустам Сайдалиевнинг ноўрин хатти-ҳаракати бунга мисолдир.

Нозимжон ПАРПИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа

туман судининг раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?