«Беш ташаббус олимпиадаси» ғолибларининг маҳаллаларига спорт майдончаларини қуриб берилмоқда

20:01 27 Июль 2022 Спорт
3895 0

Фото: minsport.uz

Жорий йил 11 апрель куни Президентимизнинг «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган эди.

Ушбу ҳужжат доирасида Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда республикамиз бўйлаб «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида оммавий спорт мусобақалари ўтказилди ва умумий ҳисобда 3 миллион 100 минг нафардан зиёд ёшлар мусобақаларга жалб қилинди. Тўққиз спорт турини ўз ичига қамраб олган мазкур оммавий мусобақаларнинг биринчи босқичи жорий йил 27 июнда ўз якунига етди ва ғолиблар тантанали равишда тақдирланишди.

Мусобақанинг яна бир аҳамиятли жиҳати, унда ғолиб бўлган иштирокчиларнинг маҳаллаларига 3 турдаги спорт майдончаларини қуриб бериш белгиланган. Айни кунларда жойларда мазкур спорт майдончаларини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Шу ўринда спорт майдончаларига қисқача тўхталиб ўтсак. Таъкидланганидек, маҳаллаларда ташкил этиладиган спорт майдончалари 3 тоифага бўлинади. Булар: Универсал спорт майдончаси, «Workout» ва «Streetball» майдонларини ўзида жамлаган болалар спорт майдончаси. Спорт майдончаларини ҳудудларга тақсимлаш, мусобақаларда ғолиб бўлган иштирокчилар эгаллаган ўринлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

«Workout» спорт майдончаси таркибидан «Брус крестик», «Турник ва пресс», «Юриш тренажёри», «Пресс учун ўриндиқ» каби махсус анжомлар мавжуд бўлиб, улар маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли ва ёшлар учун доимий бадантарбия ва соғломлаштириш машқлари билан шуғулланиш имкониятини яратади.

Навбатдаги спорт майдончаси эса «Стреэтбалл» спорти билан шуғулланишга ихтисослашган. Спорт майдонида шунингдек волейбол ва баскетбол спорти билан шуғулланиш учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилган.

Универсал спорт майдончасида мини-футбол ва баскетбол спорт турлари билан шуғулланиш имконияти мавжуд.

Қайд этиш лозим, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги оммавий спорт мусобақаларинг иккинчи фасли жорий йил сентябрь-ноябрь ойларида ташкил этилади ва якунда яна 279та маҳалла юқорида таъкидланган спорт майдонларига эга бўлиш имконини қўлга киритади.

Шунингдек, мамлакатимиздаги барча 208 та туманга ҳам биттадан «Workout» майдончаси қуриб берилиши кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?