Билганга тармоқ, билмаганга қармоқ

17:06 24 Ноябрь 2025 Жамият
288 0

Онлайн қимор ва турли интернет ўйинлари орқали молиявий йўқотишлар, ҳатто айрим ҳолларда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Яқинда Фарғона шаҳридаги бир корхона ходимининг пластик картадаги катта маблағи ноқонуний йўл билан олиб қўйилгани юзасидан мурожаат келиб тушди. Одамлар интернетдаги қизиқарли ўйинларга ишониб, мол-мулкларидан айрилмоқда. Фарғона вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасида жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари бу соҳада тинимсиз фаолият юритмоқда. Улар ҳар соатда турли мурожаатлар билан тўқнашади: кимдир пластик картасидан пул олиб қўйилган, кимдир интернетдаги фирибгарлик қуролига ишониб маблағидан айрилган.

Киберхавфсизликка эътибор қаратилишининг аҳамияти катта. Шу боис давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида шу йилнинг ноябрь ойида мамлакатимизда “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” ташкил этилди. Фарғона вилоятида 18 та ҳамкор ташкилот ходимларидан иборат ишчи гуруҳи вилоят ИИБ қошидаги киберхавфсизлик лабораториясида фаолият олиб бормоқда.

— Ҳозирги кунда ҳамюртларимиз интернет ва ижтимоий тармоқларга қаттиқ боғланиб қолган. Кибержиноятлар асосан глобал тармоқ орқали содир этилмоқда, — дейди Фарғона вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Оллоберган Ёқубов. — Шу сабабли тарғибот ишларини ҳам ижтимоий тармоқлар орқали олиб боришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Ойликнинг дастлабки 15 кунида Instagramда 200, Facebook ва YouTube платформаларида 100 дан ортиқ, турли интернет нашрларида 150 маротаба тушунтириш ишлари амалга оширилди. Маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларнинг Телеграм каналлари ва гуруҳларига 500 га яқин огоҳлантирувчи материаллар етказилди. Вилоятда аҳоли билан юзма-юз мулоқот ҳам ташкил этилмоқда. Маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ҳуқуқий тарғибот, давра суҳбатлари, видеороликлар намойиши ва буклетлар тарқатиш орқали киберхавфсизликни ошириш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар марказларида LED экранларида огоҳлантирувчи материаллар қўйилмоқда.

— Содда ва ишонувчан инсон кибержиноятчиларнинг осон ўлжасига айланади, — дейди Фарғона вилояти ИИБ катта инспектори Исмоилжон Шарипов. – Шу боис нотаниш шахсдан келган файлларни ҳеч қачон юклаб олмаслик лозим. Пластик карта рақами, СМС-код ва пароллар ҳақида ҳеч кимга маълумот бермаслик, расмий Play Market ва App Storeдан ташқари дастурларни ўрнатмаслик керак. “iPhone ютдингиз” ёки “2 миллион сўм ютиб олдингиз” каби хабарларга ишониб, вирус тушиши ёки маълумотларингизнинг ўғирланиши мумкин.

Интернет билганга маълумотлар, билимлар манбаи бўлган фойдали тармоқ, билмаганга қармоқ. Шу сабабли бош бориб деворга урилганда эмас, балки ушбу хавфдан аввалроқ огоҳ бўлган ҳамда олдини олган маъқул.  

Ботир Мадиёров

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер